1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ таоло шариат буйруқларини фақат имом-домлаларга юкламаган‑ку! (тўртинчи мақола)

11:05 / 25.10.2019 1946 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Сиз кимсиз? Сиз чизиб берсангиз, домлалар ўшанга қараб юриши керакми? Йўқ, домлалар чизиб беради, сиз ўшанга қараб юрасиз. Аҳли илмлар сиздан яхши билади нима қилишни».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ

Бугунги кунда баъзи кимсалар аҳли илмларга қилган беодобликларини дин ғамидаги ташаббус дея оқлашга уринади. Ваҳоланки динга ўша имомдан минг чандон қаттиқ зарар бераётган минглаб бошқа тоифа инсонлар бор, аммо улар билан умуман ишимиз йўқ. Аксинча, уларнинг ичидаги қўлида қуввати борлари олдида ғинг дея олмай қоламиз. Бу ҳам мазкур даъвонинг қанчалар пучлигини кўрсатади.

– Айрим кимсалар обрўли кишиларни беҳурмат қилиш орқали обрў орттиришга уринади. Бу ҳам нафсдаги касаллик бўлиб, кўпинча ҳасаддан ҳам келиб чиқади. Имомларга қаратилган танқидда ана ўша шайтоний қутқу туртки бўлиши ҳам кўп учрайди. Мўмин банда бунга ҳушёр бўлиши керак.

– Нима учун кўпчилик айнан имомларнинг кичик бир хатосини топиб олиб, айюҳаннос солади-ю, бошқа одамларнинг катта-катта гуноҳлари ҳақида индамайди? Бунинг бир қанча сабаблари бор. Аввало, бўтана сувда тезак оқиб келаётган бўлса ҳам кўринмаслиги мумкин, аммо бир челак сутга бир дона қил тушса ҳам яққол кўринади. Яъни динсиз, илмсиз, ибодатсиз одамнинг катта-катта гуноҳлари ҳеч кимнинг кўзига кўринмайди, аммо имом-домланинг салгина хатоси ҳам дарров овоза бўлиб кетади. Бу эса диндор бўлишнинг, имом бўлишнинг масъулияти нақадар катта эканини кўрсатади. Начора, одамларга Аллоҳ таолонинг динини етказиш масъулиятини зиммага олишнинг ўзи бўлмайди. Бу улуғ вазифа – пайғамбарларнинг, улардан кейин эса уларнинг ворислари бўлмиш аҳли илмларнинг вазифасидир. Бундай зотларнинг ҳар бир иши, ҳар бир сўзи одамларнинг доимий назари остида бўлади, шунинг учун уларнинг кичик инсоний хатоси ҳам одамларнинг кўзига катта нарса бўлиб кўринади. Бироқ, шу ўринда ўта нозик, аммо муҳим нуқта бор – имом-домладан комил (идеал) инсон бўлишни, сал қолса фариштадек бегуноҳ бўлишни талаб қилаётганлар имом ана шундай бўлиши кераклигини билишар экан, унда нима учун қолган мусулмонлар ҳам шундай бўлиши кераклигини тан олишмайди? Аллоҳ таоло шариатнинг буйруқларини фақат имом-домлаларга юкламаган‑ку! Ёки қолганлар нима қилса қилиб юравериши керакми? Сиз имомдан талаб қилаётган идеал феъл-атвор аслида ҳар бир мусулмонда бўлиши керак, жумладан сизда ҳам.

Аллоҳ таоло Қуръонда «Эй иймон келтирганлар, нима учун ўзингиз қилмаётган ишларни гапирасиз?» деб танбеҳ беради.

Эътибор берайлик, оятда «эй имомлар, эй аҳли илмлар» эмас, «эй иймон келтирганлар» деб ўзини мўмин санайдиган ҳар бир инсонга мурожаат қилинмоқда. Агар сиз ўзингизни иймонли санасангиз, имомдан талаб қилаётган феъл-атворни ўзингиз ҳам қойиллатиб қўйинг. Ўзингизда ҳам нуқсон борми, бошқаларни ҳам тушунишга ўрганинг. Ҳар қалай, намозни бошлаганида кирилл ёзувида ёзиб олиб, остин‑устин қилиб ёдлаб олган ўнта сураси шунча йилдан бери ўн битта бўлмаган, ҳалигача биргина жаноза намозидаги дуоларни ёдлай олмаган одам Қуръоннинг ҳаммасини ёки бир қисмини ёд олган, бағрини захга бериб илм таҳсил қилган имомни хатокорликда айблашдан олдин ўз ҳолига бир қараб қўйиши керак.

