1446 йил 18 жумадул аввал | 2024 йил 20 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Ўлгандaн сўнг қайта тирилиш ва ундан сўнг келадиган нарсаларга иймон

20:00 / 11.07.2019 3777 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимиз таълимотларига кўра ўлим инсоннинг йўқ бўлиши эмас. Бизнинг собит ақийдамиз бўйича ўлим беш кунлик бевафо дунёдан абадийлик ва вафо дунёсига кўчиб ўтиш нуқтасидир. Одам боласининг жони узилиб, танасидан чиқса, тана мурдага айланади. Тана тупроқдан бўлгани учун у тупроққа топширилади. Аммо одамнинг руҳи – жони Аллоҳ таолодандир. Аллоҳ таоло эса азалий ва доимий барҳаёт Зотдир. Шунинг учун ўлган одамларнинг жонлари танадан чиққанидан кейин улар учун тайёрлаб қўйилган барзах номли жойга бориб туради. У ерда тирик ва ҳушёр туради. Ортидан қолган яқинларининг ҳолидан, қилаётган ишларидан хабардор бўлиб, уларнинг яхшиликларидан хурсанд, ёмонликларидан хафа бўлиб туради. Бизнинг ўтган азизларимизни йўқлашимиз ҳам ўша руҳларга қаратилган бўлади.

Агар ўлим ва қайта тирилиш бўлмаса, ҳақиқий адолат юзага чиқмайди – бу дунёда яхшилик қилган одам яхшилигининг тўла мукофотини ола билмайди, бу дунёда ёмонлик қилган одам ёмонлигининг жазосини тўлиқ тортмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло охиратда ҳаммани қайтадан тирилтириб, ҳамманинг қилганига яраша, заррача қолдирмай жазо ёки мукофотини беради.

Ўлимдан кейин қайта тирилиш бўлмаса, одамнинг умри жуда ҳам қисқа бўлади. Ўлимдан кейин қайта тирилиш эса инсонни абадийлик дунёсига киритади. Ўша ерда мўмин бандалар ўзларининг ҳақиқий мукофотларини оладилар.

– Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берадиган мукофотларини охиратга қолдиришининг биринчи ҳикмати:

«Чунки бу дунё диёри уларга беришни ирода қилган нарсани сиғдира олмайди».

– Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берадиган мукофотларини охиратга қолдиришининг иккинчи ҳикмати:

«У Зот уларнинг қадрларини бебақо диёрда мукофотлашдан юқори қилди».

Шунинг учун ҳам ўлимдан кейин қайта тирилиш ақийдаси жуда ҳам зарурдир.

Бу улкан ҳақиқат ҳақида ақийда китобларимизда қуйидагилар таъкидланади.

«Ва қиёмат куни баъсга (қайта тирилишга), амалларнинг жазо ва мукофоти берилишига, арзга (қилинган амалларнинг кўрсатилишига), ҳисоб-китобга, китобни (номаи аъмолни) ўқишга, савобга ва иқобга, сирот ва мезонга (амал тарозисига) иймон келтирамиз».

Ўлимдан кейин бўладиган қуйидаги саккиз ишнинг ҳақлигини тасдиқлаймиз:

1. Ўлимдан сўнг иккинчи бор ҳаётга келиш.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Сўнгра сизни ўлдиради ва яна тирилтиради, кейин сизлар Унга қайтариласизлар» (Бақара сураси 28-оят).

Балки инсон унга жон қаердан келганини ўйлашга кўп ҳам рағбат қилмас, лекин оятда эсга солинаётган ишга – «сўнгра сизни ўлдиради» тан бермасликнинг иложи йўқ. Дунёнинг энг ақллисиман, деган кофир ҳам ўлим олдида иложсиздир. У абадий яшаб қолмаслигини билади, ўлимга бош эгади. Хўш, барибир бир кун келиб Аллоҳ жонингни олар экан, қандай қилиб У Зотни инкор этасан, қандай қилиб Унга куфр келтирасан?!

Сўнгра Аллоҳ яна инсонни қайта тирилтиради. Бу иш қиёмат куни амалга оширилади. Кофирлар бу босқичга ишонмай, тортишадилар. Лекин ҳужжат-далиллар уларнинг бу қайсарликлари ҳам беҳуда эканини кўрсатади. Жумладан, инсонни йўқдан бор қилиб, жон ато этган Аллоҳ учун барчанинг жонини яна ўзига қайтариш жуда ҳам осондир.

Оятнинг охирида «…кейин сизлар Унга қайтариласизлар», дейилмоқда.

2. Қиёмат куни яхши ишларнинг мукофоти, ёмон ишларнинг жазоси берилиши.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ана ўшалар қилган амаллари мукофотига» (Аҳқоф сураси, 14-оят).

Ушбу ояти каримадаги «қилган амаллари мукофотига» деган жумлага алоҳида эътибор бериш лозим. Қаранг-а, «айтган гаплари» ёки «ниятлари», дейилгани йўқ, фақат «қилган амаллари», деб таъкидланмоқда.

Демак, қуруқ гапнинг Исломда эътибори йўқ, балки айтилган гапни амал билан тасдиқлаш содир бўлгандагина мукофотларга сазовор бўлинади. Мукофот – жаннатда мангу қолишдир.

3. Аллоҳнинг ҳузурида арз бўлиши (қилинган амалларнинг кўрсатилиши).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ўша Кунда кўрикдан ўтасизлар, бирорта нарсангиз махфий қолмайди» (Ҳаққо сураси, 18-оят).

Яъни ҳар бир нарсанинг ҳисоб-китоби бўлади. Ўша Кунда одамлар икки тоифага бўлинадилар: яхшилар ва ёмонларга.

