1441 йил 14 рабиъус сони | 2019 йил 11 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Тазкия

Мунофиқликдан сақланайлик!

05:00 / 01.03.2017 1292 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бунги кунимиздаги мусулмон одам ўзини мутлақо айбламай қўйди. Фақат Аллоҳ раҳм қилганларгина ўзини айблаяпти, холос. Алам ва аччиқ билан айтиш мумкинки, кўпчилик мусулмонлар ўзларидан бошқаларни турли айблар билан, жумладан нифоқ билан айблашга шошиладилар. Ваҳоланки, мусулмонга ўз нафсини ислоҳ қилиш, қалбини тафтиш қилиш, нифоқдан биринчи галда ўзини эҳтиёт қилиши, қалб саломатлигига эриштирадиган воситаларнинг барчасини ишга солиши, Аллоҳдан иймонда содиқликни, саботни сўраши, нифоқдан паноҳ беришини сўраб илтижо қилиши, Унга зорланиши лозим эди. 

Бир улуғ зот: “Ўз айби билан машғул бўлиб, ўзгаларнинг айбларини кўрмаслик ҳақиқий валийликдир” деган экан. 

Ибн Абу Мулайка раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўттизта саҳобалари билан учрашдим. Барчалари ўз нафслари учун нифоқдан қаттиқ қўрқишарди”. Бухорий ривояти. 

Саҳобалар доим ҳақиқий нажот сабабларини қидиришар эди. Ҳақиқий нажот эса, қалбнинг нифоқдан, уни ифлос қиладиган барча иллатлардан ва Алоҳнинг йўлига парда бўладиган разолатлардан саломат бўлишидир. 

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: 

“У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро, 88-89). 

Ибн Арабийнинг “Аҳкамул Қуръан” китобида бу оят борасида иккита гап айтилган. 

Биринчиси, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг сўзларига кўра, оятдаги “соғлом дил”дан мурод “ширкдан саломат бўлган дил”дир. 

Иккинчиси, “соғлом дил”дан мурод “ёмон хулқлардан саломат бўлган дил”дир. 

Урвадан ривоят қилинишича, у киши шундай деганлар: “Эй ўғилларим, ҳеч қачон лаънатловчи бўлманглар! Чунки Иброҳим алайҳиссалом ҳам ҳеч қачон лаънатловчи бўлмаганлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло у зот ҳақида: 

“Ҳақиқатан, Иброҳим ҳам у (Нуҳ)нинг гуруҳидандир. Қайсики, Парвардигорига соғлом қалб билан келди” (Соффат, 83-84) деган”. 

Баъзи олимлар “Бу оятнинг маъноси “Ширкдан саломат бўлган қалб билан келди” бўлади, гуноҳлардан эса ҳеч ким саломат бўла олмайди” дейишган. 

Ҳа, қалб салим бўлиши учун ширкдан, гинадан, ҳасаддан, ужб (манманлик)дан, кибрдан ва бошқа қалбга тегишли иллатлардан ҳам саломат бўлиши керак. 

Нифоқ икки хил бўлади: эътиқодий нифоқ (катта нифоқ) ва амалий нифоқ (кичик нифоқ).  

Эътиқодий нифоқ соҳибини кофир қилади. Чунки ундай одам иймонини зоҳир қилиб, куфрини яширади. Пайғамбар  алайҳиссалом замонларидаги мунофиқлар худди шундай бўлишган. Ўша даврда мунофиқларнинг умумий сони уч юз киши бўлиб, улардан бир юз етмиштаси аёллардан эди.  

Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: “Одамлар орасида шундайлар ҳам борки, улар: “Биз Аллоҳга ва охиратга имон келтирдик”, – дейдилар. Ваҳоланки, ўзлари мўмин эмаслар (балки, мунофиқлардир). Улар (бу билан) Аллоҳни ва имон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Лекин ўзлари сезмаган ҳолда ўзларинигина алдайдилар” (Бақара, 8-9). 

“Имон келтирган кишиларга дуч келиб қолганларида: “Биз ҳам имон келтирдик”, – дейдилар. Ўз шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганларида эса: “Биз, албатта, сизлар билан биргамиз, фақат биз (мўминларни) мазах қилувчилармиз, холос”, – дейдилар” (Бақара, 14). 

