1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир

09:10 / 28.08.2019 3129 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим, деган эканлар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.

Лафз Термизийники.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Келинг, у киши билан танишиб олайлик:

Уваймир ибн Молик ибн Қайс Ансорий ал-Хазражий. Бу зотнинг кунялари Абу Дардо бўлиб, Уҳуд ва бошқа ғазотларда иштирок этганлар. Шижоатлари ва ибодатлари билан машҳур бўлганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу умматнинг ҳаким ва паҳлавонларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръон жамловчиларнинг бири эдилар. Муҳожир Салмон Форсий билан Аллоҳ йўлида биродар бўлганлар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Шом шаҳри қозиси ва Фаластин фақиҳларидан бўлган машҳур саҳобалардан эдилар.

Улуғ зотлардан Масруқ айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмларини олти киши ҳузуридан топдим, шуларнинг бири Абу Дардодир».

У зот ҳижратнинг 32-санасида Дамашқда вафот этдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида илм талаб қилиш билан бирга, илмнинг ва олим одамнинг фазлини баён қилиб бермоқдалар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу умрларининг охирида Дамашқда яшаган эканлар. Бир куни ҳузурларига мадиналик бир одам келибди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга: «Сени бу ерга нима келтирди?» дебдилар. У киши: «Мени фақатгина сендан эшитган бир ҳадисим келтирди», деб жавоб берибди. Ана шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни айтибдилар:

«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди».

«Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар».

Баъзи таъвилларда «уларнинг оёқ остиларига қанотларини қўядилар», дейилган. Бошқа бир таъвилда эса «фаришталар учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб оладилар, уларнинг раҳматлари ва нурларидан иқтибос олишга уринадилар», дейилган. Нима бўлганда ҳам, ушбу жумла толиби илмларнинг Исломда қадрлари баландлиги ва илм талаб қилиш улуғ даража эканлигини кўрсатади.

«Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар».

«Осмонлардаги зотлар»дан мурод – фаришталар. «ердаги зотлар»дан мурод – инсу жин ва ҳайвонлар. Истиғфор айтиш эса бировнинг ҳаққига дуо қилишдир. Олим киши илм олганлиги учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақирганлиги ва ҳидоятга бошлаганлиги учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шунинг учун ҳам унинг муҳаббатини фаришталарга, бутун махлуқотларга солади. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қиладилар. Бу эса дийний илмлар олими бўлиш нақадар фазл эканлигини кўрсатади.

«Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди».

Олим – дийний илмларни яхши билувчи шахс. Обид – ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта билиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётгандек кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканлигини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

«Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир».

Мана шу жумла бу ерда гап дийний олимлар ҳақида кетаётганига далолатдир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

«Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар».

Чунки уларга Аллоҳ таоло молу дунё эмас, илм берган эди. Шунинг учун ҳам:

«Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».

Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар.

«Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Яъни, қайси бир одам ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Пайғамбарлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз:

1. Илм талаб қилиш йўлида юриш лозимлиги.

2. Илм талаби йўлидагиларга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осон қилиши.

3. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини унинг оёғи остига қўйишлари, учишдан тўхтаб, толиби илмларни қуршаб, уларни ўраб турган раҳматдан баҳраманд бўлишга уринишлари.

4. Олим кишига осмондаги зотлар – фаришталарнинг дуо қилишлари.

5. Олим кишига ердаги зотлар – одамлардан ўзини билган, одам васфини йўқотмаганлари, жинлар ва ҳайвонларнинг дуо қилиши.

6. Олим кишига ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам дуо қилиши.

7. Олим кишининг обид кишидан кўп марта афзаллиги.

8. Дийний олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги.

9. Пайғамбарларнинг динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганликлари.

10. Пайғамбарлар илмни мерос қолдирганлари.

11. Пайғамбарлар мероси бўлмиш дийний илмни олган кишилар улуғ насибани олган бўлишлари.

Энди ушбу ҳадиси шариф ҳикматини ҳаётимиз воқелигига солиштириб кўрайлик.

Илм талаби йўлига кирган одамга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осонлаштириб қўйишини аввалги ҳадисда кўрдик.

Энди толиби илмни рози қилиш учун фаришталар унинг оёғи остига қанотларини қўйишлари, уни ўраб турган Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўлишга уринишлари ҳақида сўз юритайлик.

Инсоф билан айтайлик-чи, бизда шу тасаввурнинг ўзи борми?

Илм талаб қилиш шу даражада улуғ иш эканлигини тушуниб етганмизми?

Бу ишга фаришталар ҳам ҳавас қилишини англаймизми?

Ҳозиргача англамаган бўлсак, энди англашимиз керак. Ислом илм талабини ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини эслаб, дарҳол ўз шахсимиз учун фарзи айн бўлган дийний илмни талаб қилишга киришайлик! Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қилайлик! Ўзимиз ўрганишимиз билан бирга, оила аъзоларимиз, болаларимиз, қўни-қўшни ва таниш-билишларимизга ҳам ўргатишга интилайлик! Турли илмларни ўрганаётган талабаларимизни қўллаб-қувватлайлик, уларга ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканлигини тушунтирайлик! Илм талаб қилиш фаришталар ҳам ҳавас қиладиган иш эканлигини одамларимизга тушунтирайлик. Толиби илмларни фаришталар ўраб туришини, уларнинг оёқлари остига қанотларини қўйиб туришини ҳаммага англатайлик! Фаришталар ҳавас қилган одамларга биз ҳам ҳавас қилайлик, улар ҳурмат қилган одамларни биз ҳам ҳурмат қилайлик!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Қуръон ўқий оладиган киши баъзи вақтларда ўқишни ташлаб қўйиши дуруст эмас. Қанча кўп ўқиса, афзалдир.Набий давоми...

2725 17:00 / 29.11.2020
Бир киши Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга .Менга бирон нарса ўргатинг,, деди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу унга .Менга итоат қиласанми, дедилар. У киши .Албатта, давоми...

2821 07:30 / 16.04.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз бандаларга шундай хитоб қилган .Ва осмондан баракали сувни тушириб, у билан боғроғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич давоми...

1447 11:07 / 26.08.2020
Бандаларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан юз буришларига ва Унинг мурувватини унутишларига, балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бошқани шерик қилишларига қарамай давоми...

5874 11:36 / 29.12.2017