1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Ернинг тортиш кучи нимага ишорат?

15:10 / 05.10.2020 8320 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Мурсалот сурасида шундай марҳамат қилади:

«Ерни ўзига тортувчи қилиб қўймадикми… тирикларни ва ўликларни?!» (25-26-оятлар).

Яъни ер устида юрган тирикларни ҳам, ўликларни ҳам ўзига тортади. Мана шу оятнинг ўзиёқ Аллоҳ таолонинг буюк қудрат ва мўъжиза соҳиби эканига ишорадир. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўн саккиз минг оламни яратгандаёқ ҳар бирини ўзига хос хусусият билан бино қилган эди. Унинг қудратининг бир учқуни бўлган, сиз билан биз ризқ-рўз териб яшаётган заминимизни олайлик. Ерни думалоқ қилиб яратди, тоғларни унинг устига бино қилиб, қозиқ қилиб қўйди. Ва ниҳоят, ердаги мавжудотлар унда муқим ўрнашсин, у айланганда тўкилиб, сочилиб кетмасин деб, ерни тортишиш кучига эга қилди. Ҳозиргина сиз ўқиган оятлардаги буюк бир башоратни инсоният эндигина кашф этди. Яъни ер ўз ўқи атрофида айланади, тортишиш кучига эга ва ҳоказо.

«Тирикларни ва ўликларни» оятига ҳам энди ортиқча шарҳ лозим бўлмаса керак. Чунки ҳар бир онгли китобхон яхши биладики, тирик мавжудотлару инсонлар ернинг тортишиш кучи туфайли унинг қобиғидан бошқа сайёрага чиқиб кетмайди. Ёки инсон ўлгач, албатта тупроққа қўйилади ва ҳоказо...

Ушбу ояти каримадаги «кифатан» сўзи ўзига тортиш ва қўшиш деган маъноларни ифода этади. Аллоҳ таоло бу оятда Ўзининг берган неъматларини эслатмоқда. Ўзингиз устида яшаб турган ерни сизни ўзига тортадиган қилиб, барқарор ва хотиржам яшашингизни таъминлаб қўймадикми?! Баъзи одамлар бу «тортиш ва қўшиш» ўлган инсонларнинг ердаги қабрга дафн қилинишини ифода қилади, демасликлари учун Аллоҳ таоло «тирикларни ва ўликларни» демоқда. Яъни «Биз ерни сизларни тирик чоғингизда ҳам ўзига тортадиган, ўлганингиздан кейин ҳам ўз бағрига тортадиган қилиб қўйдик», демоқда.

Юнус ибн Қурра раҳматуллоҳи алайҳига ўхшаш уламолар қадимда ҳам ушбу маънони тўлиқ тушуниб етганлар ва ушбу ояти карима Аллоҳ таоло ерга ўзига тортувчи қувват берганига ва ана шу қувват инсоннинг ер юзида қарор топиб туришига, хотиржам ҳаёт кечиришига сабаб бўлишига далил эканини таъкидлашган.

Ушбу ояти каримада ернинг тортишиш кучига ишора бордир. Ана шу тортишиш кучи сабабли нарсалар ер юзида қарор топади. Ана тортишиш кучи туфайли ер юзида ҳаёт кечириш имкони туғилади. Агар ернинг тортишиш кучи бўлмаса, унинг устида ҳаёт кечириш имкони бўлмас эди.

Милодий 1642-1727 йилларда яшаб ўтган машҳур физик олим Исаак Ньютон бутун олам тортишиш қонунини ёки умумий нисбийлик назариясини кашф этди. Айтилишича, Ньютон олма дарахтининг тагида ўтирган чоғида дарахтдаги олма узилиб, ерга тушади. Бир қарашда кичик ва оддий бўлган бу ҳодиса Ньютоннинг фикрини бир неча йиллар давомида ўзига жалб этади. У: «Нима учун олма айнан ерга тушиши керак экан? Қандай куч олмани ўзи томон тортди экан? Нимага олма дарахтдан узилгач, осмон томонга кўтарилмади?» деган саволга жавоб ахтаради. Кейинчалик эса тортишиш қонунини (гравитация қонунини) кашф этади: «Ҳар қандай икки жисм массаларининг кўпайтмасига тўғри пропорционал ва ораларидаги масофанинг квадратига тескари пропорционал куч билан бир-бирига тортилиб туради».

Ушбу қонуннинг кашф этилиши натижасида коинотдаги сайёралар тизимининг яхлитлиги ва бу сайёралар ҳам ана шу қонунга бўйсуниши кашф этилди. Нима учун ушбу сайёралар Қуёш атрофида айланадилар? Нима учун улар ўзаро маълум масофани сақлаб турадилар, урилиб ҳам кетмайдилар ёки бир-биридан қочиб, ҳар ёққа тарқалиб ҳам кетмайдилар? Қандай куч уларни бундай чексиз фазода аниқ тартиб ва тезлик билан айлантирган ҳолда сақлаб туради ва заррачалик ундан четга чиқишмайди?

