1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Башарият фасод ва ёмонликдан муҳофаза қилувчи таълимга муҳтождир

09:20 / 15.10.2019 1225 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақ ва тўғри йўлда турувчи, инсофли, инсон табиатини ҳақиқатан тушуниб етган олимлар Аллоҳ таоло инсонни «буюриб турувчи нафс» ва «маломат қилиб турувчи нафс» ўртасида ақлли ва шаҳватли қилиб яратганини яхши билишади (Фаришталар фақат ақлли, ҳайвонлар эса фақат шаҳватли қилиб яратилгандир).

Демак, инсон яратилиш моҳиятига кўра, буюрувчи нафсга эргашишдан бир қайтариб турувчига ҳамиша муҳтождир. Бу нарса уни шаҳватга бутунлай берилишдан, инсонлик мақомига путур етказишдан қайтаради. Маломат қилувчи нафсга эргашиб, ақл тақозоси билан иш кўришга ундайди, яхшиликнинг ёмонликка айланиб кетишига йўл бермайди.

Ушбу собит ҳақиқатга биноан бугунги башарият олами ўзини фасод ва ёмонликдан муҳофаза қилувчи таълимотга жуда-жуда муҳтождир. Бу таълимот уни тўғри йўлга бошлаши, нафс ва истакларини жиловлаши, сулҳ ва тинчлик-омонлик майдонига етаклаши лозим.

Бу таълимотлар инсониятни ўзига муносиб, унинг қадр-қимматига етадиган, фойдасини таъминлайдиган, ўз ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда тинч-осойишта ҳаёт кечиришга имкон берадиган, ўзгалар ҳуқуқини ҳурмат қилдирадиган тўғри йўл ва комил дастур билан таъминлаши керак.

Ҳа, бу табиий ҳолдир. Буни борлиқнинг ўзи табиатидан келиб чиқиб тақозо қилади. Бу ерда ташқи омилга зарурат йўқ. Узоқ-яқиндан далил ахтаришга ҳам ҳожат йўқ.

Бугунги кунда ҳар бир қавмнинг ўзига хос яшаш услуби, ҳар бир давлатнинг асосий қонуни бор. Ҳеч бир қавм бебошлик, истаганини қилиш билан, чегарасиз ҳуррият билан тинч ва осойишта ҳаёт кечира олмайди. Шунингдек, сиёсат ва бошқа кундалик ишларни тартибга соладиган низоми ва дастури йўқ давлат ҳам бўлиши мумкин эмас.

Бошқача қилиб айтганда, одамлар табиатан турлича қилиб яратилган. Аллоҳ таоло Ўз Китобида:

 «…сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик», дейди (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ҳар бир шахснинг ўз истаги, ҳар бир инсоннинг ўз иродаси бор. Бири иккинчисига ўхшамайди. Бу эса ўз ўрнида ихтилофларга сабаб бўлиб, тинчлик-осойишталикка, омонликка футур етказиши мумкин.

Шундай экан, башарият борлиқнинг тинч ҳаётини бузадиган ўзбошимчаликларни жиловлаб турувчи таълимотларга ниҳоятда муҳтождир. Бу таълимотлар оилаларнинг, дунё ҳамжамиятининг фикрини умумий бир низомга жамлаши ва ҳаётнинг барча соҳаларини ўз ичига олувчи ғоя ила олға силжишни таъминлаши лозим. Ушбу ғоя эса бу дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эришиш ғоясидир.

Ўқувчи: «Булар қандай таълимотлар, улар сунъийми ёки самовийми?» дея сўраши мумкин.

Табиийки, бу таълимотлар сунъий ҳам, самовий ҳам бўлиши мумкин. Биз уларнинг ҳар бирини англашимиз ва таърифлашимиз, ораларидаги фарқларни аниқлашимиз, бунинг учун эса уларнинг ҳар бирига хос хислатларни ҳам билишимиз лозим бўлади.

«Сунъий таълимотлар» деб, ҳар бир халқнинг олимлари, раҳбарлари ва мутафаккирлари томонидан ишлаб чиқилган қонунларга айтилади.

«Самовий таълимотлар» эса борлиқни Яратувчи, унинг сирларини, нима фойда-ю, нима зарарлигини ҳақиқатан билувчи Зотдан содир бўлган ҳукмлардир. Бу таълимотлар башариятга ваҳий йўли билан пайғамбарлар ҳамда самовий китоблар орқали, бошқача қилиб айтганда, дин йўли билан мунтазам тушиб турган.

Турли халқ ва миллатлар амалдаги самовий ва сунъий қонунлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларига эгадирлар. Инсоф ва таҳқиқ назари билан ёндошган ҳар бир кишига бу қонунларнинг ўзига хос фарқлари, имтиёзлари очиқ-ойдин кўринади.

Сунъий таълимотлар башарият оламини бахтиёр ҳаёт ва саодат йўли билан таъминлаб бера олмайди. Бунинг бир қанча сабаблари бор:

Биринчи сабаб: аввало, қонунларни ишлаб чиққан олим, раҳбар ва мутафаккирлар ҳар қанча ақлли бўлишса ҳам, жамиятнинг барча эҳтиёжларини қамраб олишолмайди. Шунингдек, улар барча қавм ва қабилалар табиатига мос қонунлар чиқаришдан ҳам ожиздирлар. Чунки Аллоҳ таоло барча қавмлар ва қабилаларни турли табиат, истак ва мойиллик билан яратган. У Ўз Китобида:

«…сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик», дейди (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Иккинчи сабаб: сунъий таълимотлар жамиятнинг маънавий ҳаётига керакли таъсирни ўтказа олмайди. Улар ўзига ишонганларга адолат, инсоф ва ҳуқуқ бера олмайди, уларнинг ҳиссий туйғулари ҳам бу таълимотлар билан келиша олмайди. Бошқача қилиб айтганда, инсонлар томонидан ишлаб чиқарилган таълимотлар ўз эътиборини жисмга, ташқи дунёга қаратади, холос. Шунинг учун унинг талаблари маълум чегарадан нарига ўта олмайди.

