Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мухтасар қилиш рағбати ила барча такрор ривоятлар шарҳига (фиқҳий) ҳукмларни ўзида жамлаган бир ривоятни олиш билан кифояландим. Шунингдек, санаддан ҳадиснинг энг аввалги ровийси ва уни чиқарган шахсни олиш билан кифояландим.
Шарҳ: Ҳадис китобларида ўзидаги маъно ва бир неча ҳукмни ичига олганлиги эътиборидан, бир ҳадис бир неча бор такрорланиб келтираверилган. Мисол учун, «Китоби таҳорат»да зикр қилинган ҳадис «Китоби салот», «Китоби ҳаж»да ҳам такрор келган. Муаллиф ўз китобида шундай такрорлар йўқлигини айтмоқчи. Шунингдек, асл ҳадис китобларида ҳадиснинг матнидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиб, то китоб эгаси бўлган муҳаддисгача бўлган ровийлар силсиласи бирма-бир зикр қилинган. Уларнинг асосий ишлари ҳам ўша ровийларни аниқлаш, уларнинг ишончли кишилар эканини топишдан иборат бўлган. Ровийлари тўлиқ ва аниқ зикр қилинмаган ҳадисни ҳеч ким қабул қилмаган. Аммо кейинчалик ҳамма нарса аниқ бўлганлиги учун ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган саҳобийни ва уни чиқарган олим – муҳаддисни зикр қилса, ҳамма нарса тушунарли бўлиб қолган. Шайх Мансур Али Носиф ҳам шундай қилганлар.
Энг яхши услубдан фойдаланиш мақсадида, ихтиёр қилган ҳадисни нақл қилишда Бухорий ёки Муслимлар ҳадисни ривоят қилишда бошқалар билан иштирок этган бўлишса, икковларининг лафзини ихтиёр қилдим. Агар Бухорийнинг ўзи Муслимдан бошқалар билан иштирок қилган бўлса, Бухорийнинг лафзини олдим. Агар Муслим Бухорийдан бошқалар билан иштирок қилган бўлса, Муслимнинг лафзини олдим.
Шарҳ: Бошқа муқаддислар ҳам шундай қиладилар. Чунки мазкур беш китобнинг ичида энг мўътабари Бухорий, кейингиси эса Муслимнинг китобларидир. Шунинг учун бир ҳадисни бир неча муҳаддис ўз китобида келтирган бўлса, энг яхши лафзини зикр қилиш иштиёқида Бухорий қандай лафз билан ривоят қилган бўлса, шундай келтирилади-да, орқасидан «Бу ҳадисни фалончилар ҳам ривоят қилган», деб қўйилади.
«Агар ҳадис сунан соҳиблари томонидан ривоят қилинган бўлса, Абу Довуднинг лафзини келтирдим».
Шарҳ: Чунки Абу Довуд учинчи мартабададир. Абу Довуд, Термизий, Насаийларнинг китоблари «Сунан» деб номланади.
Агар Абу Довуддан бошқасидан наҳл қилган бўлсам, уни баён қилдим. Кўпинча «Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилган», дедим. Агар «Икки шайх ривоят қилган», десам, Бухорий ва Муслимни кўзлаган бўламан. Агар «Учовлари ривоят қилган», десам, икки Шайх ва Абу Довудни, «Тўртовлари», десам, аввалги уч киши ва Термизийни қасд қилган бўламан. Агар «Бешовлари ривоят қилган», десам, мазкур тўртликка Насаий ҳам қўшилган бўлади. Агар «Сунан»лар соҳиблари ривоят қилган», деган бўлсам, Абу Довуд, Термизий ва Насаийларни қасд қилган бўламан. Агар бу низомдан бошқачароқ бўлса, алоҳида баён қиламан.
Намоз, ҳажга ўхшаш тартиб қилинган амалга далолат қиладиган ҳар бир мавзунинг ҳадисларини шариатдаги тартиби бўйича қўйдим. Бошқа ҳолларда эса кўпчилик ривоят қилган ҳадисни муқаддам келтирдим.
Ва ниҳоят, бобни (агар бор бўлса) ёлғиз кишилар ривоят қилган ҳадисларни келтириш билан якунладим.
Шунингдек, саҳиҳни ғайри саҳиҳдан олдин келтиришнинг риоясини қилдим. Магар мансухни носухдан, мужмални муфассиридан олдин келтирмадим.
Шарҳ: Бошқа муҳаддислар ҳам худди шу йўлни тутадилар. Чунки ҳадис китобларининг ва ҳадисларнинг мартабалари тартиби ҳамма учун маълум ва машҳур. Шунинг учун ҳам кучли муҳаддислар ва кучли ҳадислар муқаддамга сурилади, кучсизлари охирда қолади. Баъзи бир ҳадислар мансух бўлиб, амалдан қолган бўлса, албатта, унинг носухи – амалдан қолдирган ҳадис – ундан кейин келган бўлади. Худди шу каби, баъзи бир ҳадисда бир масала мужмал – умумийроқ зикр қилиниб, бошқа бирида муфассал баён қилинган бўлади. Табиийки, бундай пайтда олдин мужмал, кейин муфассал баёни бор ҳадис келтирилади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан