Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (50-дарс). Файласуфларнинг «Олам қадимдир», деган гаплари

13:35 / 09.09.2019 4853 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ғаззолийгача фалсафа Исломга қарши ҳужум қилар ва мусулмон уламолар ҳимояланиш билан кифояланар эдилар. Худди Ислом айбдор-у, илми калом уламолари унинг номидан фалсафага узр айтаётганга ўхшар эди.

Имом Ғаззолий эса ўзлари фалсафани яхши билганлари учун, унинг камчилик ва айбларини англаб етганлари учун, бевосита унга шиддатли ва аёвсиз ҳужум қилишни йўлга қўйдилар. Бунинг учун аввал фалсафани кўпчиликка улар тушунадиган услуб ва тилда англатиш лозим эди. Чунки ўша давргача фалсафа китоблари кўпчилик тушунмайдиган услуб ва тилда ёзилар эди. Уни фақат файласуфларгина англаб етар эди. Бу эса ўзига хос тўсиқ яратган ва файласуфлардан бошқаларга фалсафа ҳақида сўз юритиш имконини йўққа чиқарган эди.

Имом Ғаззолий «Мақосидул фалосифа» номи билан осон тил ва услуб ила китоб ёзиб, кўпчиликка фалсафа нима ва файласуфлар нимани мақсад қилиб олганликларини тушунтириб бердилар. Бу китобда имом Ғаззолий фалсафий истилоҳларни ва файласуфлар юритадиган баҳсларни ҳеч қандай шарҳ ёки танқид қилмай, уларнинг айни ўзини келтирдилар.

Имом Ғаззолий кўпчиликка фалсафа нима, файласуфлар ким ҳамда уларнинг мақсадлари қандайлигини англатиб олганларидан кейин, фалсафани танқид қилишга ўтдилар.

Бу ишни имом Ғаззолий асосан «Таҳофутул фалосифа» номли китобларида амалга оширдилар. Бу китобнинг муқаддимасида имом Ғаззолий ўша пайтларда бошқалардан ўзларини юқори тутадиган тоифалар чиққанини, улар исломий ибодатлардан бош тортаётганларини, динга шиор бўлган намозга ўхшаш нарсаларга паст назар билан қараётганларини, ҳаром қилинган нарсалардан сақланмаётганларини, баъзилари эса бутунлай диндан чиқиб кетганларини ва бошқа афсусланарли ҳолатлар бўлаётганини айтадилар. Сўнгра мазкур шахсларнинг куфрга кетишлари сабаби ҳақида қуйидагиларни ёздилар:

«Аммо уларнинг куфрларининг сабаби Суқрот, Буқрот, Афлотун, Аристотулис каби улуғ исмларни, уларнинг издошларидан ақллари ўткирлиги, усулларининг гўзаллиги, ҳандаса, мантиқ, табиат ва илоҳиётга оид илмларни нозик жойларигача билишлари ҳақидаги мақтовларни, ниҳоятда ақлли бўлганлари учунгина ана шу ишларни қила олишлари ҳақидаги муболағали гапларни эшитганларидир.

Шунингдек, ана ўшалар ақллари ўткир бўлишлари ва фазллари кўп бўлишига қарамай, шариатлар ва динларни инкор қилишлари, динлар тўқиб чиқарилган ҳийла-найрангдан иборатлигига эътиқод қилишлари ҳақидаги ҳикояларни тинглаганларидандир».

Имом Ғаззолий ўзларининг бу китобларига тўртта муқаддима қилганлар. Биринчисида ўз услубларини, иккинчисида файласуфларнинг ҳолини, учинчиси ва тўртинчисида уларнинг шариат билан тўқнашадиган ва тўқнашмайдиган илмларини баён қилганлар.

Кейин эса файласуфларни танқид қилишга ўтганлар. Бу танқидлар илоҳиётга ва метафизикага оид ўн олтита ҳамда табиат илмларига тегишли тўртта масалани ўз ичига олган.

Мазкур йигирма масаладан учтасида файласуфлар куфр кетганлиги ҳақида қарорга келинди. Ўша уч масала қуйидагилар:

1. Файласуфларнинг «Олам қадимдир», деган гаплари.

Файласуфлар ўзларининг турли ақлий далилларидан келиб чиқиб, «Олам қадимдир, у кейин пайдо бўлган ҳам эмас, уни биров яратган ҳам эмас», деган фикрни айтганлар.

Имом Ғаззолий уларга олам қадимий илоҳий ирода ила мавжуд бўлгани, ўша ирода оламнинг маълум вақтда вужудга келишини ирода қилгани, ундан олдин мавжуд бўлиши ирода қилинмагани, шунинг учун у пайдо бўлмагани, янги пайдо бўлган ҳар бир нарса эса силсила ила охирги ва қадимги сабабга бориб тақалиши ва ўша сабаб Аллоҳ таоло эканлигини таъкидладилар.

2. Файласуфларнинг «Аллоҳ таоло жузъий нарсаларни билмайди», деган гаплари.

Файласуфларнинг фикрича, гўё Аллоҳ таоло фақат собит куллиётларнигина билади. Шу нарса Унинг камолига мос келади. Жузъий – майда нарсалар ўзгариб туради. Шунинг учун уларга боғлиқ илм ҳам ўзгариб туради. Илмнинг ўзгариб туриши эса Аллоҳ таолонинг камолига тўғри келмайди. Аллоҳ таоло инсониятнинг амалларини жамланган шаклда, умумий ҳолда билади, холос. Одамлардан алоҳида шахсларнинг қилган амалини билмайди.

Имом Ғаззолий Аллоҳ таоло ўша жузъий амалларнинг барчасини ўзгармас битта илм ила билишини таъкидлайдилар.

3. Файласуфларнинг охиратда жасадларнинг қайта тирилишини инкор қилишлари.

Уларнинг фикрича, охиратда фақат руҳлар қайта тирилтириладилар, холос. Бинобарин, жаннатда жисмнинг лаззатланиши ва дўзахда азобланиши ҳам бўлмайди.

Имом Ғаззолий эса жисмларни йўқдан бор қилишга қудрати етган Аллоҳ таоло уларни чириганларидан кейин қайта тирилтириши осонроқ эканини таъкидлайдилар.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифаликни биринчи навбатда барча умматдан афзалликлари ва муқаддамликлари учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу давоми...

18988 22:49 / 02.12.2016
биринчи мақола Қўлёзмаларга илм манбаси сифатида қарашда ҳам мусулмонларга тенг келадигани йўқ. Ҳар бир қўлёзма қачон, ким тарафидан ва қаерда ёзилгани аниқ давоми...

3411 13:01 / 02.11.2020
Шайх Муҳаммад ибн Aлий ибн Муҳаммад Боитийя .Ғоятулмуно Сафийнатуннажаҳ, китобида шундай дейди.Aҳли сунна ва жамоа мазҳаби эътиқоддаги Ашъарий ва Мотуридий давоми...

2294 13:30 / 23.08.2021
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлМалик Барча нарсанинг ЭгасиМалик ndash ҳақиқий эгадир. Ундан ўзга эга йўқдир. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч қачон бир давоми...

11426 08:12 / 20.04.2017