1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Муслима аёлларнинг кийими дунёдаги энг гўзалидир

14:20 / 18.09.2019 4377 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёлларнинг вакиласи Умму Салама онамиз аёлларнинг ўзларига хос ҳассослик билан масалани яна ойдинлаштиришни ирода қилиб:

«Ундай бўлса, оёқлари очилиб қолади», дедилар.

Яъни «Аёллар этакларини бир қарич тушириб юрганларида ҳам оёқлари очилиб қолиши турган гап. Унда нима бўлади?» Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳал қилувчи жавобни бердилар:

«Бир зироъ тушириб оладилар, ундан зиёда эмас», дедилар у зот».

Тўпиқдан бир қарич туширилган этакларидан ҳам оёқлари очилиб қоладиган бўлса, аёллар этакларини бир зироъ – икки қарич тушириб юрсинлар. Аммо ундан ортиғига рухсат йўқ. Бундан мақсад аврат ҳисобланадиган жойни номаҳрамларга кўрсатмаслик экани келиб чиқади. Мақсад қанчалик узун ёки қисқа бўлишида эмас экан.

Машҳур муҳаддислардан Абулқосим Тобароний ривоят қилган узун ҳадисда жумладан бундай дейилади:

«Умму Салама:

«Эй Расулуллоҳ, Аллоҳнинг «ъурубан атроба» деган ояти ҳақида гапириб беринг», деди.

«Улар бу дунёдан қариб, сочи оқариб, кўримсиз бўлиб кетган кампирлар бўлиб, уларни қиёматда Аллоҳ таоло тенгқур, бокира, эҳтиросли маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади», дедилар у зот.

Умму Салама онамиз:

«Эй Расулуллоҳ, бу дунёнинг аёллари афзалми, ҳури ийнларми?» дедилар.

«Эй Умму Салама, бу дунёнинг аёллари ҳури ийнлардан афзалдир», дедилар у зот.

Умму Салама онамиз:

«Нималари билан?» деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Намозлари, рўзалари, Аллоҳга ибодатлари билан. Аллоҳ уларнинг юзларига нур, жасадларига ипак кийгизган. Ранглари оппоқ, кийимлари яшил, зебу зийнатлари сариқ, тароқлари тилладан. «Мангумиз, ўлмаймиз, зор бўлмаймиз, бир жойда яшаймиз, кўчмаймиз, розимиз, аччиқланмаймиз, биз кимники бўлсак, ким бизники бўлса, яшасин», дейдилар», дедилар.

Умму Салама онамиз:

«Эй Расулуллоҳ, бу ерда баъзи аёллар икки, уч, тўрт эрга тегадилар. У дунёда ҳаммалари жаннатга кирсалар, аёл қайси эр билан бўлади?» дедилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Эй Умму Салама, у аёлнинг ихтиёрига қўйилади. Эрларнинг ичида энг хулқи яхшисини танлайди. «Эй Парвардигоро, мана бу менга яхши хулқли бўлган эди, мени шунга бергин», дейди. Эй Умму Салама, яхши хулқ икки дунёнинг яхшилигига эриштиради», дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорилфунунларида аъло баҳолар ила таҳсил олган Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо ўзларидан савол сўраб келган кишиларга ҳам катта ва чуқур илм соҳибаси сифатида қониқарли жавоб берар эдилар.

Абу Довуд, Молик ва Термизийлар ривоят қиладилар:

«Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Умму Саламага савол билан келиб:

«Албатта, мен этагимни узун қилиб юрувчи аёлман. Нопок жойларда (‎‏ҳам)‎‏‎ ‎‏юраман ‎‏‏‏деди. ‎‏Умму‏ ‏Салама:‎‏

‎«‎‏Расулуллоҳ‏ ‏соллаллоҳу‏ ‏алайҳи‏ ‏васаллам‏:‏‎ «‎‏У(этак)‎‏ни‏ ‏кейин‏ ‏келган(‎‏пок‏ ‏ер)‎‏поклайди», ‎деганлар», ‎‏деди‎».

Бу ҳадиси шарифдан бошқа шунга ўхшаш ҳадислар каби, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларининг – оналаримизнинг Ислом жамиятида тутган ўринларининг бир қиррасини англаб оламиз.

Ҳар бир жамият ҳам икки қисмга – аёлларга ва эркакларга бўлинади. Бу икки қисм ҳам ўзига яраша билимли бўлиши керак. Айниқса, шариатнинг аёлларга хос ҳукмларини эркак кишидан кўра аёл киши аёлларга ўргатгани маъқул. Бунинг устига, ўша вақтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ўзлари икки томонга баробар қарашга вақт топишлари ҳам қийин эди.

Шунинг учун ҳам аёлларга таълим бериб, уларнинг саволларига жавоб қилиш масъулиятининг бир қисми оналаримизга юклатилган эди. Уларнинг сонлари истисно тариқасида тўққизтага етишининг ҳикматларидан бири ҳам шунда! Ҳадисдан кўриб турибмизки, бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Умму Саламага савол билан келиб: «Албатта, мен этагимни узун қилиб юрувчи аёлман. ‎Нопок жойларда (‎‏ҳам)‎‏‎ ‎‏юраман‎‎‏», деди».

Бу аёлнинг исми Ҳамида бўлиб, Иброҳим ибн Абдурроҳман ибн Авфнинг ундан фарзанд кўргани учун озод қилган чўриси эди.

Маълумки, Исломда аёл кишининг узун этакли кийими матлуб. Шу билан бирга, ўша узун этакларни ифлос қилмасликлари ҳам матлубдир. Аммо баъзи ҳолларда Ҳамида розияллоҳу анҳога ўхшаб, хизмат юзасидан ёки бошқа сабаблардан нопок жойларда ҳам юришлари мумкин. Ана шунда кийимлари нопок бўлса, нима қилишлари керак?

