1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жаноза ва таъзия одоблари

11:02 / 26.07.2019 7267 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз бутун башарият ҳаётида куни келиб йўлиқиши муқаррар бўлган мавзу – жаноза ва таъзия ҳамда унинг баъзи аҳком ва одоблари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шариатимизда барча масалаларнинг тартиби ва ўзига хос одоблари бўлгани каби, жаноза ва азадорликнинг ҳам ўзига яраша ҳукмлари ва одоблари бор.

Аллоҳ таоло бу ҳаёти дунёни ва ўлимни инсонларни синаш учун яратгандир. Зеро, У Зот Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амалқилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси, 2-оят).

Фонийлик инсон ва жинларнинг, ҳатто ҳайвонларнинг тақдирига битилган бўлиб, бирор-бир мавжудот абадий қолмас. Аллоҳ таолонинг Ўзигина азалий ва абадий қолувчи Зотдир.

“(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг «юзи» боқий қолур” (Ар-Раҳмон сураси, 26-27 оятлар).

Маълумки, ҳар бир мусулмон банданинг иккинчи мусулмон биродарига нисбатан ҳақ-ҳуқуқлари бор. Чунончи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар:

Мусулмоннинг мусулмон зиммасида олтита ҳаққи бор: Қачон унга йўлиқсанг, салом бер; қачон сени (меҳмонга) чақирса, унга ижобат қил; қачон сендан маслаҳат сўраса, унга маслаҳат бер; қачон аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтар; қачон бетоб бўлиб қолса, уни зиёрат қил ва қачон вафот этса, унинг (жанозасига) эргаш”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Демак, мусулмоннинг танишларидан бирортаси вафот этса, унинг жанозасига ҳозир бўлиш мазкур ҳуқуқлардан биридир. Сўнгра маййитнинг қариндошларига таъзия билдириб, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш, мусибатга сабр қилишлари ҳақида насиҳатлар айтиш ва марҳумнинг ҳаққига раҳмат ва мағфират сўраб, дуои хайр қилиш таъзиянинг одобларидандир.

Жаноза намози фарзи кифоя бўлиш билан бирга, мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи ҳисобланади. Жанозанинг аҳамияти жуда ҳам катта бўлиб, инсон зотига бўлган эҳтиромнинг юксак намуналаридан биридир. Шу билан бирга, у шунчаки анъана, оддий одат эмас, балки шариатда белгиланган махсус ибодат ‒ намоздир. Униг фазилати ҳақида Сарвари коинот шундай деганлар:

“Ким имон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса, жанозаси ўқилиб дафнидан фориғ бўлингунча турса, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жанозани ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳаёти дунёда бирор кишининг бошига бирор мусибат тушиши ёки унинг ўз аҳлидан, яқинлари ёхуд ёру-биродаридан айрилиб қолиши Аллоҳ таолонинг синовидир. Бу кўргиликларига сабр қилса, билиб-билмай қилган гуноҳларига каффорот бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар:

Мусулмонга етадиган кулфат, машаққат, ташвиш, маҳзунлик, азият, ғам ҳатто унга кирадиган тикан сабабли Аллоҳ унинг хатоларини кечиради” (Имом Муслим ривояти).

Мусибатзада кишилар яқинлари ва ўзларига юпанч бўладиган кишиларнинг тасаллисига муҳтож бўладилар. Шунинг учун шариатимизга кўра таъзия билдирган кишига улкан ажрлар ваъда қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

“Қайси бир мўмин биродарининг мусибатига таъзия билдирса, Аллоҳ унга Қиёмат куни улуғлик либосини кийдиради” (Имом ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ривоятда:

“Ким бир мусибатзадага таъзия билдирса мусибатзадага берилганча ажрга эришади” (Имом ибн Можа ва Имом Термизий ривояти).

Дафн кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга шариатимиз рухсат беради. У кунлари жанозага кела олмаганлар мусибат етган хонадонга ёки таъзия маросимлари учун ажратилган жойларга келиб, маййитнинг яқин қариндошларига таъзия билдириб кетишлари мумкин.

