1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Таҳоратни мукаммал қилинг!

16:07 / 17.11.2019 4879 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا تَوَضَّأَ فَتَرَكَ مَوْضِعَ ظُفُرٍ عَلَى قَدَمِهِ فَأَبْصَرَهُ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: ارْجِعْ فَأَحْسِنْ وُضُوءَكَ فَرَجَعَ ثُمَّ صَلَّى. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ. وَلَهُ: أَسْبِغِ الْوُضُوءَ وَخَلِّلْ بَيْنَ الْأَصَابِعِ وَبَالِغْ فِي الْاِسْتِنْشَاقِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ صَائِمًا.

«Бир одам таҳорат қилиб, оёғининг тирноқча жойига сув етказмади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб қолдилар ва:

«Қайт, таҳоратингни яхшилаб (мукаммал) қил», дедилар. У қайтди ва сўнгра намоз ўқиди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Таҳоратни мукаммал қил. Панжалар орасига сув етказ ва рўзадор бўлмасанг, бурунга сув олишда муболаға қил», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам таҳоратни яхшилаб қилиш, таҳоратда аъзоларни тирноқча ҳам жойини қолдирмай, яхшилаб ювиш зарурлиги ҳақида сўз бормоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар шариатга қандай амал қилаётганларини зийраклик билан кузатиб туришлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши оёғининг тирноқчалик жойига сув етмай қолганини кўриб ҳам танбеҳ бердилар. Устозлар бундан ўрнак олишлари лозим.

2. Бировнинг қилаётган амалида хато ёки камчилик кўрилса, дарҳол айтиш кераклиги.

3. Аъзоларнинг ҳамма жойига сув етказиб ювиш зарурлиги.

4. Тирноқча жойга ҳам сув етмай қолиши мумкин эмаслиги.

5. Камчилик аён бўлганда қайтиб бориб, уни бартараф қилиш кераклиги.

6. Таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги.

7. Айниқса оёқни ювишда эҳтиёт бўлиш лозимлиги.

8. Панжаларнинг орасига сув етказишга алоҳида эътибор бериш зарурлиги.

9. Бурунга сув олганда, рўзадор бўлмаса, иложи борича ичкарироққа етказиш, шунингдек, оғизни чайганда ҳам шунга риоя қилиш лозимлиги.

Мана шу икки ҳадисни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиши ва доимо ёдидан чиқармай юриши зарур. Чунки бу ҳадисда зикр қилинган хатолар ҳаётда кўп учрайди. Шунинг учун бу ҳадислардаги таҳдид ва танбеҳлар ҳар бир мусулмоннинг ёдидан зинҳор кўтарилмаслиги лозим.

Айниқса, оёқни ювиш ҳақидаги талаблар алоҳида эътиборга лойиқ. Аввало оёқни ювишда кўпчилик нотўғри ўтириб олиб, қийналишади. Ўша ноқулайлик туфайли оёқни яхшилаб ювиш имкони камаяди. Қолаверса, оёққа масҳ тортса бўлади, деганлар бор. Уларнинг бу гаплари турли давр­ларда тез-тез қўзғалиб ҳам туради. Ана шу нарсадан таъсирланиб қолмаслик керак.

Аввал ҳам бир неча бор таъкидланганидек, таҳорат қилиш ибодатдир. Таҳоратни чала қилиш эса ибодатни чала қилиш бўлади. Бунинг устига, таҳоратнинг чала бўлиши бошқа ибодатларни йўққа чиқаради. Шунинг учун таҳоратга муҳим ибодат сифатида жиддий қараш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

Бунинг учун аввало таҳорат қиладиган жой яхши ва қулай бўлиши керак. У жойда барча қулайликлар, таҳоратни шариатда кўрсатилгандек қилиш имкониятлари бўлмоғи лозим. Ҳатто сувга эътибор бермоқ зарур.

Таҳоратга оддий покловчи сувдан бошқа сув ишлатиш мумкин эмас. Нопок сув, турли омиллар билан таъми, ҳиди, ранги ўзгарган сув ҳам бўлмаслиги керак. Бу Аллоҳ қаршисида ҳамма тенглиги, шариатдаги амаллар халқчиллиги рамзидир. Агар оддий сувдан бошқа сувда таҳорат қилишга ижозат берилса, бойлар тиллонинг суви ила таҳорат қилиб, гердайиши, камбағаллар ўксиши мумкин эди.

Лекин ўша ижозат берилган сув ҳам таҳорат ибодатини яхшилаб амалга ошириш учун омил бўл­моғи керак. Мисол учун, об-ҳавога қараб, мўътадил бўлиши зарур. Сув ўта иссиқ ёки совуқ бўлса, хушуъ ва хузуъ ила таҳорат қилишга халақит беради.

Уламоларимиз таҳорат борасида келган ҳамма ҳадис ва манбаларни ўрганиб, сўнг ишлаб чиққан таҳорат одобларига, бу борадаги қоидаларга назар солсак, ушбу ҳақиқатни яна ҳам тўлароқ тушуниб етамиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
188 . .188. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Икки лаънат келтирувчи ишдан сақланинглар,, давоми...

2625 15:30 / 31.07.2019
. .Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирортангиз намозида унутиб, бир ракат давоми...

3779 15:00 / 14.02.2021
. . .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кечки таом қўйилсаю, намозга иқомат айтилса, кечки таомдан давоми...

5293 13:00 / 20.12.2020
267. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Аллоҳ таборака ва таоло .Мен шерикларнинг ширкидан давоми...

4159 17:43 / 04.10.2019