1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Қудачилик алоқалари (тўртинчи мақола)

11:05 / 24.09.2019 2235 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу сабабни билиш учун имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятни ўрганиш керак:

«Ўша хабар одамларга тарқалди. Улар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуда тарафларини қул қилиб бўлар эканми, деб, қўлларидаги барча Мусталақда тушган асирларни озод қилиб юборишди. Уларнинг сони юзта аҳли байтга етган эди. Бу у зот унга уйланганлари учун бўлди. Мен ундан кўра ўз қавмига баракаси кўпроқ бўлган аёлни билмайман. Бу иш у зотнинг Мурайсиъ ғазотидан қайтганларида бўлган».

Ҳа, энди тушунарли бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Мусталақнинг улуғининг қизига уйланиш орқали ўша қавмнинг барчасини қулликдан озод қилишни ирода қилган эканлар. У зот бутун бошли бир қавмнинг зоеликдан борликка, асирликдан озодликка, куфрдан иймонга қайтаришни ирода қилган эканлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа уйланишлари каби бу уйланишлари ҳам кони ҳикмат бўлиб чиқди.

У зотнинг Барра бинти Ҳорисга уйланганлари ҳақидаги хабар тарқалиши билан, саҳобалар буйруқ билан эмас, балки ўз ихтиёрлари билан бутун бошли бир қавмни қулликдан озод қилиб юборишди.

У зотнинг Барра бинти Ҳорисга уйланганликлари туфайли қулликдан озод бўлган бутун бошли бир қавм Исломни қабул қилди. У зотнинг бу уйланишлари яхшилик устига яхшилик, барака устига барака келтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги онамизнинг исмларини Баррадан Жувайрияга ўзгартирдилар.

Ушбу юқорида зикр қилинган ҳужжат-далиллар ҳамда улардан бошқаларини ҳам синчиклаб ўрганган, таҳлил қилган уламоларимиз мўмин‑мусмонлар қудачилик алоқаларига алоҳида эътибор беришлари лозимлигини таъкидлаганлар.

Ҳанафий уламолардан Бадруддин Айний роҳматуллоҳи алайҳи имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ига ёзган шарҳи – «Умдатул Қорий» номли китобида силаи раҳмни қуйидагича таърифлайди:

«Сила насабдош қариндошларга ҳамда қуда-андаларга яхшилик қилишдан иборатдир. Бу уларга гарчи узоқ бўлсалар ва ёмонлик қилсалар ҳам, лутф кўрсатиш, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳолларидан хабар олиш ила бўлади».

Катта уламолардан бири Ибн Асир айтади:

«Силаи раҳм насаб ва қудачилик орқали яқин бўлганларга яхшилик қилиш, уларга меҳр кўрсатиш, уларга юмшоқлик қилиш ва аҳволларидан хабар олишдир. Агар улар узоқлашган ва ёмонлик қилган бўлсалар ҳам. Силаи раҳмни кесиш эса, буларнинг барчасининг зиддидир. «Силаи раҳмини боғлади» деган гап бор. Бунда уларга яхшилик қилиш ила ўзи билан улар орасида қариндошлик ва қудачилик алоқаларини боғлаш тушунилади».

Бу ерда қуда-андалар ҳам қариндошлар билан баробар зикр қилинаётганига алоҳида эътибор беришимиз керак. Бизда қуда-андаларга қилинадиган яхшиликларни «силаи раҳм» дея тушуниш деярли учрамайди.

Аввал билмаган бўлсак, энди билдик. Энди билганимизга амал қилишимиз лозим. Қудаларни, қудачилик асосида бизга боғланган қишиларни «қариндош» деб, уларга ҳам силаи раҳм қилишни ўз масъулиятимиз деб билишимиз зарур.

Келин-куёвлар ҳам бир-бирларининг ота‑оналарини ва қариндошларини худди ўз ота‑оналари ва қариндошлари каби кўришлари, ҳурматларини жойига қўйишлари ва уларнинг розиликларини топишга ғайрат қилишлари лозим. Шунингдек, қайнона ва қайноталар ҳам ўзларининг келин ва куёвларини худди ўзларининг фарзандларидек кўришлари зарур. Албатта, уларга тегишли бўлган барча қариндошларнинг бир-бирлари билан бўладиган муносабатлари ҳам шунга қараб олиб борилиши керак.

Ана шунда никоҳдан кўзланган энг катта манфаатлардан бири – жамиятдаги уруғлар, қабилалар ва қавмларни қариндошларга айлантириш орқали жамият аъзолари орасидаги ўзаро жипслик ва ҳамкорликни зиёда қилишга эришилади.

(Тамом)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола Боин очиқойдин талоқ фақат талоққа ишлатилиб, ундан бошқага ишлатилмайдиган, .Сен талоқ бўлгувчисан,, .Талоқ қилингансан,, .Сени талоқ қилдим, каби давоми...

2270 15:06 / 14.12.2022
Эридан талоқ билан ёки эри ўлиб ажралган аёл киши белгиланган идда муддати тугамасдан бошқа киши билан никоҳланиши дуруст эмас. Бирор аёлга уйланмоқчи бўлган давоми...

2306 18:27 / 01 февраль
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимнинг учта қизи бўлса, уларнинг хархашалари, давоми...

4050 10:55 / 27.12.2019
Рофиъий айтади.Фақиҳ Аби Робиъанинг хотини вафот қилгач, уни дафн қилди. Қўлларини тупроқдан тозалади. Сўнгра уйига қайтиб келиб атрофга боқиб .Ла ҳавла вала давоми...

2592 11:00 / 23.02.2023