Расули акрам саллаллоҳи алайҳи васаллам ушбу ҳадисни зикр этганлар:

“Маййитни сўнгги йўлга тезроқ олиб боринглар, чунки агар у аҳли солиҳлардан бўлса, уни кутилаётган жойга тезроқ олиб бормоқ даркор. Агар бундай бўлмаса, елкангизни нохуш юкдан тезроқ холи қилган бўласиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Тобуткашлар тобутни навбат билан елкама-елка олиб борадилар. Тобутни кўтармоқчи бўлганлар имкон қадар аввал маййитнинг ўнг елкаси томондан, сўнг ўнг оёқ томонидан, кейин эса чап елкаси ва чап оёқ томонидан кўтаришга ҳаракат қиладилар.

Кези келганда айтиб ўтиш керакки, ҳар қандай ҳолатда ҳам маййитнинг ортидан дод-фарёд қилиш шариатимиз нуқтаи назаридан жоиз эмас. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай таълим берадилар:

“Марҳум оиладагиларининг ҳаддан ташқари дод-фарёди сабабли азобланади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Демак, ортиқча дод-фарёдимиз билан марҳумнинг қисматини оғирлаштирмаслигимиз даркор.

Динимизнинг таъзия одоби борасидаги кўрсатмаларидан яна бири юртга эҳсон дастурхони ёзиб, савобини вафот этган яқинларига бағишлаш ниятида қилинган маросимларга оиддир. Бундай маросимларни албатта шариат аҳкомларига, аҳли сунна вал жамоат эътиқодига, мазҳабимизда расм бўлган қоидаларга мувофиқ тарзда ўтказиш зарур. Таъзия маросимларини бидъатлардан холи равишда, аҳли илм ҳамда маҳалла улуғлари билан бамаслаҳат, имкон қадар енгил, камтарона, камчиқим ҳолда ўтказмоғимиз маъқул.

Ислом шариати мусулмонларга ҳаргиз қийинчиликни раво кўрмайди. Маҳалла куй олдида хижолат бўламан деб, қарз олиб ёки борини сарфлаб худойи қилишлик, шариатимизда номақбул иш саналади. Чунки Қуръони каримда:

“Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят), деб айтилган.

Бошқа бир оятида:

“Аллоҳ таоло ҳеч бир бандага қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди” (Бақара сураси, 286-оят), дейилган. Аллоҳ таолонинг мазкур оятлари мусулмонлар диний маросимларини осонлик билан ўтказишлари ва бемалол ибодат қилишлари учун нозил бўлган.

Мусибатхоналарда пайшанбалик, якшанбалик номи билан қилинаётган, дафндан кейин маълум кун ёки ойни санаб, айниқса, икки ҳайит кунларида ўтказилаётган худойи маросимлари диний китобларимизнинг бирортасида буюрилмаган. Мусибат етган хонадонда муайян кунга боғламасдан, марҳумнинг мероси тақсимлангандан кейин оиланинг иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда худойи қилиб ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Шундай экан, ўтганларимизни йўқлашда фақат таом пишириб улашиш билан чегараланиб қолмасдан кам таъминланган оилалар, бева-бечоралар, муҳтож кишиларни турар жойини яхшилаш, фарзандларига кийим-кечак олиб бериш ёки кўпчилик манфаат оладиган ишларни амалга оширишга, доимий равишда уни савоби ўтганларимизга бориб туришини таъминлайдиган ҳолатларга ҳам ўтишимиз керак.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон қилиб, шариатимиз кўрсатмасига амал қилиб, яшамоғимизни муяссар қилсин!

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
ndash Мўмин қандай бўлмайдиҲар галгидек бир яхши гап айтишингизни билганим, тезроқ эшитгим келгани учун, ўйламасдан ҳам туриб, шаҳар бераманrdquo.ndash Наҳот, ҳадис давоми...

7924 17:20 / 29.03.2019
Муҳаммад ибн Усмон отасидан ривоят қилади.Ҳориса ибн Нўъмоннинг кўзлари кўрмас эди. Шунинг учун намоз ўқийдиган ҳужрага эшик олдигача бир ип тортиб қўйганди. давоми...

3514 23:04 / 07.11.2018
Рўза дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин орадан бир ярим йил ўтгач ndash яъни ҳижратнинг ўн давоми...

2681 12:00 / 03.05.2019
Абдуллоҳ ибн Робиъадан ривоят қилинади .Атаба ибн Фарқад Абдуллоҳга .Эй Абдуллоҳ, биродарингнинг ўғлига гапириб қўймайсанми, менинг ишимга ёрдам берсин,, деди ўз давоми...

2223 08:04 / 29.03.2020
Аудиолар

135065 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55345 14:35 / 11.08.2021