Ҳамида розияллоҳу анҳонинг Умму Салама онамизга айтган сўзларида ана шу маънолар бор эди. У киши эса бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадислари билан жавоб бердилар:

«‎‏Расулуллоҳ‏ ‏соллаллоҳу‏ ‏алайҳи‏ ‏васаллам‏:‏‎ «‎‏У(этак)‎‏ни‏ ‏кейин‏ ‏келган(‎‏пок‏ ‏ер)‎‏поклайди», ‎‎деганлар», ‎‏деди‎».

Яъни бу «Узунлиги сабабли ердаги нопокликларга теккан этакни кейин келган пок ер тозалайди», деганларидир.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Аёл киши қандай кийимда намоз ўқийди?» деб сўралди.

«У Химорда ва бутун жисмни тўсиб турадиган, икки қадамининг устини беркитиб турадиган кўйлакда намоз ўқийди», дедилар у киши.

Химор – аёл кишининг боши ва кўксини тўсиб турадиган рўмолга ўхшаш нарса.

Умму Салама онамиз илмда ва фиқҳда кўпгина катта эркак саҳобалардан ҳам юқори турар эдилар. Ҳатто масала талашиб қолган саҳобийлар ажрим сўраб, Умму Салама онамизнинг ҳузурларига келишарди.

Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Абу Салама ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо жам бўлишганда эрининг ўлимидан бир неча кеча ўтиб туғадиган аёлни зикр қилиб қолишди. Ибн Аббос:

«Унинг иддаси икки муддатнинг узоғи», деди.

Абу Салама бўлса:

«Туғиши билан ҳалол бўлади», деди.

Иккови тортиша бошлашди. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Мен биродаримнинг ўғли томонидаман», деди.

Сўраб келиш учун Руқайбни Умму Саламанинг олдига юборишди. У (қайтиб) келиб:

«Умму Салама «Субайъа ал-Асламийя эрининг вафотидан бир неча кеча ўтиб, туғди. Кейин буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилган эди, у зот уни эрга тегишга амр қилдилар», деб айтди», деди.

Термизийнинг лафзида:

«Субайъа розияллоҳу анҳо эрининг вафотидан йигирма уч ёки йигирма беш кун ўтиб, туғди. Сўнгра никоҳланмоқчи бўлди. Бу унга инкор қилинди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинган эди, «Агар қилмоқчи бўлса, муддати келди», дедилар», дейилган.

Руқайб розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ходимлари бўлган. Ислом умматининг илм денгизи ҳисобланган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудек инсон Умму Салама онамиздан савол сўраганларидан кейин у кишининг илм бобида ким эканликларини билиб олсак бўлаверади.

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ривоят қилишда Оиша онамиздан кейинги ўринда турадилар. У киши 378та ҳадиси шариф ривоят қилганлар.

Умму Салама онамиз ҳадисларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан, Абу Салама розияллоҳу анҳудан ва Фотима онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар.

У кишидан кўпчилик ҳадислар ривоят қилганлар. Уларнинг ичида саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Саъийд Худрий, Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳум, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ва Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳолар бор. Шунингдек, у кишидан кўпгина тобеъинлар ҳам ҳадислар ривоят қилганлар.

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо фасоҳатда, шеърда ва адабиётда кўзга кўринган шахс бўлганлар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳиноланган бир неча дона соч толаларини доимо ўзлари билан олиб юрганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муслима аёлларнинг кийимлари дунёдаги энг гўзал, энг чиройли, энг одобли, энг яхши, энг муҳими эса – Аллоҳнинг амрига энг мувофиқ кийимлардир. Бундан ортиқ шараф бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳни унутган, Аллоҳдан қўрқмаганларгина бу кийимларга қарши чиқадилар. Чунки Ислом душманлари муслималар динларига амал қилсалар, Ислом жамияти енгиб бўлмас кучга айланишини яхши биладилар. Бу масалани барча мусулмонлар яхши англаб етишлари ва шунга яраша ҳаракат қилишлари лозим.

Уламо аҳли муслима аёлнинг либоси тўғрисидаги барча ҳужжат ва далилларни пухта ўрганиб чиқиб, жумладан, қуйидаги мулоҳазаларни айтганлар;

1. Аёл кишининг либоси таги билиниб турадиган даражада юпқа ва тор бўлмаслиги лозим.

2. Аёл киши тилла ва кумуш билан безалган, нақшланган кийимларни кийиши жоиз.

3. Аёл киши эркак кишининг кийимини кийиши ҳаром.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қурайш мушриклари Ислом дини ёйилишининг олдини олиш мақсадида мусулмонларга қарши зулмларини кунданкунга ошириб боришди. Улар рисолатнинг 7йилида милодий 617 давоми...

936 14:36 / 10 ноябрь
Бир аёл турмуш қурганига 35 йил бўлганда, ўзининг оила борасидаги фикрларини баён қилибди..Шуни тушундимки, отаонасига, аёлига, опасинглисига, фарзандларига ва давоми...

3631 18:30 / 29.03.2022
Макканинг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлмиш Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Умму Рувмон бинти Омир Канония исмли хотинлари бор эди. Бу аёл жоҳилият пайтида давоми...

4835 12:09 / 01.11.2018
биринчи мақолаУмму Салама онамизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқиб, у зотнинг азвожи мутоҳҳараларидан бири бўлишларининг ўзи катта шараф давоми...

1848 16:10 / 22.08.2019