Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (56-дарс). Ҳазрати Абу Бакр даврларида Қуръоннинг жамланиши

14:05 / 22.10.2019 5172 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(бешинчи мақола)

Ибн Ашта «Ал-Масоҳиф» китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумотни келтиради:

«Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр: «Унга исм изланглар!» деди. Баъзилар: «Ас-Сифр», дейишди. У: «Бу яҳудийлар номлайдиган исм», деди. Шунда улар ҳам буни ёқтиришмади. Яна баъзилар: «Мусҳаф», дейишди. Чунки шунга ўхшаш нарсани улар мусҳаф дейишар эди. Уларнинг фикри уни «мусҳаф» деб номлашга ижмоъ қилди».

Имом Бухорий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ривоятнинг охирги жумлаларидан бизга маълум бўладики, Қуръон жамланган мусҳаф Абу Бакрнинг вафотигача унинг ҳузурида бўлди. Сўнгра Умарга ўтиб, у вафот этгач, янги халифа Усмонга эмас, балки Умарнинг қизи Ҳафсага ўтди. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин.

«Даиротул-маарифил-Исламия» энциклопедияси ушбу мавзу атрофида шубҳа қўзиб, шундай савол беради:

«Ушбу мусҳафни сақлашга Усмон ҳақлироқ эмасмиди?»

Бу саволнинг жавоби шундай:

«Балки Ҳафса розияллоҳу анҳо лойиқроқ ва ҳақлироқ эди. Чунки Умар ибн Хаттоб мусҳафнинг у кишининг ҳузурларида омонат туришини васият қилган эдилар. У зот мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари эдилар. Бунинг устига, у киши розияллоҳу анҳо Қуръоннинг ҳаммасини ёд олган, қироат ва китобатга иқтидори бор инсон эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўзларидан кейин халифалик ишини маслаҳатга қўйиб кетган эдилар. Ҳали Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликка сайланишлари аниқ бўлмай туриб, қандай қилиб у кишига мусҳафни топшириш мумкин эди?»

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида бошқа нарсалар қатори, Қуръони Каримга тегишли масъулият ҳам асосан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига тушар эди.

Ислом уммати бошқа масъулиятлар қатори, Қуръони Каримни муҳофаза қилиш масъулиятини ҳам ўзининг ҳабиб Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан сўнг ҳис эта бошлади. Бундай пайтларда бутун бошли уммат ўз етакчилари бошчилигида сафарбарликка отланадиган бўлди. Энг қувончлиси, Қуръони Карим атрофида пайдо бўлган масалани ҳал қилишда бирор ишни амалга оширишни таклиф қилган ҳам, ўша ишни рад қилган ҳам, икки ўт орасида куйган ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг Китобини муҳофаза қилишни ўйлар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг бошланиб кетган ридда урушларида Қуръони Карим ҳофизлари бўлмиш кўплаб саҳобаларнинг шаҳид бўлишлари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун хатар бўлиб кўринди. У киши «Агар қорилар шу тарзда қирилиб кетаверсалар, Қуръони Каримга зарар етади», деган фикрга бориб, халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримни бир китоб шаклида тўплаб қўйишни таклиф қилдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлсалар бу иш Қуръони Каримнинг зарарига бўлади, деб ўйладилар. У киши «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандай қиламан», деб туриб олдилар. Қолган саҳобаи киромлар ҳам ушбу масала бўйича иккига бўлиндилар. Кераклича баҳс ва тортишувлар ниҳоясида ҳамма бир фикрга келиб, «Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун уни бир китоб шаклида тўплаб қўйиш керак», деган фикрга келди. Биргаликда бу улкан ишни амалга ошириш режасини тузишга, шартлари, қоидалари ва кимлар раҳбарлик қилишига келишилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёзиб бўлинган бўлса ҳам, тарқоқ ҳолда турган Қуръони Карим ёзувларини тўплаб, оятларни тартибга солиб, янгитдан ёзиб чиқилди. Ўша ёзувларни ўз ичига олган саҳифалар тўпланиб, халифанинг қароргоҳига қўйилди ва мусҳаф деб аталди.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг китобида ўз райи билан гапириб тўғри айтган бўлса ҳам давоми...

4069 05:00 / 19.01.2017
Дарҳақиқат, Қуръони Карим халқлар орасида очиқойдин, барчанинг кўз ўнгида нозил бўлди. Териларга, тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига ва шу каби ёзиш мумкин давоми...

7440 19:40 / 17.09.2019
Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади .Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз ва у золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас,, деган давоми...

1476 19:00 / 14 июль
....Албатта, ақл эгаларигина эслатма олурлар,.Ақл ва идрок бўлмаса, буни эслаш, тушуниб етиш қийин.Энди ўша ақл эгаларининг сифатлари зикр этиладиУлар Аллоҳнинг давоми...

6525 19:21 / 11.04.2018
Аудиолар

210886 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130149 14:35 / 11.08.2021