1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Пайғамбарларнинг фазл даражалари қандай бўлади?

12:00 / 20.07.2019 2059 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу масалада етарли маълумотга эга бўлиш учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади:

«Ана ўшалар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Руҳул қудус билан қўлладик» (253-оят).

Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир ҳарфидан катта-катта маънолар келиб чиқади. Бу ҳақиқатни кишилар тушуниб етишлари керак, холос. Ушбу ояти кариманинг аввалида «Ана ўшалар» деган сўз келмоқда. Бу пайғамбарлар алайҳимуссаломга нисбатан эҳтиром рамзидир. «Улар», «Анавилар» ёки шунга ўхшаш бошқа сўзларни ишлатмасдан, айнан «Ана ўшалар расуллардир», дейилиши ҳурматга далолат қилади.

Ояти каримада пайғамбарлар ва пайғамбарликлар ҳақида умумий маълумот келмоқда. Шу билан бирга, баъзи пайғамбарларнинг баъзиларидан фазли устун экани ва ўша устунлик нимада экани ҳам билдириб ўтилмоқда.

«Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик».

Мазкур фазл пайғамбарлар алайҳимуссаломни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Мисол учун, баъзи пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча уммат ва авлодларга юборилган бўладилар. Шунингдек, бу фазллар пайғамбарликнинг табиатига, унинг инсон ҳаётини қанчалик қамраб олишига ҳам боғлиқдир.

Ояти каримада мазкур ҳолга иккита мисол келтирилади:

«Улардан Аллоҳ гаплашгани бор…»

Яъни пайғамбарлар ичида Аллоҳ бевосита гаплашгани бор. Аллоҳ билан гаплашиш ҳақида сўз кетганда, албатта, Мусо алайҳиссалом ёдга тушадилар. Мусо алайҳиссаломни «Калимуллоҳ» дейишади, бу эса «Аллоҳ ила сўзлашган» деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам оятда у зотнинг исмлари айтиб ўтирилмади.

«…ва баъзиларининг даражасини кўтарган».

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила баъзи пайғамбарларининг даражасини кўтариб қўйган. Бу ҳам маълум ва машҳур.

«Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Руҳул қудус билан қўлладик».

Қуръони Карим Ийсо алайҳиссаломни доимо оналари Биби Марямга нисбат бериб зикр қилади. Бу билан у зотнинг инсон эканликларини таъкидлайди ва у зот ҳақларидаги турли чўпчакларнинг бекор эканини исботлайди. Ийсо алайҳиссаломга берилган «очиқ-ойдин мўъжизалар» ҳақида ҳам кўплаб оятлар келган. Буларга у зотга нозил қилинган Инжил китоби ва Аллоҳ у зотга берган бошқа турли мўъжизалар киради. «Руҳул қудус»дан мурод фаришта Жаброил алайҳиссаломдир. У ваҳийга хизмат қилувчи, Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказувчи фариштадир. Қайси пайғамбарга Жаброил алайҳиссалом келсалар, бу катта қўллаш ҳисобланади.

Ояти каримада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун у зотнинг фазллари зикр қилинмади. Ҳамма пайғамбарлар ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга назар соладиган бўлсак, у зот энг олий чўққида турадилар. Пайғамбарликнинг ҳамма нуқтаи назаридан қараганда, у зот ва у зотнинг пайғамбарликлари ҳаммадан устун туради. У зотнинг пайғамбарликлари барча авлодлар, барча уммат ва халқлар учундир. У зотнинг пайғамбарликлари қиёмат кунига қадар бардавомдир. У зотнинг пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи пайғамбарликдир. Шу сабабдан у зотдан кейин ваҳий келиши тўхтаган. Аллоҳ таоло бошқа ҳамма пайғамбарларга берган фазилатларни жамлаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бергандир.

Шундай бўлса ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Мени бошқа пайғамбарлардан устун қўйманглар», дейдилар.

Нақадар улуғ камтарлик, буюк тавозе! Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисдаги маъноларнинг бир-бирига қарама-қарши эмаслигини таъкидлаб: «Оятда воқеликдан хабар берилган, ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликларига, пайғамбарларнинг фазлини белгилаш Аллоҳнинг иши эканига далолатдир», деганлар.

Аммо пайғамбарларнинг пайғамбарликлари ва Аллоҳ таолонинг мустафо бандалари эканликларида ҳеч қандай фарқлашга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда Бақара сурасининг охирида айтилади:

«Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз» (Бақара сураси, 285-оят).

Яъни Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга бирдек иймон келтирамиз. Бирорталарини ажратиб қўймаймиз.

Пайғамбарларни бирдай кўриш, уларга бирдек иймон келтириш ва уларни тенг эъзозлаб, ҳурмат қилиш мусулмон умматининг асосий қоидасидир. Шунга кўра, бу уммат барча илоҳий шариатларнинг меросхўри бўлди, чунки мазкур пайғамбарларнинг барчасига нозил бўлган дин Ислом бўлган.

“Ислом тарихи” биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АМИР МУОВИЯ 661680 йиллар. Биз яна сал орқага қайтишимиз лозим. Эсласангиз, Амир Муовия халифаликнинг Имом Хасан халифа деб эътироф этган шарқий қисми чегараларидан давоми...

8020 05:00 / 24.02.2017
Бани Ҳашиш қабиласининг раисларидан бири қўшнисининг ерини эгаллаб олади. Улар қозига шикоят қилиб боришади. Қози имом Шавконий роҳимаҳуллоҳ эди. Шавконий давоми...

3132 17:00 / 12.04.2022
ҲИНДИСТОННИНГ КИЧИК ПОДШОҲЛИКЛАРИ. XV аср охирларида Ҳиндистонда кўплаб мусулмон подшоҳликлари бўлиб, Деҳли султонлиги улар орасида энг қудратлиси эди. Деканда давоми...

4077 05:00 / 24.02.2017
Имом, муҳаддис, Марвнинг манфаатли олими, Абу Исо Термизийнинг АлЖомеъrdquoларини у кишидан ривоят қилган ровий Абул Аббос Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳбуб ибн Фузайл давоми...

2906 18:10 / 13.03.2019
Аудиолар

137625 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57691 14:35 / 11.08.2021