1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

«Ҳилол» журналининг 6-сонини варақлаб...

13:30 / 30.09.2019 2090 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жорий йилдан бошлаб нашр этилаётган “Ҳилол” журнали аста-секин ўз мухлисларига эга бўлиб, уларнинг доимий ҳамроҳига айланмоқда. Унинг ҳар бир сони алоҳида бир мавзуларга бағишланаётгани журналхонни шу мавзу юзасидан кенгроқ билим олишига имкон бераётир.

Нашрнинг навбатдаги 6-сони ҳам долзарб масала – илм олишга бағишланган бўлиб, унда илм олиш фазли ва талаблари, устоз ва шогирд муносабатлари каби мавзуларда бир-биридан қизиқ мақолалар, ривояту ҳадислар келтирилганки, уларнинг ҳар бири ўқувчида катта таассурот қолдириши баробарида илму маърифат томон етаклайди.

Журналнинг илк “Муҳаррир минбари” саҳифасининг ўзиёқ кишини мулоҳазага, ҳушёрликка чорлайди. Унда илм олишнинг бугунги аҳволи ва фойдалари ҳақида сўз юритилиб, муаллиф “Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий маросимларга сарфлаб юборяпмиз. Илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ҳаяжон билан воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга эса вақт-имкон “топа олмаяпмиз”, дея алам билан ёзади.

Журналнинг кейинги саҳифасидаги “Олимлар ҳаққи” мақоласи ҳам ўқишли, ҳам уқишлидир. Уни қунт билан ўқиган киши илм олиш ва олимликнинг даражаси нақадар улуғ эканлиги ҳақида батафсил тушунчага эга бўлади. Хусусан, унда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари келтирилади: “Олимнинг обиддан (ибодатлидан) фазли тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди” деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Олимнинг бир кунлик ибодати обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг” дейилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом яна бир ҳадисларида: “Қиёмат куни уч тоифа кишилар шафоат қилишади. Булар – пайғамбарлар, олимлар ва шаҳидлар” деганлар. Демак, аён бўляптики, олимлик пайғамбарлик билан шаҳидлик ўртасидаги мартаба экан.

Шунингдек, журналдаги “Илм эгалари фазли” мақоласида ҳам шундай ҳадис келтирилади: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёйишади. Олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдиришмаган, улардан мерос бўлиб илм қолган. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”. Мазкур мақола айнан шу ҳадис шарҳига бағишланиб, унинг туб моҳияти очиб берилади.

Нашрдаги “Ҳилол меҳмони” рукни остида бериб борилаётган суҳбатлар ҳам ўқувчиларни беэътибор қолдираётгани йўқ. Исхоқжон домла Бегматов билан бўлган навбатдаги суҳбат ҳам ана шундай жонли ва қизиқарли дея бемалол айта оламиз. Чунки имом домла айни кунда долзарб бўлиб турган, устоз-шогирд муносабатлари, устоз танлаш ва илм олишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳамда шу каби бир қатор муҳим масалаларга тўхталиб ўтган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, журналда берилган ҳар бир мақола ўзига хос ва қизиқарлидир. Ҳеч бирини оддий кўз югуртириб ўқиб бўлмайди. Бу эса журнал таҳририятининг ютуғидир. Шундай бўлса-да айрим чиқишларни келтириб ўтиш жоиз.

Жумладан, мавзу юзасидан берилган “Устоз эҳтироми”, “Олимнинг ҳиммати”, “Китоб ўқимай қўйдик”, “Мадраса ва илмий маъҳадлар”, “Билмайман”ни биласизми?”, “Устозларда ибрат бор” каби мақолаларни ўқиган киши бир олам билимга эга бўлади.

Айниқса, “Мадраса ва илмий маъҳадлар” мақоласида кўплаб тарихий маълумоту манбалар қайд этилган. Жумладан, қадимда устозларга маош тайинлаш борасида тортишувлар бўлганлиги ҳақида ажойиб бир тарихий факт келтирилган:

“Низомулмулк турли шаҳарларда мадрасалар бино қилдиргач, уларда дарс берадиган мударрисларга маош тайин этади. Уламолар тўпланиб, бу ишни қоралаб, илмнинг баракаси кетганини айтишди ва мотам тутишди. Ушбу маросимда бундай сўзлар айтилган: “Уни шарафли деб билган ва у билан камол топишни мақсад қилган олийҳиммат, қалби тоза кишилар илм билан шуғулланишарди. Агар илмга ҳақ тайинланса, унга тубан ва танбаллар яқинлашади. Бу эса илмнинг хорланиши ва заифлашишига сабаб бўлади”.

Бу сўзлар айтилганига неча асрлар ўтган бўлса-да, шу кунларда ҳам аҳамиятини йўқотмагандек. Чунки илм олиш манфаат учун эмас, балки қизиқиш, маънавий камолот, Ҳақ йўлида бўлиши керак, назаримизда.

Қисқа қилиб айтганда, журналнинг навбатдаги сони ўтган сонларга қараганда анча залворли ва ранг-барангдир. Бу эса ҳар бир ўқувчида қониқиш ҳиссини уйғотиб, унинг маънавий камолотига хизмат қилиши тайин.

«Ҳилол» журнали 6-сонидан Бобур Муҳаммадий тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Эрхотин орасида жанжал чиқди. Жаҳлдан ақлини йўқотиб, тилини тиёлмаган эр хотинигаmdash Сендан ажраламан Ва сени фақат бахтсиз, нурсиз ва омадсиз бир кунда давоми...

6182 13:45 / 26.09.2019
Дарс тугади. Кейингисигача ўн дақиқа бор. Ҳамма дарсхонани тарк этиб, кейинги дарс ўтиладиган хонага йўл олди. У ҳам дарс анжомларини йиғиштириб, хонадан чиқиб давоми...

3787 09:05 / 24.09.2019
Икки ўғлим тортишиб жанжаллашиб қолди. Ҳеч ажрата олмадим. Нимани талашаётганини сўрасам, давлатларнинг байроқлари туширилган расмлар ҳақида экан. Жаҳлим давоми...

8989 11:10 / 29.02.2020
263Бунга мисол тарихда, бир шартнома тузилди,Кенгаш қилиб барча эл , Каъбатуллоҳ бузилди,Обрў учун қон тўкар, ҳатто меҳр узилди,Тинчликпарвар бир Зотни ҳакам давоми...

2784 19:30 / 18.09.2019