1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳни таниганларида...

09:10 / 26.09.2019 2953 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар қандай инсон ва жамият ҳаётидаги муаммоларнинг асоси бу - диний ҳақиқатларни билмаслик ва уларга амал қилмасликдандир. Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик бандани мусулмонликдан чиқариб кофирликка киритиб қўйиши мумкин. Куфрга олиб бориши мумкин бўлган ҳар бир нарса эса ҳаромдир.

Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик бирор инсоннинг фаҳшга берилиши ёки фаҳш жамиятда тарқалишида ҳам кўринади. Агар инсонлар Аллоҳни таниганларида, У Зот кўрсатган динни билганларида ва унга оғишмай амал қилганларида икки дунё бахтига эришган, хусусан жинсий ҳаётларини ҳам гўзал суратда йўлга қўйган бўлар эдилар.

Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилган: «Агар улар иймон келтириб, тақво қилганларида, гар билсалар, Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб яхши эди» (Бақара сураси, 103 оят).

Ушбу ояти каримада инсонлар агар билсалар бу дунёдаги Аллоҳ кўрсатмаларига зид нарсалардан кўра охиратдаги савоб ва мукофот яхшироқ эканлиги айтилмоқда. Бу дунёдан кўра охират яхшироқ ва абадий эканлигини билган инсон унга ҳаракат қилади, аммо Аллоҳни танимаса, динни билмаса ҳеч нарса қила олмайди. Демак у ҳалол ва ҳаромни, фарз нима, вожиб нима, суннат нима, макруҳ нима билиши зарур. Оятларда Аллоҳдан олим бандаларгина қўрқишлари, билган инсонлар билан билмаган инсонлар тенг бўла олмаслиги айтиб ўтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларини илм олишга, хусусан динни таълим олишга буюрганлар ва ҳар бир мўмин ва мўминага Ислом дини асослари, банданинг намоз, закот, рўза, ҳаж, ҳалол ва ҳаром ҳақида илм олиши фарз ва қарз эканлигини эълон қилганлар. Ушбу санаб ўтилган нарсаларни билиш ўзини мусулмон ҳисоблаган киши учун ихтёрий эмас мажбурийдир.

Шунингдек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ кимга яхшилик беришни ирода қилса, уни динда фақиҳ (чуқур билимдон) қилиб қўяди» деб марҳамат қилганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бой қилиб қўяди, машҳур қилиб қўяди, соғлом қилиб қўяди демаганлар. Демак энг катта яхшилик ўз динини билишда экан, бу яхшиликнинг олдига ҳеч нарса туша олмас экан.

Агар зино ва унга боғлиқ ишларни қилувчи, уларга боғланиб қолган ёки қилмоқчи бўлган банда Аллоҳ зино ва унга боғлиқ ишларни ҳаром қилганини, бу нарса дунё ва охиратда бахтсизликка олиб боришини, Аллоҳ учун ўз шаҳватларини жиловлаган инсон учун жаннатда тайёрланган абадий роҳатлар, шаҳватини жиловламаганларга жаҳаннамда тайёрланган чексиз азобларни билганида эди...! Агар у Роббисининг қанчалар улуғ эканлиги, унга нисбатан қанчалар меҳрибон эканлигини ва унинг дини нақадар олий, юксак инсоний фазилатлар эканини, Аллоҳ учун ўзига зарарли ишдан воз кечиш нақадар буюк қаҳрамонлик эканлигини билганида эди...!

Киши ўз динини билиб унга амал қилса, биз юқорида санаб ўтган фаҳшга олиб борувчи йўлларни айтиб ўтиришга ҳожат қолмаган бўлар эди. Зеро барча муаммоларнинг боши ўз динини билмаслик ва унга амал қилмасликдир.

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу гаров турида сотувчи товарнинг ўзини бўлмасада, унинг эгадорлик ҳужжатларини гаровда ушлаб турса бўлади. Бу ҳолда ҳужжатларни гаровда ушлаш билан гаров давоми...

2514 14:00 / 12.08.2019
Тўпланган молмулкнинг ҳисобкитоби ўта қаттиқ, шиддатли бўлади. Аллоҳ таоло молдунёга эга қилган инсонлар ҳаром йўллар билан қўлга киритилган мулк ва бойликнинг давоми...

3266 21:03 / 06.10.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили Рамазонда жангчи саҳобаларга оғизларини очишга рухсат бердилар. Бундан мақсад душман билан тўқнаш келганда давоми...

4534 17:57 / 06.06.2017
Келинг, бу илмнинг аҳамияти қанчалик катта эканини ҳис қилиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган маълумотларнинг давоми...

4738 15:06 / 03.07.2019
Аудиолар

210859 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130124 14:35 / 11.08.2021