4. Бандалар амалларининг ҳисоб-китоби.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим» (Ҳаққо сураси, 20-оят).

Яъни бандалар Робблари ҳузурида арз қилиниб, ҳеч бир махфий нарса қолмайдиган ўша қиёмат куни кимнинг номаи аъмол китоби ўнг қўлидан берилса, у жуда ҳам бахтиёр бўлади ва сурурга тўлиб:

«Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар!» дейди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Тезда, осонгина ҳисоб қилинур» (Иншиқоқ сураси, 8-оят).

Бу ишлар қиёмат куни бўлади. Маҳшарда ҳамма тўпланганда одамларга номаи аъмоллари берилади. Кимки бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, тоат-ибодатда, тақводорлик билан ўтган бўлса, уларнинг номаи аъмоли ўнг тарафдан берилади. Шунинг ўзи яхшилик аломатидир. Уларнинг ҳисоб-китоби осонгина, кўрсатиб ўтиш йўли билан бўлиб, улар жаннатдаги аҳллари ҳузурига хурсанд бўлиб қайтадилар.

5. Ҳар бир кишининг номаи аъмоли ўқилиши.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан» (Исро сураси, 14-оят).

Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.

6. Яхши амалларга савоб, ёмон амалларга иқоб берилиши.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра вазнича ёмонлик қилса ҳам кўради» (Залзала сураси, 7-8-оятлар).

Яъни савоби ва иқобини кўради.

Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қиладилар: «Соъсоъа ибн Муовия исмли одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зот унга «Фаман яъмал мисқола зарротин хойрон яроҳ ва ман яъмал мисқола зарротин шарран яроҳ»ни ўқиб берган эдилар, у: «Бундан бошқа нарсани эшитмасам ҳам, менга шунинг ўзи етарли», деди».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир хурмонинг ярми ёки бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам ўзларингизни дўзахдан сақланглар», деганлар. Бу «яхшиликнинг катт-кичиги бўлмайди», деганларидир.

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзга илинмайдиган гуноҳлардан сақланинглар, чунки улар тўпланиб, кишини ҳалок қилади», деганлар.

Ҳар доим кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам яхшиликни қилишга уриниш, шунингдек, кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш лозим.

7. Сиротдан (жаҳаннам устига қурилган кўприкдан) ўтиш.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир» (Марям сураси 71-оят).

«Жаҳаннамга яқинлашиш»дан мурод унинг устига қурилган сирот номли кўприкдан ўтишдир.

8. Яхши амаллар билан ёмон амаллар ўртасидаги фарқни зоҳир қилиш учун амалларни тортиш.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ўша куни тортиш ҳақдир» (Аъроф сураси, 8-оят).

Қиёмат куни фақат савол-жавоб билан кифояланиб қолинмайди. Балки ундан ҳам дақиқроқ ишлар бўлади. Ҳар бир инсоннинг қилган амаллари тарозига солиниб, тортилади. Бу тарози аниқ ишлайдиган тарози бўлиб, зарранинг оғирлигини ҳам сезади. Ана ўша тортишда кимнинг амаллари оғир келса, у нажот топади, жаннатга киради.

Ёмонликдан бошқа амаллари йўқлар ҳақида эса Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз» (Каҳф сураси, 105-оят).

Яъни қиёмат куни кофирларнинг ҳеч қандай қадр-қиймати бўлмайди. Уларнинг бу дунёда қилган амалларининг вазни ҳам бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг наздида ҳамма қадр-қиймат ва амалларнинг вазни иймонга боғлиқ. Иймони йўқнинг қадри ҳам йўқ, қиймати ҳам йўқ. Унинг қилган ишининг вазни ҳам йўқ.

– Бас – ўлгандан кейин қайта тирилиш ва ундан кейинги нарсаларга умумий далил. Билингки, ўлгандан кейин қайта тирилиш ва жисмоний қайтишга Қуръон, Суннат, ақл ва соғлом табиат далолат қилади. Аллоҳ таоло азиз Китобида бу ҳақда хабар берган, унга далил келтирган ва Қуръоннинг кўпчилик сураларида бу нарсаларни инкор қилувчиларга раддия келтирган. Қуръонда хабар берилганидек, барча пайғамбар алайҳиссаломлар ўлимдан кейин қайта тирилишнинг ҳақлигига иттифоқ қилганлар. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам охиратни бошқа анбиёларнинг китобларида бўлмаган шаклда батафсил баён қилганлар. Аллоҳ Ўз Китобида қайта тирилиш ва унинг воқе бўлиши ҳақлиги ҳамда ундан келиб чиқадиган нарсаларга далолат қилувчи турли далил-ҳужжатларни зикр қилган.

«Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нима қилишимиздан қатъий назар орзу қиламизми, ўйлаймизми, қўрқамизми ёки вафот этамизми фарқи йўқ, вақт доимо давом этади. Нима бўлишидан қатъий назар биз давоми...

2798 15:00 / 30.09.2021
Кундан кунга Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарадаги илмий мўъжизалар, ҳақиқатлар илмий томондан ҳам аниқланмоқда. Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи давоми...

1957 20:37 / 04 март
Электрли илон балиқЭлектрли илонбалиқ денгиз жониворлари орасида энг катта кучланишда ток чиқарар экан.Кичик ҳажмдаги илонбалиқ ўзидан ов пайтида 350 вольт ток давоми...

2268 09:00 / 02.10.2021
Йигирманчи асрда фазовий жисмлар ва коинотдаги ҳодисаларга доир кўплаб кашфиётлар қилинди. Улардан бири қора туйнукларнинг аниқланишидир. Ўзининг бутун давоми...

3823 10:56 / 15.02.2022
Аудиолар

134939 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55226 14:35 / 11.08.2021