1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Қалб хасталиги ва унинг тузалиш аломатлари

05:00 / 28.02.2017 5247 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзига хос вазифани амалга оширишиучун яратилган. Ўша аъзо соғ бўлса, мазкур ишни яхшилаб адо этади. Агар аъзо хасталикка учраса, ўзига хос ишни бажаришга қийналади ёки бутунлай бажара олмай қолади. Қўл хасталанса, ушлаш қийинлашади, кўз хасталанса, кўриш қийинлашади ёки кўриб бўлмай қолади. Шунингдек, қалб хасталанса, у ҳам ўзига хос ишни – илм, ҳикмат, маърифат, Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва ундан ҳосил бўладиган лаззатланишга халал етади ёки бутунлай маҳрум бўлади.

Юқорида зикр қилинган илм, ҳикмат, маърифат, Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва ундан ҳосил бўладиган лаззатланишлар одамни ҳайвондан ажратиб турадиган омиллардир. Демак, инсон ҳайвондан қалби ила ажрайди. Қалбнинг иши эса илм, ҳикмат ва маърифат.

Дунёдаги барча нарсаларни Аллоҳ таоло яратган. Инсон дунёдаги барча нарсалар ҳақида маърифатга эга бўлсаю, Аллоҳ таолони танимаса, ҳеч нарсани билмагандек гап. Аллоҳ таолони таниса, ҳамма нарсани таниган бўлади. 

Маърифатнинг аломати муҳаббатдир. Аллоҳ таоло ҳақида маърифати бор одам У зотга муҳаббат қўяди. Аллоҳ таолога муҳаббати бор қалб соғлом, У Зотга муҳаббати йўқ қалб хастадир.

Қалб хасталиги яширин бўлиб, уни беморнинг ўзи ҳам сезмайди. Сезганда ҳам даволаш қийинчиликларига сабр қила олмайди. Чунки уни даволаш учун ҳавойи нафсга хилоф иш тутиш лозим. Сабр қилса ҳам ҳозиқ табиб топиш керак бўлади. Қалб беморликларининг табиблари уламолардир. 

Қалбнинг беморлиги даволаниб, соғайиши қандай бўлади? Бунда қайси хасталикдан даволанишига қаралади. Мисол учун, бир қалбни бахиллик хасталигидан даволаш керак. Уни молу мулкни сарфлашни ўргатиш ила даволанади. Аммо эҳтиёт бўлинмаса, сарфлаш ҳаддидан ошиб, исроф даражасига ўтиб кетиши мумкин. Исроф ҳам дард. Демак, бир дарддан бошқа дардга ўтиб кетиши мумкин. 

Мақсадга эришиш учун эса мўътадил бўлиш керак. Ана ўшанда бахиллик ва исрофчилик дардларидан фориғ бўлиб соғайган бўлади.

Икки салбий тараф ўртасидаги мўътадиллик жуда ҳам нозик нарса. Уни аниқлаб олиш қийин. У соч толасидан ингичка ва қиличнинг тиғидан ўткирдир. Ана ўша сироти мустақимда юрган одам бу дунёда ғам қилмаса ҳам бўлади. У охиратда ҳам ўша сиротда бўлади. Мазкур истиқомат қийин бўлганидан бандага ҳар куни кўп марта «иҳдинас-сиротал мустақийм»ни такрорлаш амр қилинган. 

Фақатгина яхши ахлоқлардан яхши амаллар содир бўлади. Ҳар бир шахс ўзининг сифатлари ва ахлоқларига диққат билан назар солсин. Нуқсонларини бирин кетин тузатишга ўтсин ва бу ишнинг аччиғига азм ила сабр қилсин. Кейинроқ қилган иши ўзига ёқиб қолади. Бу худди кўкракдан ажратилган бола олдин ажрашга кўнмай, ажрагандан кейин кўкрак тутилса афтини буруштириб қочганига ўхшайди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
101. Бир донишманддан сўралди дўстларнинг энг яхшиси кимДонишманд жавоб берди сендан бир яхшилик кўрса, ёядиган сендан бир айб билса, яширадиган дунё сенга давоми...

5064 16:04 / 28.03.2017
Тақвога етишиш учун қўйиладиган илк одим ndash кишининг ўз амалларини ҳисобкитоб қилишидир. Бунга араб тилида муҳасаба дейилади.Қуръони КаримдаҚуръони каримнинг давоми...

4386 05:00 / 01.03.2017
Ҳижрий ўттиз иккинчи сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу давоми...

3787 19:00 / 27.05.2023
Албатта, шукр соликлар мақомотидан биридир. У ҳам бошқа мақомотлар каби илм, ҳол ва амал ила юзага келади. Ушбу нарсаларни яхшилаб ўрганиб чиқилса, шукрнинг давоми...

2925 19:00 / 17.03.2024