1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Бутун вужудимиз билан бандалигимизни изҳор қилайлик

10:05 / 09.10.2019 2680 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир нарсанинг ўз вазифаси бор экан, у хоҳ моддий нарса бўлсин, хоҳ маънавий нарса. Биз моддий нарсаларни ҳам вазифасига кўра ишлатмай қўйдик. Телефон узоқни яқин қилиш учун эди, узоқ яқин бўляпти. Лекин кимлардир учун узоқдаги қадрдонлари билан алоқалари яқин бўлса, кимлардир учун фаҳш ишлар яқин бўляпти. Ўз тана аъзоларимизга нисбатан ҳам шу каби гапларни айтишимиз мумкин. Кўз кўриш, қулоқ эшитиш, тил гапириш учун ва ҳоказо. Кўриш, эшитиш, гапириш – ушбулар булар содир этиладиган аъзоларимизнинг мутлоқ вазифалари эмас. Бу вазифалар уларнинг яхшиларига тегишли. Чунки Аллоҳ кўзни фаҳшни кўрсин, қулоқ уни эшитсин, тил ғийбатдан бўшамасин, ёки шу каби вазифаларни бажаради, деб яратган эмас. Кўз Аллоҳ чор атрофимизни улар билан ўраб қўйган ажойиботларга тафаккур назари ила қараб, уларнинг ортида яккаю ягона яратувчи Зот – Аллоҳ таоло борлигини билишимиз учун. Қулоқ гапни эшитиб, Аллоҳ айтганидек уларнинг энг гўзалига эргашмоғимиз учун. Тил Аллоҳни зикр қилиш ва бизларни Роббимизга яқинлаштирадиган бошқа нарсаларни гапиришимиз учун, аслида бу ҳам Аллоҳни зикр қилишдан. Қолган тана аъзоларимиз ва уларнинг вазифаларига нисбатан ҳам шу кабиларни айтишимиз мумкин.

Кимдир ўзида бор нарсани вазифасига кўра ишлатмоқда, кимдир аксинча, яъни кимдир ютмоқда, кимдир ютқазмоқда. Қалб, унинг вазифаси ва бу қай даражада адо этиляпти, ана шунга нисбатан олганда эса ютиш-ютқазиш масаласи яна ҳам жиддийлашади. Бунда ютганлар катта ютуқни, ютқазганлар эса улкан мағлубиятни қўлга киритадилар. Ичимизда қалби борлигини, у ҳам бемор ва соғлом ҳолатларда бўлишини, бемор бўлганда даволаш, соғлом пайтида уни шу ҳолатида ушлаб туриш чораларини кўриш кераклигини, унинг ўлими кишини икки дунё саодатидан маҳрум қилишини, беморлиги эса ушбу саодатни нуқсонли қилишини ва шу кабиларни билиб, шунга кўра иш тутувчиларимиз анчайин камайиб кетдик. Қалб ўз вазифасини бажарганда соғлом, вазифасини нуқсонли бажарса бемор, бажармай қўйса ўлик бўлишини унутиб қўйдик. Қалбнинг вазифаси Аллоҳга доимий боғланиб туриш, Роббимизни доимий зикр қилиш эди. Қалбнинг ўз Роббини ҳақиқий зикр қилиши, у билан доимий боғлиқ бўлиши қалбдан маълум бир калималарни ўтказиб туришгина эмас, Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини қалбнинг туб-тубига жойлаш ва устига дунёвий ахлатларни ташлаб кўмиб юбормаслик, уларни доимий муҳофаза қилиш, бир ишга рўбарў келганда ана шу буйруқ ва қайтариқларга кўра иш тутишдир. Мана шулар Аллоҳни зикр қилишдир, мана шулар қалб ўз вазифасини бажаришидандир. У ўз вазифасини қойил қилиб бажарса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, қолган тана аъзоларимиз ҳам ўз ишини қойил қилади.

Қўйиб беринг, барчаси ўз вазифасини бажарсин. Уларни Аллоҳ унинг учун яратмаган нарсаларга мажбурламанг. Кўз “Мен Унга назар солишдан кўра маҳбуброқ неъмат йўқ бўлган – Роббимнинг жамолини кўриш учунман, мени шунга етказадиган йўлларда ишлат” деб турганда, уни ҳаромга назар солишга мажбурламанг. Қулоқ “Мен Роббимнинг жаннатида “Сизларга розилигим тушди. Бундан кейин сизларга асло ғазаб қилмайман” дейишини эшитмоқ учунман, унгача бу дунёда мен билан гапни эшитиб, Аллоҳ айтганидек, энг гўзалига эргаш” деб турганда, у билан ҳар турли бемаза куй-қўшиқ, беҳудагарчиликларни эшитманг. Тил “Мен билан фақат яхши гап айт ёки жим тур, шунда сени бу каби ишларинг учун кафолати берилган жаннатга етаклайман” деб турганда, у билан ёлғон, ғийбат, бўҳтон, чақимчилик кабиларни содир этиб жаҳаннамга ўзингизни яқинлаштирманг. Қалб “Мен Аллоҳ таолонинг назаргоҳиман. Мени Аллоҳнинг ҳузурига тоза ҳолимда олиб бор, шунда мен ила у кунда – на мол ва на болалар манфаат бермайдиган қайта тирилтириладиган кунда – Аллоҳнинг изни ила манфаат топасан” деб турганда, уни ҳиқд-адоват, ҳасад, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга муҳаббат билан тўлдирманг.

