1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

“Ғайбиёт” масалалари нималардан иборат?

09:10 / 30.07.2019 2476 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақоид илмида «ғайбиёт» номини олган масалалар инсон зоти учун бутунлай ғойиб бўлган, уни одамлар кўрмаган ва бошқа нарсага солиштириб, билиб ҳам бўлмайдиган, уни билиш учун фақатгина ўта ишончли хабарга, дақиқ илмий ва омонатли йўл билан нақл қилинган, Аллоҳ таолодан ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган содиқ масдарларгагина суяниладиган масалалардир.

Ғайбиётга оид ҳар бир нарсани фақатгина Қуръони Карим ёки ҳадиси шарифда келган ишончли хабар орқали билишимиз мумкин.

– Ўлим ва унга боғлиқ нарсалар.

Ўлим маълум ва машҳур ҳодиса. Уни ҳамма билади ва соат сайин қайта-қайта бу ҳақиқатга гувоҳ бўлиб туради. Ўлимни билмаган, эсга олмаган одам боласи йўқ. Аммо ўлимга боғлиқ нарсалар тамомила ғайбиётлар жумласига киради. Уларни кўриб ҳам, ҳис қилиб ҳам, бошқа нарсаларга солиштириб ҳам бўлмайди.

Шу ерда тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини таъкидлаб ўтмоғимиз лозим.

Ўлим нима?

Инсон ўлганидан кейин нима бўлади?

Унинг ҳоли не кечади?

Ўлим – кишининг юраги уришдан тўхтаб, қон айланмай қолиб, қимирламай қолишидан иборат, холосми? Ёки бундан бошқа нарсалар ҳам борми?

Инсон ўлганидан кейин иш битдими?

Қабрида чириб, тупроққа қўшилиб кетаверадими? Ундай бўлса, унинг бошқа ҳайвонлар, қурт-қумурсқалардан нима фарқи бор? Ёки инсон бу дунёда турли ҳайвон ва қурт-қумурсқалардан фарқли бўлиб, ақл билан яшагани учун ўлганидан кейин ҳам унга бошқача, инсонга тўғри келадиган муносабат бўлиши керакми?

Ислом ақийдасига кўра, бу дунё инсон учун синов майдонидан бошқа нарса эмас. Асосий ҳаёт диёрига ўтишдан олдин имтиҳон топшириб, у ёқдаги ҳаётга ўзининг нақадар ҳақли эканини исбот қилиш фурсати, холос. Инсон ана ўша боқий дунё мартабаси учун ушбу фоний дунёда ҳаракат қилади, холос.

Исломда инсоннинг ўлиши бу дунёдан у дунёга ўтгани, фоний дунёдан боқий дунёга кўчишидир. Янги, боқий дунёда уни фаришталар кутиб олиб, жойлаштирадилар. Қандай жойга муносиб эканини ўзига билдириш учун сўроқ-савол қиладилар, қўлларидаги номаи аъмолларини кўрсатадилар. Сўнг унга жой кўрсатишади. Бу ишлар қабрдан бошланади.

– Қабр саволи.

Вафот этган одамнинг қабрда фаришталар томонидан сўроққа тутилишига жазм ила эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир.

Мўмин-мусулмон киши икки фаришта томонидан сўроққа тутилганида иймони ва солиҳ амаллари туфайли Аллоҳ таоло унга ёрдам бериб, уни субутли сўз билан собит қилади – у калимаи шаҳодатни айтишга муяссар бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумдан келган хабарлар асосида қабр азобига, унда Мункар ва Накирнинг бандани Роббидан, динидан ва Набийсидан сўроқ қилишига иймон келтирамиз. Қабр жаннат боғларидан бир боғ ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳ бўлади.

– Қиёматнинг аломатлари ҳақида.

Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Аммо, шу билан бирга, қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Албатта, бу маълумотлар, асосан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида зикр қилинган.

Ҳузайфа ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб келдилар. Биз гаплашиб ўтирган эдик. Бас, у зот:

«Нимани гаплашмоқдасизлар?» – дедилар.

«Қиёматни гаплашмоқдамиз», – дейишди.

