Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (45-дарс). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг муҳаббатига муҳтож эмаслар

16:10 / 08.08.2019 5041 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


- عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِه وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди», дедилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадислардаги лафзлар иймонни манфий қилса ҳам, улардаги маънолар бутунлай иймонни эмас, балки иймоннинг комиллигини манфий қилувчидир.

Ҳадиснинг ровийси буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудирлар. Аввал у зот билан танишиб олайлик:

Анас ибн Молик ибн Назр Ансорий Хазражий Нажжорийнинг кунялари Абу Ҳамза бўлиб, оналари Умму Сулайм бинти Милҳондир. Ёшлари ўнга етганда оналари у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига бердилар. Ўша кундан бошлаб, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас ибн Моликка муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, отанинг боласига муомаласидек мулойим эди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».

Сайёр ибн Робийъадан ривоят қилинади:

«Анас ибн Молик айтди: «Бир куни онам билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордик. Онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ходимингизнинг ҳаққига дуо қилинг», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, бунинг молу дунёсини кўп қилиб, умрини узоқ қилгин ва гуноҳларини мағфират айлагин», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Анас ибн Моликдан бошқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор бир кишини кўрмадим», дейдилар.

Сумома ибн Абдуллоҳ: «Анас ибн Молик намозда қиёмни узоқ қилар эди, ҳатто оёқларидан қон чиқиб кетарди», дейдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Анасни Баҳрайнга юбориш ҳақида ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан маслаҳат сўраганларида ҳазрати Умар Анаснинг тақвосини ва узоқ вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганини эътиборга олиб, «У оқил йигитлардан эди», деб мақтаганлар.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр жангидан бошқа барча жангларда иштирок этганлар. Бадр жангида ёшлари кичкина бўлганлиги сабабли қатнаша олмаганлар.

Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб, 2286та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умарлардан кейинги ўринларни эгалладилар. Бу зотдан Ибн Сийрийн, Собит ал-Буноний, Қатода, Ҳасан Басрий, Зуҳрий ва бошқалар ривоят қилганлар.

Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93-йилида вафот этдилар. У зотни Муҳаммад ибн Сийрийн ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, ўзларининг васиятларига биноан, вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилди.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «мўмин бўла олмайди» деганларидан мурод, комил иймонли мўмин бўла олмайди, деганларидир. Чунки бу ерда гап эътиқод ҳақида эмас, майл ҳақида кетмоқда. Эътиқод бўйича, агар бирор киши нафақат ота-она ёки болани, балки бошқа ҳар қандай шахсни ҳам Расулуллоҳдан афзал кўрса, кофир бўлиши турган гап. Ушбу ҳадисдаги муҳаббатдан мурод ота-она ёки болага бўладиган меҳр-шафқат ҳам эмас, бошқа инсонга бўладиган ишқ ҳам эмас. Балки, маҳбубга нисбатан фидокорлик ва ҳар бир нарсани қурбон қилишга тайёр туриш ҳамда маҳбубнинг амрини бажариб, унинг розилигини топишга уринишдир. Демак, мўмин банда учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масалада ўз ота-онасидан ҳам, боласидан ҳам, бошқа барча одамлардан ҳам устун туришлари керак.

Уламоларимиздан Абу Зинод муҳаббатни учга бўладилар:

1. Улуғлаш ва таъзим муҳаббати асосан ота-онага бўлади.

2. Раҳм-шафқат муҳаббати асосан фарзандларга бўлади.

3. Ўзаро гўзал хислатларни қадрлаш муҳаббати ўзга одамларга нисбатан бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда ўзларига нисбатан муҳаббатнинг уч тури ҳам бошқаларга бўлган муҳаббатдан устун бўлгандагина инсоннинг иймони комил бўлишини қайд қилмоқдалар. Бу муҳаббат у зотнинг ҳаётлик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиси шарифни эшитганлари замони унга амал қилишларини билдирмоқчи бўлиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз», деганлар.

Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ундай бўлса, бўлмабди. Ўзингдан кўра ҳам бўлиши керак», деганлар. Ҳазрати Умар дарҳол:

«Ўзимдан кўра ҳам!», деганларида у зот алайҳиссалом:

«Ана энди бўлди, эй Умар», деганлар. Яъни, ана энди иймонинг комил бўлди, деганлар.

Бу ҳадисдан олинадиган фойда кўриниб турибди: ҳар бир мўмин-мусулмон учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан кўра маҳбуброқ бўлишлари лозим.

Ҳадиси шарифнинг ҳикмати жуда улуғдир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг муҳаббатига муҳтож эмаслар, балки мўминлар у зотга муҳаббат қилишга муҳтожлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари доимо мўминларга яхшилик, бахт-саодат келтирган. Машҳур саҳобийлардан Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу:

«Мен учун ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик маҳбуб эмас эди. Ҳеч ким кўз ўнгимда у зотдек улуғвор эмас эди. У зотни ўта улуғлаганимдан, у зотга кўзим тўйиб қарай олмас эдим», дейдилар.

Саҳобаи киромларнинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари дунё тарихида учрамаган муҳаббатдир. У зотнинг амрларига бўйсуниш, қайтарганларидан қайтиш ва бошқа нарсалар у ёқда турсин, тупурган тупуклари ерга тушмас эди. Саҳобалар уни қўлларини тутиб илиб олиб, юзларига суртар эдилар. Шунинг учун бу улуғ инсонлар қисқа муддатда дунёнинг кўп жойларига Ислом динини тарқатишга муваффақ бўлдилар. Буюк Ислом маданиятининг пайдо бўлишига эришдилар. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини устун тутганларида у кишининг шариатларига тўлиқ амал қилдилар ва дунёда ҳаммадан устун бўлдилар. Қачонки улар молу дунёнинг, бола-чақанинг, турли маъшуқаларнинг муҳаббатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан устун қўйганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларини қўйиб, бошқа «шариат»ларга амал қилганларида ҳаммадан орқада қолдилар.

- وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У улуғ зот билан ўтган ҳадис шарҳи муқаддимасида танишдик. Бу ҳадисда ҳам комил иймон ҳақида сўз кетмоқда. Ҳадиси шарифнинг ўзиданоқ Ислом инсониятга яхшиликни қанчалик раво кўрганини билиб олсак бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун ўзидан бош­қа кишиларга яхшиликни раво кўришини иймон масаласи қилиб қўймоқдалар. Яъни, ҳеч ким ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча, комил мўмин бўла олмаслигини таъкидламоқдалар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фуқаҳоларимиз Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳара, ижмоъ ва қиёс каби масдарлардан фойдаланиб, шаръий ҳукмлар чиқариш учун .Усулулфиқҳ, номли қонунқоидалар мажмуи давоми...

6718 16:02 / 10.11.2018
. . . Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Ўн ёшга етса, давоми...

980 19:00 / 05 июль
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг тепамизга келдилар. Биз қадар ҳақида низо қилаётган эдик. Бас, у зот давоми...

5590 13:30 / 12.08.2020
. . Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга фақат амир ёки маъмур ёки риёкоргина гапиради,, давоми...

3955 18:30 / 30.03.2022