Самовий таълимотлар эса жамиятнинг маънавий ҳаётига очиқ ва беқиёс таъсир кўрсатади. Бу таълимотларнинг талаблари фақат жисм ва ташқи дунё билан боғланиб олмай, руҳий, маънавий томонларни ҳам қамраб олади ва жамият аъзоларини икки томонлама тарбиялайди.

Учинчи сабаб: сунъий таълимотлар асосан жамият ҳаётидаги умумий низомни муҳофаза қилишга қаратилган бўлиб, қалбларни ислоҳ қилиш, ахлоқни тузатиш каби ишларга эътибор бермайди.

Самовий таълимотлар эса асосан жамият аъзолари қалбини ислоҳ қилишга қаратилган бўлиб, кишиларни ақийда ва ахлоққа эга бўлишга ундайди. Шу орқали олий қадриятлар ва тўғри тушунчага эга бўлинади. Бу эса осмондан тушган ваҳийнинг файзидандир.

Тўртинчи сабаб: сунъий таълимотлар жамият аъзолари қалбидаги дунёга муҳаббатни сира камайтира олмайди. Самовий таълимотларнинг муқаддас хислатларидан бири ўзига ишонганлар қалбида дунёга бўлган муҳаббатни камайтиришдир. Шубҳа йўқки, мол-дунё муҳаббати ҳар бир хатонинг ва жиноятнинг бошидир, инсоний ҳуқуқларга тажовуз қилинишининг сабабидир. У турли жанжал, тортишув ва келишмовчиликларга ҳамда ижтимоий тинчлик ва омонликнинг бузилишига олиб келувчи биринчи омилдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни огоҳлантириб:

قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «حُبُّ الدُّنْيَا رَأْسُ كُلِّ خَطِيئَةٍ».

«Дунё муҳаббати ҳар бир хатонинг бошидир», деганлар.

Бешинчи сабаб: сунъий таълимотларда Аллоҳдан қўрқиш йўқ, уларга кўра фақат давлат ҳукмларидан қўрқилади, холос. Шунингдек, сунъий таълимотлар кишиларни ишбошиларга итоат қилишга, ҳукумат қарор ва фармонларига бўйсунишга чақиради. Самовий таълимотлар эса аввало ҳар нарсага қодир Зот – Аллоҳ таолодан қўрқишга, Унинг амр-фармонларини сўзсиз бажаришга чақиради. Чунки жамиятнинг салоҳияти ва инсонлар камолоти Аллоҳдан қўрқиш орқалигина ошади.

Ҳа, борлиқдаги ҳаётда фақат сунъий таълимотларга тўла суяниш мумкин эмас. Балки илоҳий таълимотларга суяниш, уларни дастур қилиб олиш лозимдир. «Ким ақлини тарбияласа, у енгилмасдир!» Нега шундай бўлмаслиги ҳам керак? Ахир бу илоҳий таълимотларни Аллоҳ таолонинг Ўзи пайғамбарлари алайҳимуссаломларга ваҳий қилиб юборган-ку!

У Зот бандаларининг табиатини, махлуқотларига нима фойдали эканини жуда яхши билади. Уларнинг (ички, ташқи, умумий, хусусий, моддий-маънавий) ишларини Ўзининг қудсий назари ва илоҳий лутфига олган. Буни комил ва абадий суннатга, шомил ва абадий йўлга айлантирган. «Ҳеч қачон Аллоҳнинг Суннатига ўринбосар топа олмайсан ва ҳеч қачон Аллоҳнинг Суннатини бирор нарсага алмаштира олмайсан».

«Соф табиат дини» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қалбнинг саломатлиги ва давоси, унинг бузуқлиги ва дарди ҳақида сўрабсан.Қалбнинг1 саломатлиги маҳзунлик ва ғаму андуҳлардадир. Унинг давоси эса Аллоҳ таолонинг давоми...

5733 17:29 / 12.09.2017
Ҳаммамизнинг у ёки бу соҳада устозимиз бор. Кимдир устозидан касбҳунар ўрганса, яна мактаб ва олий ўқув юртларида ундан илм таҳсил олади. Хуллас, бирон инсон йўқки, давоми...

1925 15:02 / 30.09.2020
Ҳаж мавсуми келса, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдаги танишларини тўплаб, бирга ҳаж қилишни илтимос қилар эди. Улар рози бўлгач, .Пулларингизни олиб келинг,, дер эди. давоми...

1760 15:00 / 25.09.2021
Абу Яҳё Аҳмад ибн Зирор Ажлийдан ривоят қилинади .Довуд Тоийнинг олдига бордим. У кенг ҳовлида, эшиги ҳам йўқ бир хароба уйда яшарди. Баъзилар унга .Ҳеч ким йўқ давоми...

4596 07:00 / 18.02.2019
Аудиолар

131169 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51683 14:35 / 11.08.2021