«Албатта, у ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қоим бўлмас», – дедилар ва тутунни, Дажжолни, Доббани, қуёшнинг мағрибдан чиқишини, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг нозил бўлишларини, Яъжуж-Маъжужни, учта ер ютишни: машриқдаги ер ютишни, мағрибдаги ер ютишни ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб, одамларни маҳшарга қувлайдиган оловни зикр қилдилар».

Ушбу ҳадисни Муслим, Термизий ва Абу Довудлар ривоят қилганлар.

– Қиёмат.

«Қиёмат» сўзининг маъноси «тик туриш»дир. Ўша кунда ҳамма гўридан тик турган ҳолда тириладиган бўлгани учун қиёмат шу ном билан номланган. Қиёматнинг бундан бошқа «ҳисоб куни», «охират», «маҳшар куни» каби бир қанча исмлари ҳам бор.

Бундан аввал қиёматнинг аломатлари билан танишган эдик. Қачонки, ўша аломатларнинг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса, Аллоҳнинг иродаси билан бу дунёнинг ажали етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.

Ҳа, ичидаги барча нарсалари белгиланган ажалгача туриб, кейин тамом бўладиган бу дунёнинг ҳам ажали етиб, қиёмат қоим бўлади.

– Қайта тирилиш ва ҳашр.

Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамларнинг қайтадан ўз жасадларига эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор-базинҳор одам ўлиб, жасади тупроққа қоришиб, ўтда куйиб ёки ҳайвонларга ем бўлиб кетганидан кейин қандай қилиб тирилар экан, деган хаёлга бормаслик лозим.

– Ҳисоб.

Мусулмон инсон қиёматда бу дунёдаги қилган амалларининг зарра миқдоричаси ҳам қолмай ҳисоб қилинишига ва ўша ҳисоб асосида мукофот ёки жазо берилишига жазм ила эътиқод қилмоғи керак.

– Тарози ва амалларни тортиш.

Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни тарози бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. Чунки бу ҳақда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда ҳеч қандай таъвилни кўтармайдиган равишда очиқ-ойдин иборалар билан хабарлар келган.

– Сирот ва ундан ўтиш.

Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни жаҳаннам устига «Сирот» деб аталган кўприк қурилган бўлишига, барча одамлар ундан ўтишга амр қилинишига, кимдир ундан ўтиб, нажот топишига, кимдир ўта олмай, жаҳаннамга қулашига жазм ила иймон келтириши лозим.

– Шафоат.

Шафоат – Аллоҳ таолога илтижо қилиб, баъзи осий мўминларни афв қилишини ёки баъзи мўминларни икром қилиб, жаннатга ҳисоб-китобсиз киритишини сўрашдир. Шафоат Аллоҳ таоло томонидан шафоатчига берилган фазлдир. Бу шараф Аллоҳ таоло томонидан баъзи бандаларга уларнинг тақвоси, ибодати ва аҳли солиҳлиги туфайли берилади.

«Шафоат» луғатда бошқа бировга қўшилиб, унга ёрдам бериш ва ёнини олиб, унинг учун нимадир сўрашни англатади. Кўпинча шафоат мартабаси ва ҳурмати юқори шахснинг ўзидан пастроқ одамнинг тарафини олиб, унга маънавий ёрдам бериши ила содир бўлади.

Қиёматдаги шафоат ҳам шундандир. Аллоҳ таолонинг ҳузурида шафоат қилувчилар гуноҳкорларга кўмак берадилар.

– Жаннат ва Дўзах.

Жаннат ва дўзах инсон етиб борадиган охирги манзиллардир. Инсон улардан бирига етганидан сўнг унда абадий қолади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби
эътиқодига кўра, бу икки нарса моддий бўлиб, улардаги нарсалар ҳам руҳга ва ҳам жисмга оиддир. Улардаги неъматлар ва азоблар ҳам жисмга, ҳам руҳга берилади. Жаннат, дўзах ва улардаги барча нарсалар абадий мавжудотлардир. Уларга тушган кишиларнинг қолиши ҳам абадий бўлади. Фақат баъзи осий мўминлар ўз қилмишларига яраша жазони ўтаганларидан кейин дўзахдан жаннатга чиқариладилар.

