1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

МОЛУ ДУНЁГА МУНОСАБАТ

05:00 / 28.02.2017 3530 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда молу дунёнинг айни ўзи ёмонланмайди. Балки, одамнинг молу дунёга бўлган муносабатидаги маъно ёмонланади. Одам боласидаги мазкур маъно молга ҳирс қўйиш, уни ҳаромдан топиш, ҳақини адо этмаслик, ноўрин сарфлашлик ёки у билан фахрланишлик кабиларда акс этиши мумкин.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва, албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир», деган (28 – оят).

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молга ҳирс қўйиш ва мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш қўрадаги қўйлар томон қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмонроқдир», дедилар». Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.
Молга ҳирс қўйиш оқибатида, одамлар Худога бандаликдан чиқиб, молу-дунёнинг бандасига айланади. Молу-дунё нимани амр қилса, шуни бажарадиган бўлиб қолишади. Мол-дунё эса, ўзига ҳирс қўйган одамни ҳеч нарсадан қайтмасликка амр этади. Оқибатда унга банда бўлган шахс барча гуноҳлар ва ёмонликлардан тап тортмайдиган бўлиб қолади.
Салафи солиҳлар молу дунё фитнасидан жуда ҳам қўрққанлар. Яҳъя Ибн Муоз: «Дирҳам чаёндир. Агар унинг дамини яхши билмасанг, зинҳор олмагин. Бордию, у сени чақиб олса, заҳри ўлдиради», деди.
«Унинг дами нима?» дейилди.
«Унинг дами ҳалолдан топиб, ҳалолга сарфлашдир», деди.

Молу дунёнинг мадҳи:

Молу дунё дин ва дунё фойдаси учун восита бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло уни «яхшилик» деб номлаган. Одам боласининг бу дунёдаги юришининг молу дунёга боғлиқлиги ҳам бор.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Аллоҳ (ҳаётингизни) тургизиш (воситаси) қилган молларингизни эси пастларга берманг», деган (5 – оят).
Бу амрнинг баёнида «молларини» демасдан, «молларингизни» деб хитоб қилинишида ҳам катта ҳикмат бор. Қуръони Карим эси пастларнинг шахсий-хусусий молларига ҳам жамоатнинг моли деб қарамоқда. Демак, мусулмонлар қўлидаги мол-мулки айни вақтда мусулмон жамоасининг ҳам мол-мулки ҳисобланади. Ўша мол бекордан-бекорга совурилмаслиги учун жамоат ҳам жавобгардир. Чунки мол-мулк ҳам якка шахсларнинг, ҳам жамоаларнинг ҳаётида улкан қийматга эга. Шунинг учун ҳам уни Аллоҳ таоло ояти каримада «Аллоҳ (ҳаётингизни) тургазиш (воситаси) қилган», деб таърифлаяпти. Ҳа, бу дунёда мол-мулкка Ислом шундай назар билан қарайди.
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўровдим бердилар. Яна сўровдим бердилар. Сўнгра яна сўровдим, яна бердилар ва: «Эй Ҳаким, албатта, бу мол яхшидир, шириндир. Ким уни саҳоватли нафс-ла олса, унга баракали бўлур. Ким уни қизғанчилик нафси-ла олса, унга баракали бўлмас. Худди еб тўймайдиган ўхшайди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Саъид ибн Мусаяб: «Ҳалол мол жамлашни истамайдиган шахсда яхшилик йўқ. Зотан, у ўша мол ила бошқаларга ҳожати тушмайди, силаи раҳм қилади ва унинг ҳақини беради», деган.
Абу Исҳоқ Субайъий: «Молиявий кенгчиликни азизларимиз динга ёрдам деб билар эдилар», деган.
Суфён Саврий: «Бизнинг замонимизда мол мўминнинг силоҳидир», деган.
Хулосасини айтганда, молу дунё ҳам заҳари, ҳам тирёқи бор илонга ўхшайди. Заҳари зарарлари, тирёқи фоидалари.
Ким унинг фойда ва зарарларини яхши билиб олса, фойдасидан манфаат олиши ва зараридан сақланиши мумкин бўлади.

Молу дунёнинг фойдалари:

Молу дунёнинг фойдалари дунёвий ва диний бўлади.
Унинг дунёвий фойдаларини ҳамма яхши билади ва шунинг учун кўпчилик ўзини унга уради.
Унинг диний фойдалари уч турлидир:
Биринчиси: молни ўзи учун сарф қилиш.
Бунда ҳаж ва умрага ўхшаш ибодатларга ёки емоқ, ичмоқ, кийим ва маскан каби яшаш учун зарур бўлган ибодатга ёрдам берувчи нарсаларга сарфланади.
Мазкур ҳожатлар қондирилмас экан қалб дину диёнат ва ибодат учун фориғ бўлмайди. Усиз ибодатга етишиб бўлмайдиган нарса ҳам ибодатдир. Бас, молу дунёдан дину диёнат учун кифоя қиладиган миқдорини олиш диний фойдадир.
Агар ортиқа маза ва ҳожатдан ташқари бўладигани дунёнинг насибаларидан бўлади.
Иккинчиси: молни бошқа кишиларга сарф қилиш.

Бу тўрт қисмдан иборатдир:

1. Садақа.
Унинг фазилатлари маълум ва машҳурдир.
2. Мурувват.
Бунда молу дунёни бой – бадавлат, шарафли кишиларга зиёфат, ҳадия, ёрдам шаклида сарф қилинади. Бу ҳам диний фойдалардандир. Зотан бу ила киши дўст ва биродарлар орттиради.
3. Обрўни сақлаш.
Бунга шоирларнинг ҳажвини даф қилиш ва эсипастларнинг айбловини қайтариб, тилини тийиш учун мол сарфлаш киради. Бу ҳам диний фойдаларга киради. Чунки бу билан ғийбатчини ғийбат гуноҳидан ман қилинади ва уни гапи келтириб чиқариши мумкин бўлган шариатга хилоф ишларнинг олди олинади.
4. Хизматчига хизмат ҳақи сифатида бериладиган мол.
Чунки инсоннинг ҳожати тушадиган ишлар жуда кўп ва турли туман. Уларнинг барчасини ўзи қиламан деса, қўлидан келмаслиги ва вақти зое бўлиши мумкин. Шу билан бирга бу уни ҳар бир банда учун зарур бўлган фикр ва зикрдан қолдириши бор. Бас, ҳожати тушган нарсасини мутахасис одамга қилдириб унга ҳақ берган афзал. Ана ўша берилган ҳақ ҳам молнинг диний фойдаларидан бири ҳисобланади.

Учинчиси: инсон кўпчилик фойдаси учун сарф қиладиган молу дунё.
Бунга масжид, мадраса ёки кўприк қуриш каби ишлар турли вақфлар киради.
Ушбу зикр қилинганлардан ташқари молнинг тиламчилик хорлигидан, фақирлик ҳақоратидан халос бўлиш, иззатли, карамли ва виқорли бўлиш каби фойдалари ҳам бор.

Молу дунёнинг зарарлари:

Молу дунёнинг зарарлари ҳам диний ва дунёвий бўлади.
Унинг диний зарарлари уч хилдир:
1. Ғолибо молу дунё ўз эгасини маъсиятларга бошлайди. Одатда инсон ўзида маъсиятга қудрат борлигини ҳис қилса, унга талпина бошлайди. Молу дунё ҳам ўз эгасини маъсиятга чорловчи омиллардан бири ҳисобланади. Қачон инсоннинг маъсиятдан умиди узилса, унга талпинмай қўяди.
Маъсиятга қудрати етадиган нафсининг куйига тушса, ҳалок бўлади. Сабр қиламан деса, қийналади. Бойликнинг фитнаси камбағалликнинг фитнасидан кўра шиддатли бўлади.
2. Молу дунё ўз эгасини мубоҳ нарсаларда маъийшатпарастликка чорлайди. Бора бора маъйишатпарастлик унинг одатига айланиб қолади. Ундан жудо бўлишга чидай олмай қолади. Кейинроқ маъийшатпараслик куйида шубҳали нарсаларга қўл уришга мажбур бўлади.
Сўнг муросасозликка ва мунофиқликка ўтади. Чунки моли кўпайганнинг одами ҳам кўпаяди. Кўп билан муомала қиладиган нифоқ, адоват, ҳасад ва ғийбатдан холий бўлиши қийин. Буларнинг барчаси молни кўпайтиш учун қилинади.
3. Молу дунёнинг энг катта ва кўп тарқалган зарарларидан бири у ўзэгасини Аллоҳ таолонинг зикридан чалғитишидир.
Зироатчи бойнинг фикри хаёли деҳқонларни ишлатиш, уларнинг хиёнати олдини олиш, қўшнилар билан сув талашиш, ҳосилни йиғиб олиб сотиш, солиқчиларнинг таъқибидан қутилиш каби нарсалар билан банд бўлади.
Тижоратчи бой эса, божхонани алдаб ўтиш, тижорат молини авайлаб асраш, қимматроқ сотиш ва солиқчилар билан бўладиган машмашалар қуршовида бўлади.
Тўпланган бойликни сақлаш ва уни бировга билдирмаслик чоралари ҳамма бойларнинг умумий машғулоти экани ҳаммага маълум ва машҳур. Уларнинг моллари кўпайган сари ғам ташвишлари ва дори қутисидаги дори дармонлари ҳам кўпайиб бораверади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илмнинг фойдалари сонсаноқсиз эканини ҳамма яхши билади. Бу ўринда биз диний илмларнинг баъзи фойдаларини қисқача эслаб ўтамиз1.Илм орқали Аллоҳ танилади, Унга давоми...

3962 13:30 / 18.01.2020
Ҳар бир мўминмусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан бири фосиқликдир. .Фисқ, сўзи луғатда қобиқни тешиб чиқиш маъносини давоми...

3529 17:00 / 07.08.2021
Муроқабанинг биринчи мақомиМуроқаба ndash киши Аллоҳ уни кўриб, ундан хабардор бўлиб турганлигини билмоқ. Мақом ndash ҳолнинг давоми...

3327 05:00 / 01.03.2017
1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир. 2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради. 3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар давоми...

1881 19:00 / 15.04.2023
Аудиолар

135064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55343 14:35 / 11.08.2021