– Бировларнинг айбини пойлаб ўтирувчи бўлманг. Ҳозирги кунда шундай табиатдаги кишилар кўпайиб қолган. Бундайлар домлаларнинг бирор айб иш қилишини кутиб туради. Билиб қўйиш керакки, Аллоҳ бандаларининг айбини титикилаган кишининг ўзини шарманда қилиб қўяди.

– Дин душманларига кўмак берманг. Аҳли илмларга адоват қилиш, уларни ёмон кўриш доимо даҳрийларнинг, мунофиқларнинг иши бўлиб келган. Кимнингдир битта айбидан ғазабланиб, барча мусулмонларга, дин аҳлига, уламоларга зарар келтириб қўйиш мумкин.

– Баъзи аҳли илмларнинг қадди букилишига, жасорати синишига моддий етишмовчилик ҳам сабаб бўлади. Баъзан илм олиш, халқ корига яраш билан банд бўлиб, оила учун етарли таъминот қила олмаган бўлади. Бу эса унинг бутун ҳаётига таъсир қилади. Қўлингиздан келса, ана шундай мухлис толиби илмларга, олимларга моддий кўмак бериб боринг ва бунда холис бўлинг, миннат қилманг, хўжайин чиқманг. Мана шуниси иснофдан бўлади.

– Қўлингиздан келганича олимларни ҳимоя қилаверинг, кам бўлмайсиз. Айниқса, жамиятдаги етакчи кишилар, катта ёшдагилар бунда бош бўлиши керак.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир йиғинда бир ёши каттароқ одам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳга шикоятомуз оҳангда: «Тақсир, бу домлаларга бир насиҳат қилиб, уларни тартибга чақириб қўйсангиз бўлар экан», деб қолди. Шунда ҳазрат у одамга ўта қаттиқ оҳангда, жуда ҳам жиддий нигоҳ ила, кескин жавоб бердилар: «Сиз кимсиз? Сиз чизиб берсангиз, домлалар ўшанга қараб юриши керакми? Йўқ, домлалар чизиб беради, сиз ўшанга қараб юрасиз. Аҳли илмлар сиздан яхши билади нима қилишни». Ҳалиги одам ҳазратнинг жавобидан музлаб, қотиб қолган эди ўшанда. Ана шу танбеҳ билан кўпгина фитна гапларнинг олди олинган эди.

Шайх ҳазратлари ўз ўрнида аҳли илмларга насиҳат қилардилар, уларга танбеҳ берардилар, аммо буни ҳаммага кўрсатиб, эшиттириб қилмасдилар.

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, аҳли илмни, дин пешволарини ҳурмат қилиш аввало ўзимизга фойда. Бу билан жамиятнинг, хусусан, ёшларнинг илмга рағбати ошади, келажакка ишончи ортади. Тажрибалардан маълумки, аҳли илмларга муҳаббатли кишиларнинг зурриётларидан олимлар чиқади.

Илм нисбийдир. Аллоҳ таоло: «Ҳар бир илмли кишидан кўра билимдонроқ киши бордир», дейди. Илмга ҳурмат аввало ўзидан илмлироқ кишига ҳурмат бажо келтириш билан рўёбга чиқади. Шу билан бирга, ҳаёти илмга боғлиқ инсонни ҳурмат қилиш ҳам илмга нисбатан эҳтиром бўлади.

Айрим мутасаддилар раҳбарлик курсисидан келиб чиқиб, аҳли илмларни беҳурмат қилишга ўрганиб қолади. Бу аслида маданиятсизликдир. Европа президентлари Рим папасининг қўлини ўпиб, таъзим бажо келтиришади. Русларда ҳам давлат арбоблари нафақат насроний дини пешволарига, балки Ислом уламоларига ҳам ўта одоб билан, ҳурмат билан муносабатда бўлишади. Умуман олганда, замонавий дунёда барча халқлар ўзининг диний арбобларини, олимларини ҳурмат қилиш билан ўзликларига бўлган эҳтиромни намойиш этишади. Бу билан масъулларнинг ҳурмати тушиб қолмайди, аксинча, кўтарилади. Фақат биз мусулмонлар бу борада ҳам бошқалардан ортда қолганмиз.

