1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Қиёмат куни инсонлар ҳам ўсимликлар каби ердан чиқадилар

13:40 / 18.06.2019 4162 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда одамларнинг қайта тирилишига иймонга чақириш жараёнида инсон боласи кўз ўнгида йиллар оша такрорланиб турадиган оддий ҳақиқатни мисол қилиб келтирилади. Одамларни ўша ўзлари гувоҳ бўлиб турган ҳақиқатдан ўрнак олиб, ўлганларидан кейин қайта тирилиш ҳақлигига аниқ ишонишга чорланади.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«У Ўз раҳматидан олдин шамолларни хушхабар қилиб юборадиган Зотдир. Ниҳоят, улар оғир булутларни кўтаргач, уларни ўлик юртга ҳайдаб борамиз. Сўнг ундан сув тушириб, ўша ила барча мевалардан чиқарурмиз. Ўликларни ҳам мана шундай қилиб чиқарамиз. Шоядки, эслатма олсангизлар» (57-оят).

Ушбу ояти каримадаги «Ўз раҳмати»дан мурод ёмғирдир. Дарҳақиқат, ёмғир – Аллоҳнинг раҳмати. Агар у бўлмаганда, қурғоқчилик кўпгина бало-офатларни келтирар эди. Ёмғир, яъни Аллоҳнинг раҳмати одамларнинг назарида ўзидан-ўзи ёғаётганга ўхшайди. Лекин аслида уни Аллоҳ ёғдиради. Ёмғир ёғишидан, яъни Аллоҳнинг раҳмати келишидан бурун унинг хушхабарини шамоллар олиб келади. Шамолларни ҳам Аллоҳ йўллайди. Бу дунёда Аллоҳнинг амрисиз ҳеч нарса содир бўлмайди. Шамолнинг эсиши, булутнинг пайдо бўлиши ва шунга ўхшаш табиий ўзгаришларнинг асл сабабини ким яратган? Уларни маълум сабабларга мувофиқ тарзда ҳаракат қиладиган қилиб қўйган ким? Албатта, Аллоҳ!

«Ниҳоят, улар оғир булутларни кўтаргач, уларни ўлик юртга ҳайдаб борамиз».

Сувсиз ҳолда қақраб ётган ерларни сув билан сероб қиламиз.

«Сўнг ундан сув тушириб, ўша ила барча мевалардан чиқарурмиз».

Дарҳақиқат, сув бўлмаса, ёмғир ёғмаса, бутун борлиқ худди жонсиз жисмдек, қимир этмай ётади. Ёмғир ёғиб, сув етганда эса қуриб-қақшаб ётган ерлардаги турли ўт-ўланлар, ўсимликларга жон киради. Улар бош чиқариб, ўса бошлайди ва маълум вақт ўтгач, ҳар бири маҳсул беради. Бу ҳодиса бошидан охиригача ёлғиз Аллоҳнинг амри билан содир бўлади. Чунки бу моддий оламда Аллоҳнинг амридан ташқари иш йўқ. Ушбу зикр этилган ҳолга монанд, ўлиб, батамом чириб кетган одамларни ҳам қайта тирилтириш, уларга жон ато этиш ҳам Аллоҳ учун ҳеч нарса эмас.

«Ўликларни ҳам мана шундай қилиб чиқарамиз. Шоядки, эслатма олсангизлар».

Йил бўйи кўм-кўк бўлиб ўсиб ётган ўсимликлар қуриб, йўқ бўлиб кетади, бироқ вақти-соати келиб, фасллар алмашса, ёмғир ёғса, яна худди бурунги яшиллик ҳолига қайтиб келаверади. Шу сингари, одамлар ўлганларидан сўнг чириб, йўқ бўлиб кетсалар ҳам, уруғлари қолади. Аллоҳ хоҳлаган вақтда – қиёмат қоим бўлганда улар ҳам худди ёмғирдан кейин униб чиққан ўсимликлар каби қайта тириладилар. Ҳар бир инсон бу ҳолдан ибрат олиши ғоятда зарур. Зеро, ўсимлик ҳаёти охират ҳаётига жуда гўзал тамсилдир.

Мўътабар далилларнинг қайд этишича, қиёматда ҳам Аллоҳ таоло қирқ кун ёмғир ёғдиради ва у туфайли худди ердан наботот ўсиб чиққанидек, қабрлардан жасадлар чиқади.

Аллоҳ таоло Зухруф сурасида марҳамат қилади:

«У осмондан ўлчов ила сув туширган Зотдир. Биз у (сув) билан ўлик юртни тирилтирдик. Сиз ҳам шу каби чиқарилурсиз» (11-оят).

