1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Истиғфорнинг фойдалари

05:00 / 01.03.2017 6458 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар бир одам сиздан: “Нима учун денгизчи ўзининг кемасини сафарга чиқиш олдидан обдон кўздан кечиради? ”, “Нима учун ғаввос акулалар яшайдиган денгизга шўнғиётганда темир қафаснинг ичига кириб олиб, кейин шўнғийди?” ёки “Нима учун танасида оғриқ сезган одам дарров шифокорнинг олдига боради?”, деб савол берса нима деб жавоб қайтарган бўлар эдингиз? Табиийки сиз “Улар ўз ҳаётларини сақлаш, турли фалокатлардан сақланиш ҳамда хавфсизлик чораси сифатида шундай қилишади”, дейсиз ёки шунга яқинроқ маънодаги жавобни айтасиз. Бироқ, булардан ҳам  каттароқ ва муҳимроқ хавфсизлик чораси бор. Бу –истиғфордир.  Чунки, истиғфор, нафақат инсоннинг бу дунёдаги ҳаётини, балки охират диёридаги ҳаётини ҳам сақлайдиган, унинг хафсизлигининг кафолатидир.  Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَمَا كَانَ اللهُ لِيُعَذِّبَهُمْ وَأَنْتَ فِيهِمْ وَمَا كَانَ اللهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ

“Уларнинг ичида Сиз бўла туриб,  Аллоҳ  уларни  азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган  ҳолларида  ҳам Аллоҳ  уларни азобловчи эмас”. (Анфол сураси, 33-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятнинг тафсири борасида қуйидагиларни айтадилар: “Мусулмонларни орасида иккита омонлик кафолати бор: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва истиғфор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Истиғфор эса, мусулмонлар хавфсизлигининг кафолати сифатида қиёматгача боқийдир”.

Хўш, истиғфорнинг ўзи нима, унинг қандай фойдалари бор?  “Истиғфор” луғатда ўрашни, яширишни талаб қилиш маъносини билдиради. Истилоҳда эса, қилган гуноҳларининг кечирилишини Аллоҳдан сўраш маъносини англатади. Демак, истиғфор Аллоҳ таолога “Гуноҳларимни кечиришингни сўрайман”, деб илтижо қилиш, дуо қилиш экан. Дуо қилишни эса, Роббимизнинг ўзи буюрган:

وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ

Парвардигорингиз: «Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!» – деди. (Ғофир сураси, 60-оят).  

Аллоҳ таоло бизларга Ўзидан кечирим сўрашимизни амр этган:

وَاسْتَغْفِرِ اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ غَفُورًا رَحِيمًا

“Яна, Аллоҳдан кечирим сўранг.  Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”.  (Нисо сураси, 106-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло астойдил тавба қилиб, кечирим сўраган бандаларининг гуноҳларини кечиради. Қуйидаги ҳадиси шариф сўзимизнинг яна бир ёрқин далилидир:

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мўмин банда бир гуноҳни содир этиб, дарҳол ўрнидан туриб, таҳорат қилиб, икки ракат (нафл) намоз ўқиса ва Аллоҳдан гуноҳининг кечирилишини сўраса, Аллоҳ  унинг гуноҳини кечиради”,  дедилар-да,  ушбу оятни ўқидилар: “Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар...”.  Абу Довуд ва Термизий ривояти.

Аллоҳ таоло ва Унинг Расули нима нарсага буюрган бўлса, албатта ўша нарса банда учун фойдали бўлганидан буюрган, нималардан қайтарган бўлса,  банда учун зарарли бўлгани сабабли қайтарган. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бир кунда юзтагача истиғфор айтишни одат қилганлари саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар: “Биз бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Эй Роббим, мени кечир, тавбамни қабул эт. Албатта, Сен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва ўта раҳмли зотсан”, деб дуо қилишларини юз марта санар эдик”. Абу Довуд ва Термизий ривояти.

Истиғфор буюрилган амаллардан экан, демак, унинг фойдалари ҳам борлиги, табиий. Мўътабар манбаларимизда истиғфорнинг қуйидаги фойдалари борлиги айтиб ўтилган:

1.    Истиғфор сабабли гуноҳлар кечирилади.

2.    Истиғфор сабабли Аллоҳ таоло барака ёмғирларини ёғдиради;

3.    Истиғфор айтувчиларни авлод-зурриёт билан қувватлайди;

4.    Истиғфор айтувчиларга боғу бўстонлар яратиб беради;

5.    Истиғфор айтувчилар учун дарё ва анҳорлар оқизиб қўяди.

У зот Ўзининг Каломида Нуҳ алайҳиссалом тилларидан шундай марҳамат қилади:

«Бас, Роббингизга истиғфор айтинг, – албатта, У кўп мағфират қилувчидир –осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ҳамда бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғ-роғлар ҳамда анҳорлар берадир», дедим». (Нуҳ сураси, 11,12-оятлар).

