Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (38-дарс)

21:00 / 24.06.2019 4374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз

200. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик чоғларида: «Ҳеч бир Набий жаннатдаги ўз ўрнини кўрмай туриб, ихтиёрига қўйилмай туриб, зинҳор қабз қилинмаган», дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига (ўша ҳолат) келгач, бошлари сонимда турганда у зот бир муддат ҳушларидан кетдилар. Сўнгра кўзларини очиб шифтга тикилдилар ва: «Аллоҳим! Рафиқи Аълога», дедилар. Шунда «У зот бизни ихтиёр қилмаётирлар», дедим ва соғлик вақтларида зикр қилган гапларининг нималигини билдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаган охирги сўз: «Аллоҳим! Рафиқи Аълога» дейиш бўлди».

Муслим ривоят қилган.

201. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шиддатлироқ бемор бўладиган бирор кишини кўрмадим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

202. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшларида юборилдилар. Маккада у зот ўн уч йил турдилар. Сўнгра ҳижратга амр қилиндилар. Мадинага ҳижрат қилдилар ва у ерда ўн йил турдилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

203. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча менинг ўғлим туғилди. Уни бобом Иброҳимнинг исми билан номладим», дедилар. Сўнгра уни Абу Сайф деб аталадиган темирчининг аёли Умму Сайфга бердилар. У зот унинг олдига йўл олдилар. Мен эргашдим. У зот билан Абу Сайфнинг олдига кирдик. У босқонини босаётган ва уй тутунга тўлиб кетган экан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига тушиб тезлаб бордим-да: «Ҳой, Абу Сайф! Тўхта!» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар. У тўхтади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам болани келтиришни сўрадилар. Уни бағирларига босдилар ва Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтдилар».

 Анас айтади: «Сўнгра яна уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида жон бераётганида кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кўзларидан ёш оқди ва у зот: «Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Аллоҳга қасамки, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

204. Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилинади:

«Абийдага: «Бизда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анасдан ёки Анас розияллоҳунинг аҳлидан олганимиз сочлари бор», дедим. У: «Ундан бир толаси менда бўлиши мен учун дунё ва ундаги барча нарсалардан севимлироқдир», деди».

Бухорий ривоят қилган.

205. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сартарошнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини олаётганини кўрдим. Саҳобалари у зотни ўраб олишган эди. Бирор соч донаси тушса ҳам бирор кишининг қўлига тушишини хоҳлашар эди».

Муслим ривоят қилган.

206. Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим ва у зот билан бирга нон ва гўшт ёки сарийд едим».

Осим айтади: «Мен унга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга истиғфор айтдиларми?» дедим. «Ҳа. Сенга ҳам», деди ва «Гуноҳинг учун ва мўминлару мўминалар учун истиғфор айт» оятини тиловат қилди-да: «Сўнгра айланиб ортларига ўтдим. Кейин чап кураклари юқорисидаги муштдек муҳри нубувватларига назар солдим. Унинг устида қизил тошмалар бор эди», деди».

Муслим ривоят қилган.

207. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳавзимнинг икки тарафи худди Санъо билан Мадина орасичалик».

Бошқа ривоятда: «Унда осмондаги юлдузлар ададичалик тилла ва кумуш кўзалар кўринади», дейилган.

Муслим ривоят қилган.

208. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳавзим бир ойлик йўлдир. Унинг суви сутдан оқ, ҳиди мушкдан хушбўй, кўзалари осмондаги юлдузлар каби. Ундан ким ичса, абадулабад чанқамайди», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бошқа ривоятда: «...бир ойлик йўл. Атрофлари баробар. Суви кумушдан оқ», дейилган.

Муслим ривоят қилган.

209. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир набий сўраганини сўради ёки ҳар бир набий ўз дуосини қилди ва ижобат бўлди. Мен ўз дуоимни Қиёмат куни умматимга шафоат қилдим», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

210. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳёнда худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. У кетгандан кейин ҳамма нарсани мен ўзимда сингдириб олган бўламан. Гоҳида эса, фаришта менга одам шаклида келиб, сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан», дедилар. Оиша: «Батаҳқиқ, совуғи қаттиқ кунда у зотга ваҳий тушганини, у кишидан ажралганда эса, пешоналаридан тер оқаётганини кўрганман», деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

211. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ ушбу умматга ҳар юз йилда унинг динини янгилайдиган кишини юборади».

