1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ароқийбларга дўзахда ҳалокат бўлсин!

12:05 / 10.11.2019 3257 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар-да, бошларининг олд қисмига, саллаларига ва икки маҳсиларига масҳ торт­дилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисда таҳоратда масҳ тортиладиган жойлар ҳақида сўз бормоқда:

1. «Бошларининг олд қисмига».

Ривоятдан кўриниб турибдики, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам салла кийган ҳолларида таҳорат қилганлар. Бошларига масҳ тортганларида ҳаммасига тортмай, салланинг бир томонини кўтариб туриб, бошларининг олд томонига масҳ тортганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари шу ҳадисни далил қилиб, «Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш фарз, ҳаммасига тортиш фарз эмас», яъни киши таҳорат пайтида бошнинг тўртдан бирига масҳ тортса, таҳорати тўғри бўлади, ундан оз бўлса, тўғри бўлмайди, деганлар. Бошқа мазҳаб уламолари «Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш керак», дейдилар.

2. «Саллаларига».

Саллага масҳ тортиш бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиб олгандан сўнг бўлган иш эканлиги ривоятнинг ўзида очиқ-ойдин кўриниб турибди. Кўпчилик уламолар «Бошга масҳ тортмасдан, салланинг ўзига масҳ тортиш жоиз эмас», дейдилар.

3. «Икки маҳсиларига масҳ тортдилар».

Бу ҳукмнинг тафсилотини келажакда ўрганамиз, иншааллоҳ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу таҳорат қиладиган жойда одамларнинг таҳорат қилаётганларини кўриб:

«Таҳоратни мукаммал қилинглар, мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ароқийбларга дўзахда ҳалокат бўлсин!» деганларини эшитганман», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«(Яхши ювилмаган) Товонларга дўзахда ҳалокат бўлсин» дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Ароқийб» – «арқуб»нинг жами бўлиб, араб тилида товон устидаги йўғон пай шу ном билан аталади.

Абул Қосим – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қосим исмли ўғиллари бўлиб, у кичиклигида вафот этган. Ўша фарзандлари исми билан куняланганлар.

Имом Бухорий қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўша одамларнинг товонларини яхшилаб ювмасдан, уларга масҳ тортаётганларини кўриб қолиб, ушбу ҳадисдаги гапларни айтганлар, дейилади.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Таҳоратни мукаммал қилиш лозим эканлиги. Бу ҳақда келгуси ҳадисда алоҳида сўз юритилади.

2. Таҳоратда оёқнинг ҳаммасини яхшилаб, сув етказиб ювиш кераклиги.

Ушбу ҳадисда ушбу маънога алоҳида эътибор берилиши баъзи тоифалар, хусусан, шийъа мазҳаби ва баъзи зоҳирийларнинг «таҳоратда оёққа масҳ тортилади», деган гапларини ботил қилиш учундир.

3. Биладиган одам амалда хатога йўл қўяётган кишини кўрса, тузатиб қўйиши зарурлиги.

4. Эътиборсизлик ила таҳоратда аъзоларнинг баъзи жойига сув етмай қолса, азобга сабаб бўлиши.

5. Товонларни ювишга алоҳида эътибор бериш кераклиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватларидан қайтариш учун яна бошқа бир уринишга қўл уриб кўрдилар. Улар у зотни молу дунё, мансаб ва бошқа давоми...

4560 18:05 / 21.12.2017
Аллоҳ таоло.Ўшанда Аллоҳ .Сизларга китоб ва ҳикмат берганим, кейин сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келишига қасамки, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам давоми...

3424 15:04 / 15.11.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

4219 20:03 / 28.04.2017
789. Рибъий ибн Ҳирошдан ривоят қилинади.Бизга Бану Омирдан бир киши қуйидагиларни айтиб берди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйдаликларида киришга изн давоми...

3509 00:00 / 19.11.2022
Аудиолар

230193 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар