1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Моида сураси, 91-оят.

10:33 / 06.07.2018 11040 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Моида сураси, 91-оят. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?!

Юқорида ўтган оятларда аввалги умматларнинг ҳалокатига уларнинг ораларига тушган адоват ва хусумат ҳам сабаб бўлгани эслатилган эди.

Бундай ўзаро адоват ва хусумат мусулмонлар орасида ҳам пайдо бўлишига хамр билан қимор сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё – мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто ароқхўрнинг ўзи ҳам яхши билади. Биз у маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини – кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик. Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилалардан бузилгани қанча, ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшнилардан бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришларнинг эса ҳисобига етиб ҳам бўлмайди. Ҳозирга келиб, ароқхўр давлат раҳбарлари сабабли ичкилик мамлакатлар орасига ҳам адоват солмоқда.

Шунингдек, қимор ҳам зарари кўп иллатдир. Айниқса, бу иллтнинг кишилар ўртасига адоват ва хусумат солиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Буни содда мантиқ ҳам кўрсатиб туради. Ютқизган қиморбоз ўзидан бир дақиқада бир ҳаракат ила катта ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди. Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб турамиз.

Аллоҳ таоло бу икки нарсани – хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши» деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.

Ушбу ояти каримада зикр қилинган ароқ билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси – уларнинг одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши. Бу маълум ва тушунарли ҳол. Ароқхўрнинг ароқ ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Ичиб, маст бўлиб олгандан кейин эса умуман эсга олмайди. Бошқа ишлар қатори, намоз ҳам ароқхўрнинг эсидан чиқади. Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса ароқ ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади.

Ароқхўр халқларнинг вакиллари ароқдан фазилат топмоқчи бўладилар: «Бу дунёнинг ғам-ғуссаларини унуттиради, бир оз бўлса ҳам, бўшашиб, ўша ғамлардан, аламлардан узоқлашиш имконини беради», – дейдилар.

Исломда эса бунга масъулиятдан қочиш, ғам-ғусса устига яна ғам-ғусса қўшиш, деб қаралади. Албатта, биров ароқни ичиб, маст бўлиб, ғам-ғуссасини унутгани билан, ҳушига келганда ғам-аламлардан қутулиб қолмайди. Балки аввалги ғам-ғуссаларига ароқхўрлик туфайли келган ғам-ғуссалар қўшилади. Исломда ҳаётнинг ғам-ғуссаларини улардан қочиш билан эмас, балки уларга қарши курашиш билан муолажа қилинади. Мусулмонлар қийинчиликларни енгиб ўтишда доимо Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолларида иш олиб борадилар. Ҳамиша Аллоҳ таолонинг зикрида бўладилар, намозни канда қилмайдилар. Аллоҳнинг зикри ва намоз дунёдаги барча ғам-ғуссаларни тўкиб-соладиган, уларни ҳал қилишда, улардан халос бўлишда ҳақиқий ёрдамчи бўлмиш Аллоҳдан мадад сўрайдиган энг қулай фурсатдир. Ароқ ичиш, қимор ўйнаш билан бундай қулай фурсатни қўлдан бой бериш катта бадбахтликдир.

Ароқхўрликка қарши гапирсанг, баъзилар «Сенинг ишинг нима? Ичса, ўзининг пулига ичибди. Зарар кўрса, ўзи кўради», – дейишади.

Исломда бундай фалсафа йўқ. Мусулмон одам фақат ўзи учун яшамайди. У ўзидан ташқари, оиласи, қариндош-уруғи, жамияти, қолаверса, бутун инсоният олдида масъулиятли шахс ҳисобланади. Энг муҳими – Аллоҳнинг олдида масъулиятлидир. Шунинг учун ҳам у аввало, ўз жони олдидаги масъулиятни ҳис этиб, ароқ туфайли молу мулкини, соғлиғини ва обрўсини йўқотиш билан ўзини қийнамаслиги керак. Шунингдек, оиласини ҳам қийнашга ҳаққи йўқ. Оилани боқиб, кийинтириб, яхши жой билан таъминлаб, унинг обрўсини ҳимоя қилиш ўрнига, топганини ичиб, етмаса, оиланинг бошқа аъзолари топган унча-мунча маблағни ҳам сарфлаб, уларнинг ҳам обрўсини тўкиш катта жиноят ҳисобланади. Шунингдек, қариндош-уруғлар ҳам ундаги ҳақларидан бебаҳра қолмасликлари керак.

Ароқхўр киши жамият унга яратиб берган имтиёзлардан фойдаланса-ю, ўзи унга хизмат қилиш ўрнига, тирик товон бўлиб, ногиронлик нафақаси сўраб турса, шунда ҳам ароқхўрлик «ўзининг иши» бўладими?!

Ароқхўрнинг Аллоҳ таоло олдидаги масъулияти ҳақида ҳар қанча гапирсак, шунча оз. Қисқа қилиб айтганда, ароқхўр Аллоҳни бутунлай унутган одам бўлади. Бундай одам ҳақида қандай қилиб «Ичса, ўзининг пулига ичибди, зарар кўрса, ўзи кўради», дейиш мумкин?!

Булар оддий фуқаронинг ароқхўрлиги ҳақидаги гаплар. Энди агар ароқхўр масъул одам, вазифадор ёки ҳоким бўлса нима бўлади? Ароқни ўз пулига эмас, халқнинг пулига ичса, порага олган пулига ичса, ҳаромдан топган, бировнинг ҳаққидан юлиб қолган маблағига ичса-чи? Унда жиноят бир неча чандон кучаяди ва зарарлар ҳам шунчалик кўпаяди. Табиийки, Аллоҳнинг олдидаги гуноҳлар ҳам шунга яраша бўлади.

Ушбу икки оят Қуръони Каримдаги хамр ҳақидаги сўнгги оятлардир. Бу ерда унинг батамом ҳаром экани баён қилинган.

Хамр ҳақидаги оятлар тўрт марта, босқичма-босқич бўлиб нозил қилинган. Биринчи бор Наҳл сурасидаги 6-7-оятларда нозил бўлган. Бу оятда хурмо ва узум меваларидан яхши ризқ ва маст қилувчи нарса олиниши айтилган. Бунда маст қилувчи нарса, яъни хамр яхши ризққа қарши қўйилган, унинг ёмон нарса эканига ишора этилган. Тушунадиган одамлар буни дарров тушуниб олганлар.

Хамр ҳақидаги иккинчи оят Бақара сурасидаги 219-оят бўлиб, унда одамлар хамр ва қимор ҳақида сўрашлари ва уларда ҳам фойда, ҳам зарар борлиги, зарарлари фойдасидан кўплиги, уларда катта гуноҳ борлиги айтилади.

Учинчи босқичдаги оят эса Нисо сурасидаги 43-оятдир. У оятда мусулмонларга маст ҳолда намоз ўқимасликка амр қилинади.

Ва, ниҳоят, Моида сурасидаги ушбу оятлар нозил бўлиб, хамрнинг мутлақо ҳаром эканининг ҳукми собит бўлди.

Хамрни бундай аста-секинлик билан ҳаром қилиш услуби энг манфаатли экани тажрибада исботлангандир.

Маълумки, Исломдан олдин ароқхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар ароқхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақалашиб, бир-бирларидан ўтишга ҳаракат қилишарди. Хамр шоирларнинг шеърида, муғаннийларнинг қўшиқларида бош ўринда турарди. Кишилар ароқсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эдилар. Албатта, бу жамиятни ароқхўрлик иллатидан тозалаш осон эмас эди. Шуларни эътиборга олиб, бу муаммони муолажа қилишда Қуръони Карим аста-секинлик билан, даражама-даража ҳаракат йўлини тутган. Хамр ҳақидаги илк оятлар нозил бўлгандаёқ кишилар уларнинг вақтинчалик эканини, кейинроқ ниҳоий ҳукм тушиши муқаррарлигини сезиб туришар эди. Бу ҳақда баъзи ибратли ривоятлар ҳам келган.

Наҳл сурасидиги биринчи оят нозил бўлгандан кейин бўлса керак, ишончли ҳадис китобларида ривоят қилинишича, ҳазрати Умар ибн Хаттоб: «Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» – деган эканлар. Вақти келиб, Бақара сурасидаги «Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», – деб айт» деган оят нозил бўлди. Умар розияллоҳу анҳуни чақириб, у кишига бу оят тиловат қилиб берилди. У киши яна: «Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» – дедилар. Сўнгра, вақти келиб, Нисо сурасидаги «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда намозга яқинлашманглар» деган оят нозил бўлди. Ҳазрати Умар чақирилиб, бу ояти карима ҳам у кишига тиловат қилиб берилди. У киши яна: «Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» – дедилар. Ва, ниҳоят, Моида сурасидаги «Албатта, шайтон ароқ ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?!» ояти нозил бўлди. Яна ҳазрати Умар чақирилиб, бу оятни ҳам тиловат қилиб беришди. Шунда у киши: «Тўхтадик!!! Тўхтадик!!!» – деб қичқирдилар.

Бу оятлар Уҳуд урушидан кейин, учинчи ҳижрий санада нозил бўлган. Демак, Қуръон нозил бўла бошлаганидан ўн олти йил ўтганидан сўнг нозил бўлган. Биринчи сабаби – одамлар берилиб кетган иллатни аста-секинлик билан даволаш экани гапириб ўтилди. Аммо энг муҳим сабаб, ҳақиқий омил ҳақида энди гаплашамиз.

Қуръони Карим оятлари Маккаи Мукаррамада ўн уч йил нозил бўлиб турди. Агар ўша даврда нозил бўлган оятларга назар солинадиган бўлса, ҳаммаси ақийда масаласига, кишилар қалбига «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни ўрнатишга қаратилгандир.

Узоқ муддат ҳидоятсиз юрган, ширк ва куфр моғори босган қалбларни тозалаш-поклаш ва ягона Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, холиқлиги, розиқлиги, ҳокимлиги, илоҳу маъбудлиги, бутун оламнинг тарбиячиси, қиёмат кунининг молики экани ва бошқа сифатларини яхшилиб тушунтириб, кишиларнинг ягона ақийдасига айлантиришга ҳаракат бўлди. Шу билан бирга, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» ахлоқлари, яъни шу калимаи тоййибага иймон келтирган кишининг ахлоқи қандай бўлиши кераклиги ҳақида йўл-йўриқлар бўлди. Иймон келтириб, мусулмон бўлган кишиларнинг қалби покланиб, «Лаа илааҳа иллаллоҳ»дан бошқа ақийда сиғмайдиган бўлди. Бу қалбларга ягона Аллоҳнинг муҳаббатидан ўзга ҳеч қандай муҳаббат йўл топа олмайдиган бўлди. Кишилар борлиқда Аллоҳ таолодан ўзга ибодатга сазовор зот йўқлигини тушуниб етдилар. Яъни бу дунёда одамлар банда бўлишларига ҳақдор Зот, инсонлар айтганларини қилиб яшашларига ҳақли Зот, розилигини олишга ҳаракат қилиш керак бўлган Зот ягона Аллоҳ таолонинг Ўзи экани уларнинг мустаҳкам ақийдасига айланди. Мусулмонлар бу дунёда нима ҳалол, нима ҳаром эканини тайин қиладиган зот битта – Аллоҳ эканини тушуниб етдилар. Улар ўз ҳаётларининг барча соҳаларида фақат Ислом кўрсатмалари асосида яшашлари лозимлигини тушуниб етдилар. Уларнинг иймон-эътиқодлари қувватланди. Аллоҳдан келган ҳар бир амрни катта қувонч билан, шавқу завқ билан кутиб оладиган ва ўша амрга амал қилишда бир-бирлари билан мусобақалашишга шошиладиган ҳолга келдилар. Исломдан олдинги ҳаётлари тўла залолатда бўлганини, ўзлари буту санамларга сиғиниб юрганларини, ўзларига ўхшаш одамлардан қўрқиб, уларнинг иродаларига итоат этиб юрганларини, ҳамма эътиқодлари, тасаввурлари нотўғри эканини англаб етдилар. Жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиққанларидан ниҳоятда севиндилар. Уларга бу улкан неъматни берган Аллоҳнинг амрига итоат этишни ўзларига шараф деб биладиган бўлдилар. Мана шундай ҳолат ўзгаришларидан кейингина амалий ҳукмларга оид оятлар нозил бўла бошлади ва мусулмонлар уларни мисли кўрилмаган аниқлик билан ҳаётга татбиқ этишга киришдилар.

Хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ушбу оят нозил бўлганда, кишилар хамр сақлайдиган идишларини кўчага олиб чиқиб, ерга урганлар. Мадинаи Мунаввара кўчаларида ароқ оққан. Одамларга ушбу оят нозил бўлганлиги хабари етганда ичишга шайланиб турган хамрларини қайтарганлар, ичиб қўйганларини қусиб ташлаганлар. Шу билан жамият бу иллатдан тамоман қутулган.

  Бунга ўхшаш иллатларнинг муолажаси фақат чуқур иймон ва эътиқод асосида бўлмаса, муваффақиятсизликка учраши турган гап. Кўплаб тажрибалар шунга далилдир. Ҳозирда хамрнинг инсоният ҳаётига таҳдид солиб турган хатар эканини каттаю кичик, эркагу аёл, ҳокиму маҳкум – ҳамма илмий асосда тушуниб етди. Аммо айнан шу иллат кундан-кунга авж олиб кетмоқда. Хамрнинг турли янги навлари пайдо бўлмоқда. Ҳукуматларнинг унга қарши кўраётган чоралари ҳеч фойда бермаяпти. Ҳукуматлар ўлим жазосини чиқарса ҳам, хамрга қизиқувчилар кўпайиб бормоқда. Чунки муолажанинг асоси нотўғри. Иймонга, Аллоҳга тақво қилишга, Унинг амрига бўйсунишга суянилмайди. Аллоҳдан қўрқмаган ароқхўрга ўзидан ҳам баттар ароқхўр бир ҳокимнинг чиқарган қарори қандай таъсир қилиши мумкин? Фақат Исломгина бу ва бунга ўхшаш иллатларни муолажа қила олади. Чунки Исломнинг қоидаси бўйича, одамлар одамларга итоат қилмайди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Иброҳим ўз ўғилларига ва Яъқуб ҳам .Эй ўғилларим, албатта, Аллоҳ сизларга динни танлади, бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг,, ndash деб, шумиллатни васият давоми...

3420 12:35 / 29.11.2017
Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг ва тажовузкорлик қилманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни севмас. Бақара 190. Аллоҳ таоло ушбу оятда давоми...

3238 09:05 / 28.01.2018
Ёки Яъқубга ўлим ҳозир бўлиб, у ўз ўғилларига .Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар, ndash деганида, улар .Сенинг Илоҳинг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг давоми...

2679 15:00 / 30.11.2017
Бир жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинг. давоми...

3158 06:15 / 28.08.2017