1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ҳукуматнинг Дин ишлари бўйича қўмитага алоқадор янги қарори кутилмоқда

14:20 / 23.09.2019 3201 pdf Ўқиш режими + -

Ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Бу ҳақда kun.uz манбаси хабар беради.

Низомга кўра, қўмита:

дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлашга масъул ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади;

жамиятда «жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятлар ифодаси эканлигини тарғиб этиш мақсадида барча давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларига бу борадаги фаолиятни амалга оширишга кўмаклашади;

мамлакатдаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганиш натижалари асосида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказиш чораларини кўради.

Қўмита ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.

Қуйидагилар қўмитанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;

диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;

жамиятда диний-маърифий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ушбу жараёнларда диний-маърифий соҳа вакилларининг иштирокини кенгайтириш;

давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш;

аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;

фуқароларнинг хорижий давлатларга ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга зиёрат туризмини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш;

экстремизм, сепаратизм ва мутаассиблик ғоялари таъсирига тушиб қолган шахсларни, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш, жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида маърифий-тарбиявий ишларни олиб бориш, бу борада илғор хорижий тажриба асосида таклифлар тайёрлаш;

манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолининг диний-ижтимоий жараёнларга муносабатини ўрганиш бўйича социологик сўровларни ташкил этиш.

Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларидан Қўмита ваколатларига кирувчи масалалар бўйича ҳужжатлар, статистик маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотни олиш;

Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритиш;

Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар бўйича идоралараро тусга эга халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро даражада белгиланган тартибда ифодалаш;

Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар кўриб чиқилганда давлат органлари ва ҳайъатлари мажлисларида иштирок этиш;

зиммасига юкланган вазифалар доирасида бевосита ёки идоравий мансуб ташкилотлар орқали хорижий соҳавий идоралар, илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

белгиланган тартибда Қўмита ваколатларига кирувчи масалалар бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ахборот алмашиш;

ўз ваколатлари доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шундай тадбирларда иштирок этиш;

зарурат бўлганда, Қўмитанинг расмий таклифи билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий делегацияларнинг республика ҳудудидаги яшаш ва транспорт харажатларини Қўмитанинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан миллий валютада қоплаш ёки харажатлари бўйича тўловларни амалга ошириш;

ўз фаолиятини кенг ёритиш мақсадида Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини яратиш;

ўз ваколатлари доирасида диний ташкилотларнинг, шу жумладан диний ўқув юртларининг фаолиятини, уларнинг ўқув жараёни ва дастурларини, ўқув-тарбиявий ишларини, фанлар бўйича ўқув режаларини, диний мавзудаги илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, уларга ушбу фаолиятни амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий ва методик ёрдам кўрсатиш;

диний ташкилотлардан зарур ахборотларни белгиланган тартибда олиш, шунингдек, улар томонидан ўтказиладиган фаолияти билан боғлиқ тадбирларда қатнашиш;

илмий марказлар, студиялар, нашриётлар ва босмахоналар ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Қўмита ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, мукофотлаш ва рағбатлантиришнинг бошқа турларини амалга ошириш;

юкланган вазифаларни бажариш ва фаолиятини замонавий талабларга мувофиқ такомиллаштириш учун белгиланган тартибда кенгашлар, комиссиялар, ишчи гуруҳлар ва жамғармалар ташкил этиш;

алоҳида вазифаларни бажариш учун функционал бўлинмалар ташкил қилиш.

Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
Kun.uz
Мавзуга оид мақолалар
Индонезияда ёш Қуръони карим ҳофизлари орасида мусобақа ўтказилди, деб хабар беради daralquran.org янгиликлар сайти.Мусобақа Имом Ҳусайн мақбараси Дорул Қуръон илм давоми...

2083 14:40 / 12.12.2018
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташриф буюриб, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Зиёрат асносида Қуръони Карим тиловат қилинди. Аллоҳ давоми...

2512 18:05 / 17.02.2023
Юртимизнинг тарихий масканларидан бўлган Самарқандда янги .Ургут, марказий жоме масжиди фаолиятини бошлади. Кеча 13 март куни Ургут туманида барпо этилган давоми...

3042 19:00 / 14.03.2021
Туркиялик Эркан Кучук мавжуд материаллардан ва хаттотлик маҳоратидан фойдаланиб, бадиий асарлар яратмоқда. Бу ҳақда islam.ru манбаси хабар берди.Эркан Кучук қўриқчи давоми...

2343 08:00 / 04.03.2021
Аудиолар

213174 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132392 14:35 / 11.08.2021