Буюк ватандошимиз Имом Абул-баракот Насафий ўзларининг машҳур тафсирлари «Мадорик»да ушбу ояти кариманинг тафсирига қуйидаги қиссани келтиради:

Имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирган эди. Бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. Ҳазрати Ҳасан Басрий: «Истиғфор айтинглар», деб маслаҳат берди. Кейин иккинчи бошқаси келиб, камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилишди. Ҳасан Басрий уларнинг ҳаммасига «истиғфор айтинглар» деб, бир хил маслаҳат берди. Шунда суҳбатдошлардан Рабиъ ибн Субайҳ раҳматуллоҳи алайҳ Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: «Эй имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилишди, сиз бўлса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси нима?» деди. Ҳазрати имом бу саволга юқорида келтирилган оятларни ўқиб жавоб берди».

6.    Тоатларни қилиш осонлашади, дуо қилишга инсоннинг рағбати ортади.

7.    Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги узоқлик йўқолади.

8.    Истиғфор айтувчининг қалбида дунё арзимас матодек бўлиб қолади.

9.    Истиғфор айтувчидан жин ва шайтонлар узоқлашади.

10.                        Истиғфор айтувчи ўзининг қалбида иймон ва тоат ҳаловатини ҳис эта бошлайди.

11.                        Истиғфор айтувчини Аллоҳ яхши кўради.

إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِين

“Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”. (Бақара сураси, 222-оят).

12.                        Истиғфор айтувчининг иймони, ақли ва жасади қувватли бўлади.

13.                        Истиғфор сабабли ғам ва хафалик арийди.

14.                        Истиғфор айтувчи вафот этса, фаришталар унга Аллоҳдан жаннат хушхабарини келтирадилар.

15.                        Қиёмат куни ҳамма иссиқдан терга ботган пайтда истиғфор айтувчи арш соясида бўлади.

16.                        Кишилар маҳшаргоҳдан ўз манзилларига қараб кетаётганларида истиғфор соҳиби Аллоҳнинг муттақий дўстлари билан бирга ўнг томон эгалари қаторида бўлади.

17.                        Истиғфор сабабли шахс ва жамият турли разиллик ва фисқу фасодлардан покланади.

18.                        Истиғфор айтувчининг ҳақига Аллоҳнинг аршини кўтариб турувчи фаришталар дуо қиладилар.

19.                        Истиғфор кишини гуноҳ ишлардан тўсади.

20.                        Истиғфор сабабли ёмонликлар ҳасанотларга айланади.

21.                        Истиғфор қалбдаги доғларни кетказади.

Маълумки, гуноҳ сабабли қалбда қора доғ пайдо бўлади. Истиғфор эса, гуноҳларнинг камайишига, тўкилишига сабаб бўлади. Гуноҳлар тўкилгандан кейин қалбдаги доғ ҳам қолмайди.

22.                        Истиғфор дўзахдан қутулишга ва жаннатга киришга ёрдам беради.

23.                        Истиғфор мўминларнинг сифатидир. Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатини келтииш асносида шундай деб марҳамат қилади:

وَالْمُسْتَغْفِرِينَ بِالْأَسْحَارِ

“(Улар) саҳар чоғларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиган кишилар эди”. (Оли Имрон сураси, 17-оят).

24.                        Истиғфор инсоннинг кўнглини тинчлантиради, хотирини жам қилади.

25.                        Истиғфор сабабли банданинг Роббисига бўлган шукри ҳам юзага чиқади.

Биз юқорида истиғфорнинг дунё ва охиратдаги энг муҳим фойдаларини санаб ўтдик. Агар истиғфорнинг ҳамма фойдаларини санайдиган бўлсак, бу бир китоб бўлар эди. Лекин, истиғфорга тарғиб маъносида шуларни етарли деб ҳисоблаймиз. Аллоҳ барчамизни Ўзининг мудом истиғфор айтувчи  ва гуноҳлардан узоқ юрувчи қулларидан айласин! 

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
тўртинчи мақолаЮсуф алайҳиссаломнинг эътирофи уммат учун дарсШу жойда кўпчиликни ўйлантирувчи, мулоҳазага чорловчи бир масала бор. У ҳам бўлса Юсуф алайҳиссалом давоми...

3057 16:30 / 01.05.2019
Маҳзунлик йилиАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

4520 18:30 / 14.03.2017
171. Агар аёл яхши кўрса, қалбини ўйлаб яхши кўрганидан ажралса, қалби қийналишини ўйлаб, ўзини қурбон қилади. Агар аёл ёмон кўрса, бошқани қурбон қилади.172. Эркакдан, давоми...

5605 15:13 / 03.05.2017
Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал давоми...

1900 19:00 / 21.05.2023