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

212. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда бир мақомда турдилар. У зот ўша мақомларида Қиёмат қоимгача бўладиган нарсалардан бирор нарсани қўймай зикр қилдилар. Уни ёдлаган ёдлаб олди, унутган унутиб юборди. Уни анави асҳобларим яхши билишди. Албатта, ундан эсимдан чиқариб қўйган нарсам ҳам бўлиши мумкин. Уни худди бир киши бошқа киши ундан ғойиб бўлганда юзини унутиб қўйиб, яна кўрганда эслагандек эслайман».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

213. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир яҳудий аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй(гўшти)ни келтирди. У зот ундан едилар. Кейин уни (аёлни) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келишди. У зот ундан бу ҳақда сўрадилар. «Сени ўлдирмоқчи бўлдим», деди у. «Аллоҳ сени ўша ишга ёки менга эга қилмайди», дедилар. Одамлар: «Уни қатл қилайликми?» дейишди. «Йўқ», дедилар. Мен ўшани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жағлари остидаги осилган гўштлардан билиб юрдим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

214. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир юришда бирга эдик. Кечаси билан юриб бориб, унинг охирида бир ухладикки, мусофир одам учун бундан ширин уйқу бўлмаса керак. Офтобнинг иссиғидагина уйғондик. Аввал фалончи, фалончи ва фалончилар уйғонди. Сўнг Умар ибн Хаттоб тўртинчи бўлиб уйғонди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаганларида ўзлари уйғонмасалар, биров у зотни уйғотмас эди. Чунки биз у зотга уйқуларида нима бўлишини билмас эдик. Умар уйғониб, одамларга нима етганини кўрганидан кейин – у бақувват одам эди – баланд овозда такбир айта бошлади. Овозидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонгунларича такбир айтди. У зот уйғонганларида ўзларига етган нарса ҳақида шикоят қилишди. Шунда у зот: «Зарари йўқ ёки зарар қилмайди. (Йўлга) чиқинглар!» дедилар. Шунда жўнашди. Узоқ юрмай, (бир жойга) тушишди. Сўнгра таҳорат суви чақириб, таҳорат қилдилар. Намозга нидо қилинди. Одамлар билан намоз ўқидилар. Намозни тугатганларидан кейин одамлар билан намоз ўқимай, ажраб четда турган бир одамни кўриб қолдилар ва: «Эй Фалончи, одамлар билан намоз ўқишингдан сени нима тўсиб қолди?» дедилар. «Мен жунуб бўлиб қолгандим, сув йўқ», деди. «Сен учун пок тупроқ бор. У кифоя қилади», дедилар».

Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юрдилар. Одамлар у зотга чанқоқликдан шикоят қилишди. Шунда (уловдан) тушдилар ва Фалончини – Абу Ражони деб исмини айтди, Авф эса буни унутган – ва Алийни чақириб: «Бориб, сув ахтаринглар», дедилар. Икковлари юриб бориб, икки кўзанинг орасида туясида ўтирган аёлга йўлиқишди ва унга: «Сув қаерда?» дейишди. «Сувнинг олдидан кеча шу соатда чиқдим. Эркакларимиз ортда», деди. «Биз билан юр!» дейишди. «Қаёққа?» деди у. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига», дейишди. «Диндан чиққан дейилганнингми?» деди. «Ўша айтганингнинг. Юр!» дейишди.

Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришди ва бўлган гапларни у зотга ҳам айтишди. Шунда у зот: «Уни туясидан туширинглар», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идиш олиб келишга амр қилдилар ва унинг икки кўзасидаги сувни унга бўшатдилар. Кейин иккисининг оғзини боғлаб, пастки тарафдаги боғичини ечдилар. Сўнг одамларга «Ичинглар ва ичиринглар» дея нидо қилинди. Истаган ичди, истаган ичирди. Охири ҳалиги жанобат етган одамга бир идиш сув бердилар ва: «Бор, уни устингдан қуй», дедилар. Аёл тик турган ҳолида суви билан нималар қилинаётганига назар солар эди. Аллоҳга қасамки, у зот уларнинг олдидан турганларида улар аввал бошдагидан кўра тўлароққа ўхшайди, деб хаёл қилардик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга бир нарсалар тўплаб беринглар», дедилар. Аёлга нон, толқон ва хурмолар жамланди. Бир кийимга солиб, туясига ортилди. Кийимни эса, унинг олдига қўйдилар. Шунда у зот унга: «Билиб қўй, сувингдан ҳеч нарсани камайтирганимиз йўқ. Аммо Аллоҳ бизни сероб қилди», дедилар.

У ўз аҳлига борди. Улардан анча ушланиб қолган эди. Улар унга: «Фалончи, нима сабабдан ушланиб қолдинг?» дейишди. «Ажабо, менга икки киши йўлиқди. Мени анави «диндан чиққан» дейилаётган одамнинг олдига олиб боришди. Шунда у ундай қилди, бундай қилди. Аллоҳга қасамки, у манави билан манави орасидаги энг сеҳргар одам», дея ўрта ва кўрсаткич бармоқларини кўтариб, осмон билан ерга ишора қилди. «Ёки у ҳақиқатан ҳам Аллоҳнинг Расули», деди у.

