1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ҲИРС ВА ТАМАГИРЛИК ҲАМДА ҚАНОАТ

05:00 / 28.02.2017 4302 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири ҳирс ва тамагирликдир.
Мусулмон инсон молу дунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади. Тамагирлик арабча тамаъа сўзидан олинган бўлиб бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. Тамаъ қилди билан ҳирс қўйди бир хил маънони англатади.

Роғиб «Муфрадот»да тамаънинг таърифида: «Тамаъ нафснинг бир нарсага шаҳват ила боғланишидир» деган (207 – бет).
Агар тамаъ Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамаълари мисол бўлади.
Аллоҳ таоло «Шуъаро» сурасида: «Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан тамаъ қилганим – умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи», деган (82 – оят).
Аллоҳ таолонинг Ўзи Унга хавф ва тамаъ билан дуо қиладиганларни мадҳ этган.
Аллоҳ таоло «Сажда» сурасида: «Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва тамаъ – умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар», деган (16 – оят).
Аммо тамаъ молу дунё, амалу мансаб ва дунёнинг ўткинчи ҳойи ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Билингким, тамаъ фақирликдир. Тамаъ қилмаслик бойликдир», деган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаъларнинг чақмоғидандир», деган.
Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумолар бирга бўлишганда Каъб розияллоҳу анҳу: «Эй Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар?» деди.
«Унга амал қилувчилар», деди.
«Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима?» деди.
«Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишни сўраш», деди».

Тамагирликнинг зарарларидан:

1. Тамагирлик иймон заифлиги аломатидир.
2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир.
3. Тамагирлик саховат соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир.
4. Тамагирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади.
5. Тамагирлик доимий чарчоқликдир.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, У зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда У зот: «Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши эканлиги тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо, ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса норози бўлмайди, кўп бўлса ховлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.
Мазкур ривоятлардан мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандоқ тутмоқлиги лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар бермоқда:

Иффатли бўлиш

Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб, билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.
Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.
Бундай одамни Аллоҳ таоло кўзини тўқ қилиб қўяса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан.
Кам бўлса ҳам, ўзига берилган ризққа сабр қилиш.
Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг ато ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида умбалоқ ошиб ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.
Мусулмон одам унга Аллоҳ томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлар экан.
Ҳақиқий бойлик молу-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.
Абу Ҳозим: «Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса», деган.
Баъзи ҳукамолар айтмиш:
«Агар тамагирликка: «Отанг ким?» дейилса,
«Қадарга шак келтириш», дейди.
«Ҳунаринг нима?» дейилса,
«Хорликни касб қилиш», дейди.
«Ғоянг нима?» дейилса,
«Маҳрумлик», дейди».
Тамагирлик азизрни хор қилади. Тамасизлик хорни азиз қилади.

Ҳирс ва тамагирликнинг давоси:

Бу даво сабр, илм ва амалдан иборатдир.
Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлур:
1. Маъийшатда тежамкор бўлиш ва сарф харажатда мулойим бўлиш.
Ким қаноатли бўлишини истаса имкони борича ўзидан харажат эшигини бекитишга ҳаракат қилади. Нафсини фақат зарур нарсалар билан кифоялантиришга уринади. Муяссар бўлган таомга қаноат қилади. Хўракни иложи борича озайтиради. Кийимда ҳам содда бўлишга ҳаракат қилади. Мазкур нарсаларни ўзига одат қилиб олади. Оила аъзоларини ҳам шунга ўргатади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳлик йўли, солиҳлик ҳайъати ва иқтисод нубувватнинг йигирма беш жузидан бир жуздир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Гўзаллик ҳайъати, шошмаслик ва иқтисод нубувватнинг йигирма тўрт жузидан бир жуздир», дейилган.
Солиҳлик ҳайъати-гўзал кўриниш, аҳли солиҳларнинг кўриниши. Иқтисод-гап-сўз, ҳатти-ҳаракат ва барча ишларда тежамкор бўлиш. Албатта, бу каби фазилатлар ҳусни хулқдандир.
Термизий ва Муслим қилган ривоятда: «Ким мусулмон бўлиб ризқи учма уч бўлса ва Аллоҳ унга қаноат берса, батаҳқиқ, нажот топибди», дейилган.
Бошқа бир ривоятда: «Исломга ҳидоят қилиниб маъишати учма уч бўлиб қаноат қилган одамга яхшилик бўлсин», дейилган.
2. Ўзига етарли нарса муяссар бўлса, келажаги учун изтиробга тушмайди. Ризқи унга албатта келишига қаттиқ ишонади. Шайтоннинг унга фақирлик ваъда қилишга ишонмайди.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир», деган (6 - оят).
Ер юзида ўрмалаган нарса – одамзот, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлардир. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади. Буларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин ва равшан китобда ёзиғлиқ ҳамдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга яқинлаштирадиган амал бўлсаки, албатта, сизларни унга амр қилдим. Дўзахга яқинлаштирадиган амал бўлсаки, албатта, сизларни ундан қайтардим. Бирортангиз ўз ризқини зинҳор кеч қолди демасин. Жаброил алайҳиссалом кўнглимга сиздан бирор киши ризқи мукаммал бўлмасдан бу дунёдан чиқмаслигини солди. Бас, уни Аллоҳга маъсият қилиш ила талаб қлмасин. Чунки, Аллоҳнинг фазлига маъсият ила етишилмас», дедилар».
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Руҳул қудус менинг кўнглимга «Нафс ўз ризқини тўлалигича олмагунича зинҳор ўлмас, Аллоҳга тақво қилинглар, талаби ризқни гўзал қилинглар, ризқнинг кеч қолиши сизни уни Аллоҳга маъсият ила талаб қилишга олиб бормасин, албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат У зотга тоат қилиш ила эришилади» деган маънони солди», дедилар». Ибн Абу Дунё ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
3. Қаноатнинг фойдаси, ҳирс ва тамагирликнинг зарарини тушуниб етмоғи лозим.
Қаноат шубҳали ва ортиқча нарсаларга сабр қилишдан иборат бўлиб, охиратда савобга сабаб ҳам бўлади. Ўз иззатини ҳавойи нафсидан устун қўя олмаган одамнинг ақли расо бўлмайди.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ нажот топган бўлур», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сафат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаноатни лозим тутинг! Қаноат туганмас молдир», дедилар». Имом Тобароний ривоят қилган.
4. Ўтган қавмлардан дунёга ҳирс қўйган ва тамагир бўлганларнинг ҳоли нима бўлганига назар солсин. Шу билан бирга ўтган пайғамбарлар, аҳли солиҳлар ва азиз авлиёларнинг ҳолидан ўрнак олсин.
5. Мол жамлашнинг хатарини тўлиқ тушуниб етиш лозим.
Молнинг офатларини унитмасин. Ўртаҳолликнинг фазлини билиш керак. Бунинг учун эса, молу дунёда ўзидан пастга назар солсин ва динда ўзидан юқоридан ўрнак олсин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз молда ва халқда ўзидан афзал қилинган шахсга назари тушса, ўзидан пастга назар солсин», дедилар».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингиздан пастга назар солинг. Ўзингиздан баландга назар солманг. Бундоқ бўлиши Аллоҳнинг сизга берган неъматига ношукр бўлишингизга олиб келиши мумкин», дедилар». Иккисини Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
161. Олтин олов билан синалади. Аёл олтин билан синалади. Эркак аёл билан синалади.162. Агар чиройли аёл бамисоли қимматбаҳо тош бўлса, фозила гўзал хулқли, илмли аёл давоми...

4631 19:58 / 27.04.2017
1. Насиҳат диннинг мағизи, иймоннинг жавҳаридир.Шунинг учун дину диёнат ҳамда иймон мўминмусулмонларнинг Аллоҳ таоло учун, У Зотнинг Расули учун, Китоби учун, давоми...

3242 05:00 / 06.03.2017
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган давоми...

4215 14:00 / 21.03.2020
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири кибр ва манманликдир.Кибр ва манманлик бирбирига яқин ва ўхшаш салбий давоми...

13726 05:00 / 01.03.2017