Бутун вужудингизга қулоқ солинг. Ҳар бирининг ўз айтар сўзи бор. Уларни ўзлари яратилган мақсад сари йўллаб қўйинг. Ҳавойи нафсимизнинг ўткинчи хоҳиш-истакларини бажариш йўлида куйиб ёнмасинлар. Уларни Аллоҳнинг розилигига етишмоқ учун сафарбар қилинг. Улар ўз вазифасини бажаришлари учун, ўзлари яратилган мақсадда хизмат қилишлари учун ёрдам беринг. Оёққа айтинг, ёмонликни кўрадиган, эшитадиган, тил бундан таъсирланиб уни гапирадиган ва шу каби ёмон ҳолатлар бўладиган жойга бормасин, қалбнинг моғор босишига сабаб бўлмасин. Солиҳлар орасида юрсин, Аллоҳнинг ҳақиқий бандалари орасида. Аллоҳ таолонинг “Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!” деб айтганидаги бандалари билан биргаликда У Зотнинг жаннатига кириш учун бу дунёда ҳам Аллоҳга бандалигини қилиб юрганлар билан юрсин. Маишатпарастликлар, Аллоҳнинг зикрисиз ўтадиган беҳуда суҳбатлар, на дунёси ва на охирати учун ҳеч бир фойдаси бўлмаган ишлар томон кетавермасин, тўхтасин. Аллоҳнинг ҳақиқий бандаларини, одамлар ичидан бандалигини унутмаганларини ва ўзини шунга яраша тутиб юрганларини топсин, ана ўшалар билан юрсин. Аллоҳ таоло “одамлар орасига киргин” демади, лекин Роббимиз “Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!” деди. Одамларга сиз уларга фойда бермайдиган ёки сиз улардан фойда олмайдиган ишларда аралашаверманг, Аллоҳнинг мухлис бандалари билан бўлинг. Бутун вужудингиз билан бандалик вазифангизни бажаринг.

Ўзингизни моддиятларга кўмиб юборманг. Руҳга ҳам эътибор беринг. Руҳ Аллоҳга боғлиқ бўлиб турса, роҳатланади. Аксинча бўлганда эса сиқилиб қолади. Бунинг мисоли, кўзи кўрадиган одамнинг кўзини, қулоғи эшитадиган одамнинг қулоғини беркитиб қўйилса, ўзини қўярга жой топа олмай қолганидек. Чунки кўз кўриб, қулоқ эшитиб роҳатланади. Руҳ эса Аллоҳга боғлиқ бўлиб турса роҳатланади. Ана шу боғланиш йўқолса, руҳ ҳам ўзини ёмон ҳис қилади, танадан чиқиб кетгиси келиб қолиши ҳам бор. Ўз жонига қасд қилиб қўяётганларнинг кўплари ана шу боғланишни йўқотиб қўйишган.

Роббимиз, бизларни йўқдан бор қилган Яратувчимиз – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи барчаларимизни бандалигини бутун вужуди билан адо этадиганлардан қилсин. Зеро, Аллоҳдан ўзгага қуллик хорлик, Унинг Ўзигагина бандалик шарафдир. Бизларни шуни тушуниб етадиганлардан ва шунга кўра иш тутадиганлардан қилсин, дунё ва охират хорлигидан паноҳ бериб, икки дунёда ҳам фазли ила юксалтирсин.

Охунжон Охунов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда зардўштийлик динини илгари сураётган кишиларни кўп ўқияпмиз, уларнинг наздида барча мусулмонлар арабпарастлар экан, энг давоми...

5001 11:00 / 30.03.2020
263Бунга мисол тарихда, бир шартнома тузилди,Кенгаш қилиб барча эл , Каъбатуллоҳ бузилди,Обрў учун қон тўкар, ҳатто меҳр узилди,Тинчликпарвар бир Зотни ҳакам давоми...

2719 19:30 / 18.09.2019
У ёшлигининг ярмини йўлтўсарлик қилиб, одамларнинг молини талаб, қароқчилик ва зўравонлик қилиб ўтказди. Фузайл ўзи талаб олган молларни айшишратга, давоми...

4649 11:05 / 25.09.2019
Бисмиллаҳдан бошладим, сизлар учун бир ҳикмат,Фақирларга башорат, оқил учун бир ибрат.Ийд Қурбон келганда, Расулуллоҳ чоғланди,Сўймоқ учун икки қўйнинг, оёқлари давоми...

2140 16:17 / 31.07.2020
Аудиолар

135309 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55560 14:35 / 11.08.2021