Шундан кейин мусулмонлар уларнинг атрофидаги мушрикларга ғорат эълон қилиб туришар, аммо аёлнинг гуруҳига тегишмас эди. Шунда аёл бир куни ўз қавмига: «Анавилар сизга атайлаб тегмаётганга ўхшашади. Исломга кирсангиз бўлмайдими?» деди. Шунда унга итоат қилишди ва мусулмон бўлишди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

215. Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб, «Сизлар кечқурунлари ва кечалари юриб бориб, иншоаллоҳ, эртага сувга етасизлар», дедилар. Одамлар бир-бирларига қарамай ҳам юриб кетишди.  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кеча бўлгунча юрдилар. Мен ёнларида эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мудроқ босиб, уловларида қийшайиб қолдилар. Мен яқинларига бориб, уйғотмасдан тўғрилаб қўйдим. У зот уловлари устида адл турдилар. Кейин кечанинг кўпи ўтгунча юрдилар. Шунда яна уловларида қийшайиб қолдилар. Уйғотмасдан тўғрилаб қўйдим. У зот уловлари устида адл турдилар. Сўнгра юриб бориб, саҳарнинг охирига етганларида, аввалги икки қийшайишдан ҳам кўпроқ қийшайдилар. Ҳатто йиқилай деб қолдилар. Мен бориб, у зотни тўғрилаб қўйдим. Шунда у зот бошларини кўтардилар ва: «Ким бу?» дедилар. «Абу Қатода», дедим. «Мен билан қачондан бери шу юришингдасан?» дедилар. «Ушбу кеча юришим холос», дедим. «Набийини муҳофаза қилганинг учун Аллоҳ сени муҳофаза қилсин», дедилар. Кейин: «Сенингча, одамлардан қолиб кетдикми?» дедилар. Сўнгра: «Бирортани кўряпсанми?» дедилар. «Анави отлиқни», дедим. Кейин: «Манави бошқа отлиқни ҳам», дедим. Охири ҳаммамиз жам бўлдик. Етти отлиқ эдик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлдан бурилдилар ва бошларини қўя туриб: «Намозимизни муҳофаза қилинглар», дедилар. Биринчи уйғонган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлдилар. Қуёш елкаларида эди. Шошилиб турдик. Сўнгра у зот: «Мининглар!» дедилар. Уловларни миниб, жўнаб кетдик. Қуёш кўтарилиб бўлганда у зот (уловдан) тушдилар. Кейин обдаста келтиришни сўрадилар. У бироз суви билан менда эди. Шунда ундан енгил таҳорат қилдилар. Унда бироз сув қолди. Сўнгра у зот Абу Қатодага: «Биз учун обдастангни муҳофаза қил, ҳали унга бир гап бўлади», дедилар.

Сўнгра Билол намозга азон айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра бомдодни ўқидилар. Ҳар куни қиладиган ишларини қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миндилар. Биз ҳам миндик. Баъзимиз баъзимизга: «Намозимизни ўтказиб юборганимизнинг каффороти нима?» деб шивирлаша бошладик. Сўнгра у зот: «Менда сизларга намуна бор эмасми? Аммо ухлаб қолишда камчилик йўқ. Камчилик бошқа намозининг вақти келгунча намозини ўқимай юрган кишида. Ким ўшани қилса, уни эслаганда ўқиб олсин. Эртасига ўз вақтида ўқисин!» дедилар. Кейин яна: «Одамлар нима қилдилар, деб ўйлайсизлар?» дедилар. Сўнгра: «Эрталаб одамлар Набийларини йўқотиб қўйишди. Абу Бакр ва Умар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортингизда, сизни қолдириб кетмайдилар», дейишди. Одамлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдингизда», дейишди. Агар Абу Бакр ва Умарга итоат қилсалар, тўғри қилган бўладилар», дедилар.

Кун ёйилганда одамларга етиб бордик. Ҳамма нарса қизиб кетди. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳалок бўлдик, чанқадик», дейишарди. Шунда у зот: «Сизга ҳалокат етмайди. Менга кичик косани беринглар», дедилар. У зот обдастани келтиришни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуярдилар, Абу Қатода уларга сув тутарди. Одамлар обдастани кўришлари билан ўзларини унга уришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизни яхши тутинг. Ҳаммангиз сероб бўласиз», дедилар. Улар шундай қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйиб турдилар, мен сув бериб турдим. Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа қолмади. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйдилар ва менга: «Ич», дедилар. «Сиз ичмагунингизча мен ичмайман, эй Расулаллоҳ», дедим. «Қавмнинг соқийи охири ичади», дедилар. Шунда мен ичдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ичдилар. Одамлар сувдан роҳатланиб олишди».

Муслим ривоят қилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрат Абу Бакр Мадина масжидидаги умумий байъатдан кейин Расули акрамнинг жанозаларида бўлдилар. Ҳазрат Пайғамбар олдиларидаги сўнгги вазифаларини адо давоми...

4415 19:13 / 28.04.2017
777. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши .Эй Аллоҳнинг Расули, менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар уни кесишади. Мен давоми...

1969 00:21 / 29.10.2022
.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Банданинг Роббисига энг яқин пайти у сажда қилганидадир. Бас, дуони давоми...

3798 13:00 / 08.11.2020
600. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Умар ибн Хаттоб Шом томон йўлга чиқди. У Сарғга етганда, унга Ажноднинг аҳлидан Абу Убайда Жарроҳ ва давоми...

3344 17:00 / 17.12.2021