Баъзан масжидга расмий идоралардан келган масъуллар ичида айрим «амалдорча»лар учраб қолади. Ўзи қайсидир ташкилотнинг оддий бир ишчиси, қўпол қилиб айтганда, югирдаги. Ўзини мансабдор фаҳмлаб, масжид ходимларига, ҳатто, имомларга ҳам паст назар билан қараб, буйруқбозлик қилади, саломга алик олгиси келмайди. «Ҳай барака топгур, амални қўй, ўткинчи нарса, инсон бўлгин», дегинг келади.

Аҳли илмларнинг обрўсини тўкиш яхшиликка олиб келмайди. Бунинг диний жиҳатдан ташқари ижтимоий-сиёсий зарари ҳам жуда кўп. Муаммоларга бошқачароқ йўл билан чора кўриш лозим.

Олим ва имомларни ҳурмат қилишда аҳли илмлар ва имом домлалар ўзлари барчага намуна бўлишлари керак. Улар бирга бўлганларида ҳам, орқаваротдан ҳам ўзаро ишонч ва эҳтиромда бўлишлари даркор. Уларнинг ўзаро муомалаларини кўриб бошқалар ибрат олсин. Халқ орасида нуфузли кишиларнинг ўртасида энг кўп ёйилган ва энг хатарли иллат ҳасаддир. Аҳли илмлар бундан ҳазир бўлишлари, қалбни турли гина‑кудуратдан соф тутишлари, бир‑бирларига самимиятда, хайрихоҳ бўлишлари лозим. Фазл эгасининг фазлини эътироф этишдан қочмаслик, ҳар бир инсоннинг яхши хислатини эслаш ўзаро муҳаббат ва эҳтиромнинг пойдеворидир. Кимдир фиқҳда, кимдир ҳадисда устун. Сиз воизликда илғор бўлсангиз, бошқаси қироатда пешқадам. Буни тан олиш инсофдир.

Бу битикларни ўқиганда кимдир: «Аҳли илмлар, домлалар ҳам ўз мақомига яраша бўлиши керак-да. Ҳадеб оммага насиҳат қилавермай, имомларингизга ҳам гапиринг», дейиши мумкин. Жуда тўғри гап. Аммо мен ўзимни аҳли илмларга насиҳат қиладиган даражадаги одам деб билмайман. Устозлардан насиҳат кутиб қоламиз. Шундай бўлса-да, шу мавзуда аввало ўзимга, қолаверса, бошқаларга ҳам фойдали дил сўзларни хатга тушириш нияти йўқ эмас. Аллоҳ Ўзи тавфиқ ва илҳом берса, ажаб эмас.

Аллоҳ таолодан ҳаммаларимиз учун тавфиқу ҳидоят сўраб қоламан.

(Тамом)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаннатда Одам алайҳиссалом қизларининг бир хил ёшда бўлиши, аммо ҳурлар турлича экани, жаннат аҳлининг нафслари қандай хоҳласа, шундай ndash кичик ёки катта давоми...

15078 08:45 / 17.01.2019
Бани Исроилда бир обид киши бор эди. Унинг жундан тўқилган жуббаси билан одамларга сув ташийдиган мешидан бошқа нарсаси йўқ эди. Ўлими яқинлашгач, у шогирдларига давоми...

1728 08:00 / 18.09.2020
Баккор ибн Муҳаммад ва Ибн Қаънаб шундай дейишди .Ибн Авн ғазабланмас эди. Агар кимдир унинг ғазабини чиқарса, .Аллоҳ сенга баракот берсин,, дер эди,.Аллоҳ учун давоми...

1943 08:00 / 29.01.2021
Аввало, Қуръони карим ва Суннатдаги насиҳатларнинг кўпчилиги эркакларга қаратилганини эслатишимиз лозим. Аммо, шу билан бирга, алоҳида уларга қаратилган давоми...

3860 11:00 / 15.03.2023