1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Аллоҳ зинога яқинлашмасликка буюрган (иккинчи мақола)

17:00 / 28.05.2020 4636 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом бирор нарсани ҳаром деб эълон қилса, унга боғлиқ бўлган, унга олиб борувчи нарсаларнинг барча кўринишларини ҳаром деб эълон қилади. Масалан маст қилувчи ичимликни ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром, уни тайёрлаш, олиб келиш, сотиш, умуман маст қилувчи ичимликка алоқадор барча ишлар ва кўринишлар ҳаром. Ёки масалан рибонинг ҳам барча кўринишлари, унга олиб борувчи йўлларнинг ҳаммаси ҳаромдир.

Биз бу ўринда зинога олиб борувчи йўлларнинг барчаси ҳаром эканлигини баён қилишга, уларни имкон борича санаб ўтишга ҳаракат қиламиз, улар:

Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик.

Номаҳрамлардан кўзни тиймаслик.

Номаҳрамлар билан холи қолиш. Фаҳш нарсаларни - телевидиние, интернет ва бошқа воситалар орқали кўриш, фаҳшга доир адабиётларни ўқиш.

Ўзини чиройли қилиб кўрсатиш. Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ва фаҳш мавжуд жойларга бориш. Имконияти бўла туриб уйланмай ёки узатилмай юриш. Эр аёлини, аёл эрини рашк қилмаслиги. Ушбу санаб ўтилган нарсалар ҳақида бирма-бир сўз юритишдан олдин жинсий яқинликнинг даражалари ҳақида баҳс қилсак.

Жинсий муносабатнинг тўрт даражаси

Ислом олимларидан бўлган доктор Аҳмад Сакр ўзининг «Исломда никоҳ ва оилавий ҳаёт» китобида ҳалол ёки ҳаром бўлишидан қатъий назар жинсий муносабатнинг тўрт даражасини санаб ўтганлар. Ушбу даражалар зино ва унга олиб борувчи йўлларнинг барча кўринишларини ўз ичига олган. Улар қуйидагилар:

Жинсий муносабатнинг тўртинчи даражаси

Ушбу турдаги жинсий муносабатларда инсон жинсий алоқага доир нарсаларни кўради, эшитади ёки ҳис қилади. Биологик аъзолар эса бу нарсаларга ўзига хос жавоб беради. Бош миянинг остида жойлашган гипофиз жинсий гармонлар ажратиб чиқаради ва гармонлар бутун танага тарқаган ҳолда кўриш, эшитиш, ҳис қилиш натижасида юзага келган импульсларга ўзига хос таъсир ўтказади. Ушбу даражадаги жинсий муносабатлар ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади. Аммо бир нарса аниқки, ушбу даражадаги жинсий алоқага киришган киши кейинги, яъни учинчи даражадаги жинсий алоқага ўтиб кетиши мумкин.

Жинсий яқинликнинг учинчи даражаси

Ушбу турдаги жинсий алоқаларда ўзаро тегиниш, қучоқлаш ва ўпишдан нарига ўтилмайди. Турли хил рақсларни ҳам шу даражага киритилса тўғри бўлади. Ушбу даражадаги жинсий алоқалар ҳам ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади. Инсон учинчи даражадаги жинсий алоқаларга киришса, иккинчи даражадаги жинсий алоқаларга киришишдан ўзини тутиб туриши жуда мушкул бўлади.

Жинсий яқинликнинг иккинчи даражаси

Ушбу турдаги жинсий алоқалар жинсий қўшилишдан бошқа барча ҳаракатларни ўз ичига олади. Ушбу даражадаги жинсий алоқалар ҳам ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади. Инсон иккинчи даражадаги жинсий алоқаларга киришса, биринчи даражадаги жинсий алоқаларга киришишдан ўзини тутиб туриши деярли мумкин бўлмай қолади.

Жинсий яқинликнинг биринчи даражаси

Ушбу турдаги жинсий алоқа бу жинсий қўшилишдир. Бунда инсон жинсий алоқага бутунлай киришган ҳисобланади. Ушбу даражадаги жинсий алоқа ҳам ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади.

Исломда ушбу тўрт даражанинг энг енгилига, яъни тўртинчи даражага ҳам ҳаром йўл ила киришиш ҳаром қилинган. Мусулмон эркак ёки аёл фаҳш бўлган суратлар, фильмларни кўриши, турли фаҳш воқеаларни эшитиши ва ўқиши, фаҳш мусиқа ва қўшиқларни тинглаши мутлақо ҳаромдир. Шунингдек учинчи даражага кирувчи муносабатларга ҳам ҳаром йўл ила киришиш ҳаром қилинган. Мусулмон эркак ва аёл фаҳш бор йиғинлардан, рақслардан узоқда бўлиши, фаҳшга берилган инсонларни ўзидан четлатиши шартдир. Инсон бу даражаларга қанчалик кириб борар экан ўзини тўхтатиб олиши шунчалик қийин бўлади.

Аллоҳ таоло бежизга: «Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир» деб айтмаган (Исро сураси, 32-оят).

Оятда Аллоҳ зино қилмасликка эмас, зинога яқинлашмасликка буюрган. Зинога яқинлашиш ҳаром, унга яқинлашгач ундан қутилишга Аллоҳнинг ёрдами ва катта иродали куч керак бўлади.

Афзал Аброр таржимаси.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади.Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан азоб билан ушладик, Анъом сураси, 44.Яъни, уларга ўйламаган давоми...

4501 18:30 / 19.11.2018
Аллоҳ таоло буюради.Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз, Анъом сураси, 121.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ояти кариманинг тафсирида шундай давоми...

3706 16:25 / 31.01.2019
Аллоҳ таоло марҳамат қилади.Эй мўминлар, қачон жума кунидаги намозга чорланса яъни, азон айтилса, дарҳол Аллоҳнинг зикрига яъни, жума намозини адо қилиш учун шошиб давоми...

4595 17:40 / 27.12.2018
Номаҳрамлар билан суҳбатлашишга оид ҳукмларТурли ҳужжатларни расмийлаштириш, савдосотиқ муомалалари, ижара, қарз олдиберди, гувоҳлик, таълим беришда, даволаниш давоми...

3614 17:30 / 03.07.2020