 Амалий нифоқ эса ҳадислардан келган мунофиқлик аломатларидан бирини қилишдир. Бу ишни қилган киши кофир бўлмайди. 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч нарса қай кишида бўлса, холис мунофиқ бўлур: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади”. Аҳмад ривоят қилган. 

Нифоқдан тавба қилиш йўлини Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилган: 

“Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (бўлур)лар. Уларга (ўшанда бирор) ёрдамчи топмайсиз. Илло, (шу дунёда) тавба қилиб ўзларини тузатган, Аллоҳ билан боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилганлар, айнан улар мўминлар билан бирга бўлурлар. Мўминларга эса, Аллоҳ буюк мукофот ато этур” (Нисо, 145-146). 

Демак, мунофиқ кимса қилган ишларидан қаттиқ пушаймон бўлиб, надомат қилиб, нифоқдан бутунлай суғурилиб чиқиб, ўзини тузатиб, Аллоҳ билан қайтадан боғланиб, динини ва барча амалини Аллоҳ учун холис қилса, унинг мунофиқлиги ўчирилиб, мўминлар сафига қўшилар экан. 

Қуръони каримда мунофиқлар ҳақида бир қанча оятлар келган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: 

“Мунофиқлар учун аламли азоб борлиги ҳақида уларга “башорат” бериб қўйинг! (Улар) мўминларни қўйиб, кофирлар билан дўст тутинадилар. Ўша (кофир)лардан кучқувват излайдиларми?! Бор куч-қудрат Аллоҳникику! Аллоҳ сизларга Китобда: “Аллоҳнинг оятлари инкор этилаётгани ва мазах қилинаётганини эшитсангиз, то бошқа гапга ўтмагунларича, улар билан бирга ўтирмангиз!” – деб, (оят) нозил қилган эди. Албатта, сизлар унда (бирга ўтирганда), улар билан (гуноҳда) тенгсиз. Албатта, Аллоҳ барча кофирлар ва мунофиқларни жаҳаннамга жам қилувчидир. Улар (мунофиқлар) сизларни кузатиб турадилар: агар сизларга Аллоҳдан фатҳу зафар (ғалаба) бўлса, «сизлар билан бирга эмасмидик? (Ўлжадан бизга ҳам берингиз)”, – дейишади. Борди-ю, (ғалабадан) кофирларга насиб этса: “Сизлардан устун турган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган биз эмасми?” – дейишади. Улар ҳақида Аллоҳнинг (Ўзи) қиёмат куни ҳукм чиқаради. Аллоҳ кофирлар учун (қиёмат куни) мўминларга қарши сира йўл бермайди. Дарҳақиқат, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни “алдаб қўювчидир”. (Улар) намозга турсалар ҳам дангасалик билан одамлар кўрсинга турадилар ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар. Улар оралиқда сарсондирлар: на у ёқлик эмаслар ва на бу ёқлик. Кимники Аллоҳ адаштирса, унга сира йўл (чора) топа олмайсиз” (Нисо, 138-143). 

“Мунофиқ эркаклар билан мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар. (Улар одамларни) ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан қайтарадилар ва қўлларини (хайр-эҳсондан) тиядилар. Аллоҳни унутишгач, (У) ҳам уларни “унутади”. Мунофиқлар, албатта, фосиқдирлар” (Тавба, 67). 

Бу оятдан маълум бўлишича, мунофиқлар куфрда бир-бирларидан фарқ қилмайдилар. 

Аллоҳ таолодан нифоқдан паноҳ сўраймиз! 


Интернет материаллари асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборатАввало турли омилларга кўра .тасаввуф, сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақиқатнинг .руҳий тарбия,, давоми...

1614 13:02 / 05.11.2018
Нурларнинг чиқиш жойлари қалблар ва сирлардир.ndash Инсоннинг жисмини ўрганувчи, араб тилида сўзлашувчи олимлар ва табиблар инсоннинг чап кўкрагига жойлашган, давоми...

1653 05:00 / 07.03.2017
Ҳар бир мўминмусулмон сунний тасаввуфни йўлга қўяр экан, фақат муридчиликдан иборат эмаслигини англаб етмоғи лозим. Зеро, шайхга келиб қўл бериш ва баъзи давоми...

939 15:30 / 16 ноябрь
Ушбу мақолада ужбнинг сабаблари, кўринишлари ва ундан қутулиш йўллари ҳақида сўз юритилади. Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтадилар Билгинки, ужб кибрга олиб боради. давоми...

1670 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

26770 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар
Топ рейтинг www.uz Openstat