– Арш.

Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда зикр этилган ҳақиқат сифатида Аршга иймон келтирмоғимиз вожиб. У ҳақида фақат оят ва ҳадисларда зикр қилинган хабардан нарига ўтмаганимиз яхши. Шу билан бирга, уламоларимиз зикр қилган маълумотларни ўрганиб ҳам қўямиз.

Ақоид илми уламолари келтиришларича, оят ва ҳадисларда келган васфларга биноан, «Арш» оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб турадилар. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ, балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир.

– Курси.

Одатда «курси» сўзи тахт маъносида мулкни, яъни подшоҳлик, султонлик маъносини англатади. Курси ҳақида ҳам Арш борасида айтилган фикрларни айтиш мумкин. У ҳақда оят ва ҳадисларда келган маълумотлар билан кифояланамиз. Баъзи уламоларимиз айтганларидек, Қуръони Каримнинг Бақара сурасида келган «Унинг Курсиси осмонлару ерни қамраган» жумласини «Аллоҳнинг султони – подшоҳлиги осмонлару ерни қамраб олган» деб тушунсак бўлади.

Аслида эса Курси ва унга тааллуқли нарсалар, бинобарин, ушбу жумла ҳақида буюк уламоларимиз ўзларига етган далиллар асосида бир неча хил фикрлар айтганлар.

Жумладан, баъзи уламоларимиз Курсини «илм» деганлар. Шунга биноан, мазкур жумла «Унинг илми осмонлару ерни қамраган» деган маънони англатади.

Уламолар: «Биз Аллоҳнинг Арши ва Курсиси борлигига иймон келтирамиз. Бу икки нарса одамларнинг тахти ёки курсисига ўхшамайди. У иккисининг ҳажми, кайфияти ва сифатини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бизнинг эса уларни билишга ҳожатимиз йўқ. Агар ҳожатимиз бўлганида, Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб берган бўларди», дейдилар.

– Лавҳул маҳфуз ва Қалам.

Мўмин-мусулмон одам лавҳ ва қаламга ҳам иймон келтирмоғи вожиб. Бу икки нарса ҳам ғайбиёт туркумига киради. «Лавҳул маҳфуз», яъни муҳофаза қилинган лавҳдан мурод Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. «Қалам»дан мурод Аллоҳ яратган ва у билан мазкур Лавҳга қадарларни ёзган қаламдир. Бас, Лавҳга, Қаламга ва Қалам воситасида Лавҳга ёзилган нарсаларга иймон келтириш лозим.

Албатта, ақийдага оид масалаларда бу каби илоҳий, равшан, ўта илмий, ақлга тўғри келадиган, бидъат ва хурофотдан йироқ, тахмин ва гумондан бегона, иккиланишлардан узоқ таълимотларга амал қиладиган инсон бахтли-саодатли ҳаёт кечириши турган гап.

«Мукаммал саодат йўли» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабаъ қироллиги қадимий дунёдаги энг йирик тўртта ҳазорадан бири бўлиб, унга милоддан аввалги 11 асрларда Жанубий Арабистонда асос солинган эди. Бу ҳазора энди давоми...

4827 15:00 / 09.05.2020
Назр ибн Исмоил айтади .Бир жанозада Умар ибн Заррни кўриб қолдим. Атрофини одамлар ўраб олишган эди. Маййит қабрга қўйилганда Умарнинг кўзи ёшланди. Сўнгра давоми...

1433 08:00 / 18.11.2019
Исломда мусулмон кишининг таниган ва танимаганга салом бериши суннат амалларидан бири ҳамда мусулмоннинг мусулмондаги вожиб ҳақлардан биридир. Зеро, саломлашиш давоми...

16940 11:30 / 09.10.2020
Бу оламда бошига ғамқайғу тушмаган инсон бўлмаса керак... Одамзот баъзан бошига ташвиш тушган пайтда нима қиларини билмай қолади. Ўзини йўқотиб, довдираб қолади. давоми...

15574 22:44 / 27.04.2017