Осмону ерни яратган, азизу ўта илмли Аллоҳ осмондан ёмғир, қор ёғдириб, ўлчов ила сув туширди. Сув билан ўлиб ётган ерларни тирилтирди. Уларга ҳаёт бахш этди. Бу ишга қодир Зот сизни ҳам ўлганингиздан сўнг қайта тирилтиришга қодирдир.

Қиёмат куни

«Сиз ҳам шу каби чиқарилурсиз».

Яъни Аллоҳ таоло ўлик юртларга ёмғир ёғдириб, ер остидаги ўсимликларни ундириб чиқарганидек, қиёмат куни сиз ҳам қабрларингиздан чиқариласиз.

Оқибат шундай бўлгач, фурсат борида ўзингизни ўнглаб, иймонга келиб, Аллоҳнинг бандалигини қилинг.

Аллоҳ таоло Қоф сурасида марҳмат қилади:

«Ва осмондан баракали сувни тушириб, у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич тугунчали, шингиллари бор хурмоларни ҳам...» (9-10-оятлар).

Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Ўзининг жонсиз нарсаларга жон киритишга қодирлигига жуда ҳам содда мисол келтирмоқда. Бу мисол ушбу ояти карималар нозил бўлган даврдаги содда ҳаёт кечираётган кишиларни ҳам, ҳозирда ўта мураккаб ҳаёт кечираётганларни ҳам бирдек таъсирлантиради.

«Ва осмондан баракали сувни тушириб, у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич тугунчали, шингиллари бор хурмоларни ҳам».

Сув бўлмаса, боғ-роғларнинг дов-дарахтлари данак ёки кўчат ҳолида жонсиз бўлиб, ўсмай – ҳаёт кечирмай тураверадилар.

Қачонки Аллоҳ таоло осмондан баракали сувни туширса, уларга жон кириб, ҳаракатга тушадилар, ўсиб-униб, боғ-роғлар ҳосил қиладилар.

Донли экинлар ва зич мевали шингиллари бор хурмолар ҳақида ҳам худди шу маънони такрорлашимиз мумкин.

Аллоҳ таоло Ўзи ёғдирган ёмғирни «баракали» деб сифатламоқда. Ушбу барака ёмғири ўт-ўланларни, турли донларни ва боғ-роғларни тирилтирганидек, ўлган инсонларни, ўлик қалбларни ҳам тирилтириши мумкин эмасми?

Келаси оятда нима учун Аллоҳ таоло Ўзи ёғдирган ёмғир ила мазкур нарсаларни ўстириб қўйишини баён қилади.

«Осмондан сув тушириб, боғ-роғларни, донларни ва зич мевали хурмоларни ўстирдик,

«...бандаларга ризқ қилиб. Ва у (ёмғир) билан ўлган шаҳарни тирилтирдик. (Қабрдан) чиқиш ҳам шундай бўлади» (11-оят).

Ушбу ояти каримада аввалги оятда зикр қилинган дон, боғ-роғ, хурмоларни Аллоҳ бандаларига ризқ қилиб бергани эслатилмоқда.

«Бандаларга ризқ қилиб», дейилганининг маъноси шу.

Айни чоғда, ўсимликлари қуриб, ўлик ҳолига келиб қолган шаҳарларни ва ерларнинг набототларини ёмғир ила ўстириб-тирилтиришини эслатмоқда.

«Ва у (ёмғир) билан ўлган шаҳарни тирилтирдик».

Ояти кариманинг охирида эса инсон вафот этиб, кўмилиб, чириб кетганидан кейин ҳам худди шу тарзда қайта тирилиши осон экани таъкидланмоқда.

«(Қабрдан) чиқиш ҳам шундай бўлади».

Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизаларкитобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар биримизнинг танамиз, унинг тузилиши, ишлаши Аллоҳ азза ва жалланинг азаматига, қудратига далолат қиладиган оят, белгилардандир. Ҳар бир инсоннинг танаси ўзи давоми...

2641 11:00 / 24.07.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Аллоҳ акса уришни хуш кўради, эсноқни эса хуш кўрмайди. Акса уриб, давоми...

16827 16:00 / 20.12.2018
Одамнинг қиёмат куни қайта тирилтирилиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда келган баённи ҳозирги замон илми тасдиқлади. . ,. .Абу Ҳурайра розияллоҳу давоми...

6688 18:02 / 23.06.2019
Она қорнидаги ҳомиланинг ривожланиши, ўсишига ҳомила ипи сабаб бўлади. Ҳомила ипининг узунлиги ўртача 50 см бўлади. Ушбу ипнинг ичида учта тешик бор. Улардан давоми...

2209 15:00 / 03.01.2021
Аудиолар

135076 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55353 14:35 / 11.08.2021