Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 6 рабиъус сони | 2024 йил 09 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (54-дарс). Ким амаким Аббосга йўлиқса, ўлдирмасин

14:05 / 09.10.2019 5273 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳни Робб, Исломни дийн, Муҳаммадни Расул деб рози бўлса, Иймон таъмини тотган бўлади», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган, Абу Довуд эса:

«Ким Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун ман қилса, батаҳқиқ, иймонни мукаммал қилган бўлади», деб келтирган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Олдин у киши билан танишиб олайлик.

Аббос ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф, оналари Нутайла бинти Ҳаббоб ибн Кулайб. Кунялари Абу Фазл. Бу киши Аббосийлар халифалигининг асосчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари, жоҳилият даврида Қурайш қавмининг раиси ва Масжидул Ҳаромнинг бошлиғи бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ансорлар ўртасида бўлган «Ақаба» байъатида иштирок этган ва нутқ сўзлаган. «Ҳунайн» жангида мусулмонлар енгилиб турган пайтда уларга тўғри йўлни кўрсатган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндошлари ичида энг яқини бўлган улуғ саҳобалардан эдилар.

Аббос розияллоҳу анҳу Исломга ҳижратдан олдин кирдилар, аммо иймонларини мушриклардан сир тутар, Маккада бўлган пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мушриклар хабаридан воқиф этар эдилар. Бадр жангида мушриклар томонида бўлиб, урушга мажбуран олиб чиқилган эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Ким амаким Аббосга йўлиқса, ўлдирмасин», деб айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларини жуда яхши кўрар эдилар. Ҳатто Бадр жанги тугаган куни амакилари асирликда ётганлари сабабли ухлай олмадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтар эдилар:

«Эй инсонлар, ким амаким Аббосга озор берса, менга озор берибди. Бу амаким отамнинг мен учун қолдирган кишисидир».

Аббос ибн Абдулмуттолиб Мадинага ҳижрат қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маккадаги мақоминг сен учун яхшироқдир», деганлар.

Бу зот хотинлари Умму Фазл билан ҳижратнинг 8-йили Рамазон ойида Маккадан Мадинага ҳижрат қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи васаллам: «Менинг пайғамбарлигим охирги пайғамбарлик бўлганидек, сизнинг ҳижратингиз охирги ҳижратдир», деб айтдилар.

Аббос ибн Абдулмуттолиб сахий кишилардан эдилар, бутун молларини урушга аскарларни жиҳозлаш учун сарф қилар эдилар. Ўз ҳисобларидан етмишта қул озод қилганлари ривоятларда келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Аббоснинг жону тани, молу дунёси Ислом хизматида бўлди.

Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида сув йўқлиги сабабли қаҳатчилик етди. Халифа бир неча марта дуо қилиб, сув талаб қилди. Лекин ёмғир ёғмади. Халифа Умар ҳазрати Аббоснинг ҳузурларига бориб, бирга чиқишини сўради. Ҳазрати Аббос мусулмонлар билан чиқиб, осмонга қўлларини чўзиб, дуо қилганларидан кейин, Аллоҳ инсонларни бу қаҳатчиликдан халос этди.

Бу зот ҳадис ривоят қилувчи улуғ саҳобалардан эдилар. Аббос розияллоҳу анҳу 35та ҳадис ривоят қилганлар. Бу кишидан Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Омир ибн Саъд, Аҳнаф ибн Қайс ва бош­қалар ривоят қилдилар.

Аббос розияллоҳу анҳунинг ўнта ўғли бўлиб, қизлари бўлмаган. Умрларининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолади. У киши ҳижратнинг 32-йили, Ражаб ойининг 16-куни 88 ёшларида Мадинада вафот этдилар. Бу ҳодиса Усмон розияллоҳу анҳунинг қатл қилинишларидан икки йил аввал содир бўлди. У кишига Усмон розияллоҳу анҳу жаноза намозини ўқидилар. Аббос розияллоҳу анҳу «Жаннатул-Бақийъ»­га дафн этилдилар.

Ушбу ҳадисда ҳам улкан маъно баён этилмоқда. Унда иймон таъмини тотиш, иймон мукаммаллигига эришиш қайси йўл билан амалга ошиши мумкинлиги баён қилинмоқда. Бунинг учун эса қуйидагилар амалга ошиши керак:

«Аллоҳни Робб» деб рози бўлиш.

Робб сўзи «тарбиячи» маъносини англатади. Урфда эса кўп маъноларни, жумладан, «ризқ берувчи», «тадбирини қилувчи», «яратувчи», «эга» маъноларини ифода қилади. «Робб» Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Аллоҳ таоло бутун оламларнинг яратувчиси, уларга ризқ берувчи, тадбирини қилувчи, эгалик қилувчи ва тарбияловчиси бўлганлигидан шундай аталган. Аллоҳни Робб деб рози бўлиш эса Аллоҳ менинг яратувчим, тарбиякунандам, эгам, ризқ берувчим, тадбиримни қилувчим деб, чин дилдан рози бўлишни англатади. Рози бўлиш оғиздаги қуруқ гап эмас, кўнгилдаги гумон ҳам эмас. Балки тўлиқ ишонч ва қаноатдир. Ким шу ишонч билан, шу қаноат билан яшаса, иймон таъмини тотиш йўлида катта қадам босган бўлади. Кейинги қадамлар эса

2. «Исломни дийн» деб.

3. «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул» деб рози бўлиш билан бўлади.

«Дин» деганда ҳозирги бузуқ тушунча кўзда тутилмайди. Ҳозирда дийн деганда масжид, намоз, қабристон, ўлганларга маросим қилиш ва шунга ўхшаш нарсалар тушуниб қолинган.

Аслида эса дийн Аллоҳ томонидан юборилган, инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун зарур бўлган кўрсатмалар тўпламидир. Демак, Иймон таъмини тотиш учун инсон Исломга тўлиқ амал қилиб яшашим керак, деган ишончга ва қаноатга эга бўлиши лозим.

Бунинг учун эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул, яъни Аллоҳнинг элчиси деб рози бўлиш керак. Ислом таълимотларини, ҳукмларини Аллоҳдан қабул қилиб, бандаларга етказган, ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зотни Расул деб рози бўлмагунча, иймоннинг таъмини тотиб бўлмайди. Ҳа, Аллоҳни Робб, Исломни дийн, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул деб рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиши мумкин. Шу мақсад йўлида машаққатларни кўтаришга рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиб кўриши мумкин. Аммо, чин қалбдан розилик, ишонч ва қаноат бўлмаса, иймон таъми ҳам бўлмайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Асҳоби суффалардан бўлган Жарҳад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга ўтирдилар. Соним очиқ давоми...

2285 19:00 / 26.07.2023
. . Баҳз Ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади .Мен .Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини давоми...

1902 19:00 / 19.07.2023
. . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сув қўйиб қўйдим ва тўсиб турдим. У киши ғусл қилдилар,. Муслим ривоят давоми...

2287 19:00 / 12.07.2023
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмон ndash мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. давоми...

5463 13:50 / 28.08.2019