Ньютоннинг кашфиётига биноан: Бир жисмнинг доиравий ва айлана шаклдаги ҳаракати унинг марказдан қочишига сабаб бўлади ва тортишиш қонуни эса уни марказ томон жазб қилади...

Илмнинг таъкидлаши бўйича, агар ернинг тортиш кучи бўлмаса, одам ер юзида учиб юриши керак бўлади. Унинг устида барқарор бўла олмайди. Худди космосга чиққан фазогирларга ўхшаб қолади. Бундай ҳолатда яшаб бўлмайди.

Ерни бошқа сайёралардан ажратиб турувчи фарқлардан яна бири ернинг зичлиги бошқалардан, ҳаттоки қуёш зичлигидан ҳам устинлиги, шу билан бирга, ернинг тортишиш кучи мўътадил эканидир. Шунинг учун ер устида инсон унга ёпишиб ҳам қолмай, учиб ҳам кетмай, қарор топиб яшайди.

Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизга ерни қароргоҳ, осмонни том қилган ва сизларнинг суратларингизни гўзал суратда қилган, сизларга пок нарсалардан ризқ берган Зотдир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, оламларнинг Робби – Аллоҳ баракотли бўлди» (64-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг бандаларига берган неъматларидан баъзиларини эслатиб ўтмоқда.

«Аллоҳ сизга ерни қароргоҳ, осмонни том қилган...» Зотдир.

Ер одам боласи учун Аллоҳ томонидан қароргоҳ қилинган. Инсон ердан бошқа жойда қарор топа олмайди. Ердан юқорига кўтарилган инсон вазнсизлик ҳолатига учрайди. Оёғини хоҳлаган жойига қўя олмайди, қарорини йўқотади. Унга ҳаво етишмайди. Ернинг остида ҳам унга қарор йўқ. Инсон фақат ер устидагина қарор топади. Ерни инсон ҳаёти учун ҳамма томондан ростлаб, тўғрилаб қўйган Зот Аллоҳ таолодир. Мазкур имкониятлардан бирортасини бошқа бирор кимса ярата олмайди. Шундай экан, инсон Аллоҳга ҳамд айтиши, тинмай ибодат қилиши лозим.

Осмонни инсон учун том қилиб қўйган Зот ҳам Аллоҳдир. Агар Аллоҳ инсон учун осмонни том қилиб бермаса, ким ҳам бу ишни уддалай оларди? Шундай экан, инсон Аллоҳга ҳамд айтиши, тинмай ибодат қилиши лозим. Аллоҳ таоло:

«…ва сизларнинг суратларингизни гўзал суратда қилган...» Зотдир.

Инсон ўз суратига қарасин. Унинг жуссаси қандай гўзал. Агар аъзоларидан бирортаси салгина ўзгариб қолса, бу гўзалликнинг қадрини билади. Албатта, унга бу суратни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бера олмайди. Шундай бўлганидан кейин, инсон Аллоҳга ҳамд айтиши, тинмай ибодат қилиши лозим.

«...сизларга пок нарсалардан ризқ берган Зотдир».

Инсон ҳаёти учун зарур ризқни берадиган Зот ҳам Аллоҳ таолодир. Агар Аллоҳ таоло инсонга бериб турган пок ризқлардан баъзиси йўқ бўлиб қолса, ҳеч ким унинг ўрнини тўлдира олмайди. Ризқнинг ҳаммаси Аллоҳ таолодан. Шундай бўлганидан кейин, инсон ўзига ризқ берувчи Аллоҳ таолога иймон келтириши, Унгагина ибодат қилиши лозим.

«Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир».

Ана ўша сифатларга эга бўлган Зот сизнинг Роббингиздир, эй одамлар! Сизнинг яратувчингизу, ризқ берувчингиз ҳам, тадбирингизни қилувчи ҳам У, тарбиякунандангиз ҳам Унинг Ўзидир.

«Бас, оламларнинг Робби – Аллоҳ баракотли бўлди».

Яъни Аллоҳ фақат инсонларнинг эмас, бутун оламларнинг Робби – яратувчиси, ризқ берувчиси, тадбирини қилувчиси ва тарбиякунандасидир. У Зот ҳамма нарсадан юксакдир, ҳамма нарсадан баракотлидир.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қарғалар Ер юзидаги энг ақлли жонзотлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда янги Каледония қарғаси борасида тадқиқотлар олиб борилди. Бу тадқиқотлар қарғаларнинг давоми...

1547 16:00 / 28.08.2023
Тафаккур нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Тафаккур .фикр, ўзагидан олинган бўлиб, бир нарса ҳақида чуқур фикр юритиш давоми...

2829 14:17 / 27.09.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта давоми...

7378 11:00 / 04.02.2021
Мадина ndash хурмолари билан машҳур шаҳар. Мадина хурмолари ичида энг афзали .Ажва, хурмосидир. Ажва хурмоси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп давоми...

13651 17:23 / 04.06.2021