1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом – илм дини

14:30 / 13.10.2019 3039 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юқорида зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом инсонларни илмга тарғиб қилибгина қолмай, балки ўзи ҳам айнан илмий асосга эга эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида мавжудлигининг ўзи унинг илмий хақиқатнинг айни ўзи эканини англаб етамиз. Исломнинг ҳамма таълимотлари илмий доирада эканини тушунамиз.

Айниқса, ақийда масаласида келган исломий таълимотларнинг илмийлиги оддий равишда бўлмай, бу борада фақатгина ўта ишончли, содиқ хабарларгина ҳужжат ва далил бўла олиши шарт қилиб қўйилганини тушуниб етамиз.

Шунинг учун ҳам Исломда ғайбий нарсаларга ҳужжат сифатида мутавотир – ўта ишончли хабарларга асосланган ҳолда ёндашилади. Мазкур ғайбий нарсаларга эътиқод қилишда асосан Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларда келган хабарларга суянилади.

Аввал ғарбликлар Исломни ҳам бошқа динлар каби, илмга қарши қўйдилар. Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Илм ривожланиб борган сари унинг Исломда келган маълумотларни тасдиқлаши кучайиб борди. Аста-секин Ислом ақийдасида келган маълумотларнинг тўғрилигига илмий кашфиётларни далил сифатида келтириш йўлга қўйилди. Бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда. Шу тариқа Исломдаги ақийдавий масалаларга илмий далил келтириш юзага чиқди.

Охири келиб, Ислом ақийдаларининг далиллари Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар, ақл ҳамда илм асосида тақдим қилинадиган бўлди.

Бахтли ҳаёт йўлида мусулмон инсон қўядиган ҳар бир қадам энг ишончли илм – Аллоҳ таоло берган илм асосида экани зинҳор унутилмаслиги керак. Ушбу илмда ҳеч қандай инсоний хаёл, тахмин ва гумон йўқ, балки Ислом келтирган ҳар бир кўрсатма ўта ишончли илмга суянгандир.

Хўш, Аллоҳ таоло тарафидан инсонни икки дунё саодатига элтувчи қилиб юборилган, ўта ишончли илмга асосланган ўша Ислом динининг мақсадлари нималардан иборат?

Ислом таълимотларининг барчаси, шариат аҳкомларининг ҳаммаси инсонни мукаммал бахт-саодат билан таъминлашга қаратилгандир. Бу ҳақиқатни тушуниб олишимиз учун «Исломнинг мақсадлари нималардан иборат?» деган саволга жавоб беришнинг ўзи кифоя.

Бу саволга Ислом уммати салкам ўн беш асрдан буён бир овоздан «Исломнинг мақсадлари динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат», деб жавоб бериб келмоқда.

Инсоннинг бахту саодатига оид барча бугунги кунда кўтарилаётган масалалар мана шу беш муҳим нарса – дин, жон, ақл, насл ва молни асраш, муҳофаза қилиш иши билан боғлиқдир.

Ислом кишиларни бирор ишга буюрган бўлса, ушбу беш нарсани асраш учун буюргандир.

Ислом кишиларни бирор нарсадан қайтарган бўлса, ушбу беш нарсани муҳофаза қилиш учун қайтаргандир.

Имом Ғаззолий ўзларининг «Мустасфо» номли усулул фиқҳ илмига оид китобларида шундай дейдилар:

«Шариатнинг инсонни яратишдан кўзлаган мақсадлари бешта бўлиб, у халойиқнинг динини, жонини, ақлини, наслини ва молини муҳофаза қилади. Ушбу беш аслнинг муҳофазасини ўз ичига олган ҳар бир нарса маслаҳа – манфаатдир. Бу бешликка зарар етказадиган ҳар бир нарса мафсада – бузуқликдир. Ана шу зарарни даф қилиш ҳам маслаҳа, яъни манфаатдир».

Мақсади шундай олий даражада бўлган тузумгина инсон бахтини етарли даражада таъминлай олиши мумкин.

Ислом ана ўша олий мақсадни амалга оширган, йўлга қўйган ва улар билан инсонларни манфаатлантирган. Бу улкан ҳақиқатга тарих шоҳид, кўҳна инсоният шоҳид.

«Мукаммал саодат йўли» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Бухорий, имом Муслим каби зотларнинг устози бўлмиш Убайдуллоҳ Қоваририй розияллоҳу анҳу айтади .Хуфтон намозини жамоат билан ўқишни ҳеч қачон канда давоми...

1836 03:09 / 28.08.2020
Рамазон ойи рўзаси бошқа ибодатлардан кўра болаликнинг ҳаяжонли хотираларини уйғотиш билан қадрлидир. Ҳар қандай инсон тийнатида самимият ва софлик, беғуборлик давоми...

2586 12:10 / 06.05.2019
Ассалому алайкум Мен автосалонда ишлайман. Банклар биздан Автосалонимиздан мижозларига кредитга машина бериш учун биздан машина сотиб оладилар. Яъни, биздан давоми...

5824 13:37 / 11.08.2020
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир,, дедилар.Бешовларидан фақат Имом давоми...

2773 12:00 / 11.05.2020
Аудиолар

232050 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150563 09:35 / 11.08.2021