1447 йил 8 ражаб | 2025 йил 28 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Агар истасанг, сенга яна зиёда қиламан

11:20 / 17.08.2019 3365 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқишга рози бўлганларидан кейин ўғилларига валиюл амр сифатида бу никоҳга розилигини эълон қилишини айтганлар. Ўғиллари бу ишни бажарган.

Умму Салама розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга никоҳланишлари тўртинчи ҳижрий сананинг Шаввол ойида бўлган.

Муслим ва Абу Довудлар Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига уйланган пайтларида олдиларида уч кун турган эканлар ва:

«Албатта, сенга бундай қилишда аҳлингни ҳақир санаш йўқ. Агар хоҳласанг, сенга етти кун қиламан, агар сенга етти кун ажратсам, аёлларимга ҳам етти кун ажратаман», деган эканлар».

Муслимнинг ривоятида:

«Агар истасанг, сенга яна зиёда қиламан ва бунга яраша ҳисоб қиламан. Бикрга етти кун, жувонга уч кун», дейилган».

Ўшанда Умму Салама онамиз «Уч кун қилинг ва хотинларингизнинг олдига бораверинг», деган эканлар.

Аввал ҳам таъкидланганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамизга у кишининг эрлари Абу Салама розияллоҳу анҳу ўлганларидан кейин болалари кўплиги учун қийналмасин, деб уйланганлар.

Бунинг устига, Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ёшлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларидан катта бўлган. Шунинг учун ҳам никоҳдан кейин у кишининг олдиларида уч кун турганларидан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақни тушунтирганлар. «Уч кун турдим, шариатда кўрсатилгани шу. Олдингда ортиқча турмаслигим сени паст санаш эмас. Агар хоҳласанг, етти кун туришим ҳам мумкин, лекин сенга бундай қилсам, бошқа хотинларимга ҳам шундай қилишим керак бўлади», деган маънода гап айтганлар.

Умму Салама онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Уч кун қилинг ва хотинларингизнинг олдига бораверинг», деганлари у кишининг нақадар оқила ва ҳамма нарсани нозик англаб етадиган зот эканликларига далилдир.

Умму Салама онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ҳозиру нозир бўлиш учун ўзларини фидокорона тутар эдилар. Бу борада у киши ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам аямас эдилар.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Тобақот» китобида Мутталиб ибн Абдуллоҳ ибн Ҳантобдан ривоят қиладилар:

«Умму Салама мусулмонларнинг улуғининг олдиларига кечки пайт келин бўлиб кирди ва ўша кечаси қўл тегирмонида ун тортди».

Бу ҳол ҳам Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг кимлигини яққол кўрсатади.

У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қилиниши лозим бўлган хизматга халақит берадиган кичик қизларини эмикдош акалари Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳуникига бериб юборган эдилар.

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг Сафина исмли қуллари бор эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга доимий хизмат қилиш шарти билан Сафинани озод қилдилар ва Сафина у зотга доимий хизматда бўлди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримда .Нисо, Аёллар деган сура бор.Аёл кишининг илтимоси туфайли бир сура нозил бўлди. Бу Мужодала сурасидир.Оиша онамизнинг покликларини таъкидлаб давоми...

4844 11:00 / 11.07.2021
Воҳада таваллуд топиб улғайдим. Эсимда, онам биз фарзандларига мени, акамукамни, отамонамни, ҳаттоки бобобувим, еру осмон, юлдузу ойларни, ҳамда оёғим остида дон давоми...

2206 11:09 / 18.12.2023
Ислом кишиларни кўп қасам ичишга тарғиб қилмайди. Аммо қасам ичганидан кейин уни бажаришни талаб этади. Баъзи вақтларда қасам ичилган ишни бажаргандан кўра давоми...

4663 18:00 / 23.12.2018
Бир куни Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули Мана, Хадича қўлида бир идиш билан ҳузурингизга давоми...

3068 15:04 / 06.11.2024
Видеолар

1214 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

217363 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

136499 14:35 / 11.08.2021