1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Оламлар Роббиси ҳузурида қадри юксак зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам

12:09 / 02.11.2019 2861 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўтарилган мартабага ҳеч бир инсон ета олмайди. У зот мана шундай олий мақом соҳибидирлар.

Аллоҳ таоло яратган халоиқнинг афзали - Одам фарзандларидир. Одам алайҳиссалом зурриётларининг афзали - мусулмонлардир. Мусулмонларнинг афзали - анбиё ва расуллардир. Анбиё ва расулларнинг афзали – сабру матонатли беш расуллардир. Ушбу сабру матонатли беш расулларнинг (барчаларига Аллоҳнинг саломи бўлсин) ҳам энг афзали - Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.

Оламлар Роббиси ва барча халоиқнинг Холиқи бўлган Аллоҳ азза ва жалла Муҳаммад алайҳиссаломни қай даражада иззат-икром қилганини ва у зот алайҳиссаломнинг қадр-қиммат ва мартабаларини қай даражада юксак этганини ҳамда у зот алайҳиссалом ва умматларигагина ато этган хос фазл-марҳаматини билган инсоннинг Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган эҳтироми, иймон нури ва муҳаббати зиёда бўлаверади.

Аллоҳ таоло Ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга хос қилган хусусиятлар, фазилат ва ҳурмат-эҳтиромлар жуда ҳам кўп бўлиб уларнинг қамровини Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзигина билади. Бу ўринда ана шу хусусиятларнинг айримларини муфассал ва яна айримларини мухтасар ҳолда баён этамиз. Ушбу хусусиятлар билан танишиб чиққан ҳар бир мусулмон банда ўзида Муҳаммад алайҳиссаломга уммат эканлигидан фахр-ифтихор туйғусини ва бундан ташқари бу юксак мақомга муносиб бўлиш масъулиятини ҳис этади. Ғайридинлар эса охири замон пайғамбари ва у зот алайҳиссалом умматларининг хусусиятларидан хабардор бўлгач, инсоф қилганлари Аллоҳ таолонинг фазли билан иймон келтирсалар ажаб эмас.

Агар мусулмонлар динларини юксалтиришда, суюкли расулларини инсонларга танитишда бепарво бўлишса, залолат эгалари ва ботиллик тарғиботчилари инсонларга исломни нотўғри талқин этиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга лойиқ бўлмаган сифатларни бўҳтон қилиб тажовуз қиладилар. Шундай экан, бу борадаги илм омонат, уни соф ҳолда сақлаб, кейинги авлодга етказиш фақат уламоларнинг эмас, Муҳаммад алайҳиссаломга умматман, деган ҳар бир мусулмонга вожиб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай инсон эканликлари, Аллоҳ азза ва жалла у зот алайҳиссаломни қандай иззат-икром қилганини бошқа яқинларимизга ва бутун инсонларга маълум қилишимиз лозим.

Муҳаммад алайҳиссаломни ўз умматларига танитишдаги ушбу ожизона уринишимизни Аллоҳ таоло қабул қилиб, йўл қўйган хато-нуқсонларимизни Ўз фазли ила мағфират қилишини, ушбу битилганлар барча инсонларга ва хусусан мусулмонларга манфаатли бўлишини Аллоҳ таолодан дуо қилиб қоламиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни Муҳаммад алайҳиссаломга муносиб уммат бўлишимизни насиб этсин!

Роббимиз азза ва жалла Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнигина хослаб иззат-икром қилган, шарафлаган хусусиятлар қуйидаги қисмларга бўлинади:

- дунё ва охиратда у зот алайҳиссаломга тегишли бўлган ва бошқа анбиёлардан хосланган Аллоҳ таолонинг иззат-икроми;

- дунё ва охиратда у зот алайҳиссаломнинг умматлари борасидаги Аллоҳ таолонинг эҳтироми;

Ушбу қисмларнинг аввалгисига тегишли бўлган хусусиятларини баён қилишдан бошлаймиз.

Қадр кечасидан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунлари улуғроқ ва шарафлироқдир.

Қадр кечасини Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳфа қилиб берди. Туҳфанинг қадри баландми ё туҳфа қилинган зотнингми? Албатта туҳфадан кўра туҳфа қилинган зотнинг қадри юксакдир.

Қадр кечаси фақат мусулмонлар учун бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча халоиқ учун раҳматдирлар. Фақат мусулмонлар учун бўлган туҳфа улуғми ё барча халоиқ учун туҳфа қилинган раҳматми? Шубҳасиз, барча халоиққа берилган раҳмат афзал.

Ашаддий кофир Абу Лаҳаб у зотнинг таваллудларига кўрсатган ҳиммати хурсандчилиги эвазига ўша кунда дўзахдан озод қилиниб турса, иймонли ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли кишининг бу кунни хурсандчилик қилиб нишонлашига бериладиган ажр-у савоб қандай бўларкин?

Дилшод Солиҳов

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳи ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади.Саййидимиз Аббос ибн Абдулмуттолиб Набий алайҳиссаломнинг давоми...

2820 09:22 / 02.11.2021
.Маҳалли қиём, масаласи.Маҳалли қиём, деб мавлид асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туриш пайти ва ҳолатига давоми...

3680 09:20 / 01.10.2021
Мавлид ҳақидаги хилофлар оз бўлсада, айрим кишилар ўртасида ҳануз бор. Мавлид ҳақиқатан ҳам бидъатмикин ёки жоиз, савобли амалмикин, деган маънода иккиланиб давоми...

3328 09:00 / 01.10.2021
Биз нима қилишимиз керакМавлид ҳақидаги хилофлар оз бўлса да, айрим кишилар ўртасида ҳануз бор. Мавлид ҳақиқатан ҳам бидъатмикин ёки жоиз, савобли амалмикин, давоми...

1383 16:50 / 11.10.2021
Аудиолар

131080 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51604 14:35 / 11.08.2021