1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Амалга суянишнинг аломати

17:13 / 17.06.2019 2108 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

مِنْ عَلَامَاتِ الْاِعْتِمَادِ عَلَى الْعَمَلِ نُقْصَانُ الرَّجَاءِ عِنْدَ وُجُودِ الزَّلَلِ

Тойилиш вужудга келганда умидсиз бўлиш амалга суянишнинг аломатларидандир.

Ушбу ҳикматда банданинг Аллоҳ таолонинг амрига биноан қилган амалларига нисбатан эътиқодига қараб ҳолати ўзгариши ҳақида сўз кетмоқда.

Агар инсон амалига суяниб қолса, мен Аллоҳ таоло буюрган амални қилиб қўйдим, энди ўша амалга ваъда қилинган мукофотни албатта оламан, бунга ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди, деган хаёлга бориб қолади. Бу ҳолатга тушган инсон ўзидан хато ўтганида, гуноҳ иш қилиб қўйганида бутунлай ноумидликка тушади. Мен қилган гуноҳга фалон азоб белгиланган эди, энди мен ўша азобга йўлиқаман ва барбод бўламан, деган хаёлга боради.

Аслида бундай бўлмаслиги керак. Мусулмон банда қилган амалига эътимод қилиб – суяниб қолмаслиги лозим. Менга амр қилинган амални қилдим, албатта, унинг учун ваъда қилинган нарсага эришаман, деган хаёлга бормаслиги керак. Чунки амал эвазига ҳақ олиш банда билан банда орасидаги муомалаларда бўлади. Бировнинг ишини бажарган мардикор қилган ишига шартнома асосида тийинма-тийин ҳаққини санаб олади. Аммо Аллоҳ таоло билан банда орасида бу услуб кетмайди. Зотан, бандани йўқдан бор қилган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Унга барча аъзоларни ва қобилиятларни берган зот ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Уни ҳидоятга бошлаган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Унга амалларни бажаришга имкон берган зот ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Аллоҳ таоло бандага нима яхшиликни берса, Ўз фазлидан беради. Агар унга жазо берса, Ўз адли ила беради. Бу борадаги мўмин банданинг ақийдаси «Ақийдаи Тоҳавия» ва унинг шарҳида қуйидагича ифода қилинган:

«Уларнинг барчаси У Зотнинг хоҳишида ва фазли ҳамда адолати орасида айланурлар».

Шарҳ: Яъни халойиқнинг барчаси Аллоҳ таолонинг хоҳиши доирасида: баъзиларига нисбатан У Зотнинг ҳидояти, муҳофазаси ва афви, бошқаларига нисбатан эса У Зотнинг залолатга кетказиши, ёрдамсиз ташлаб қўйиши ва синови бўлиб, улар У Зотнинг фазли ва адолати орасида ҳаёт кечирадилар, яшайдилар.

Бу ақийданинг ҳужжати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирор киши ўз амали билан ҳеч қачон жаннатга кира олмас», дедилар. Одамлар: «Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот: «Мен ҳам. Агар Аллоҳ мени Ўз раҳмати ва фазли ила ўраб олмаса», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Кўриниб турибдики, охиратдаги жазо ёки мукофот амалга қараб бўлмайди. Чунки амаллар бандаларнинг ихтиёри билан бўлмайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳеч кимни амали жаннатга кирита олмас», деган гапларида манфий қилинаётган нарса «билан» маъносини ифода этаётган «бо» ҳарфи далолат қилган нарсадир. «Бо» ҳарфи араб тилида бир қанча маъноларни ифода этиши ҳаммага маълум. Ушбу жойда «бо» ҳарфи «эваз» маъносини ифода этади. Ана ўшанда умумий маъно инсоннинг амали жаннатга кириши учун эваз бўла олмаслиги экани аён бўлади. Балки жаннатга кириш Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ила бўлади.

Албатта, бу маъно Аллоҳ таолонинг Наҳл сурасидаги қуйидаги қавлига зид эмасдир.

«Қилиб юрган амалларингиз туфайли жаннатга киринг!» (32-оят).

Чунки бу ояти каримадаги «бо» эваз учун эмас, «сабаб» учундир. Албатта, «эваз» билан «сабаб»нинг орасида катта фарқ бор.

Руҳий тарбия устозларидан баъзилари эътимод – суянишни қуйидагича таърифлайдилар:

«Эътимод қувватни бир нарсага боғлаб қўйишдир. У нафсни мақсадга эриштирадиган нарсага чорловчидир. Унинг ҳосил бўлгани аломати эътимод қилинган – суянилганни устун қўйиш, олдинга юриш ва орқага қайтишда унга назар қилишдир.

Бу масалада одамлар уч қисмдан иборатдир:

1. Амалига эътимод қилувчи.

Хавфу ражода амалга боғлиқлиги учун унинг мақоми Исломдир.

2. Аллоҳ таолонинг фазлига эътимод қилувчи.

Олдинга интилиш ва ортга тисланишда қудратга боғлиқлиги учун унинг мақоми иймондир.

3. Азалий қисматга ва чиқарилган ҳукмга эътимод қилувчи.

Ўз ҳолига шоҳидлиги аён бўлгани учун унинг мақоми эҳсондир.

Бу борада аҳли ҳақлардан баъзиларининг айтган қуйидаги гаплари жуда ҳам ибратлидир: «Ким Исломнинг ҳақиқатига етса, амал қилишдан ҳоришга қодир бўлмас. Ким иймон ҳақиқатига етса, амалга қайрилиб қарашга қодир бўлмас. Ким эҳсон ҳақиқатига етса, Аллоҳ таолодан ўзга бирор нарсага қайрилиб қарашга қодир бўлмас».

Аллоҳ таоло барчамизни тойилиш вужудга келганда умидсиз бўлмайдиган ва амалга суяниб қолиб, Ўзидан узоқлашмайдиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобидан 


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Бизда турли омиллар сабабли ўтган яқинларни, хусусан, отаонани йўқлаб, уларга ортларидан савоб юбориш ниятида таом пишириб, одамларни чорлаш кенг тарқалган. Ҳатто давоми...

3545 20:00 / 30.03.2019
Аввал мазкур савдолар билан яқиндан танишиб олайлик.1. Саҳиҳ тўғри савдо.Асли ва васфи шаръий бўлган, бировнинг ҳақи унга боғлиқ ва хиёри бўлмаган савдо саҳиҳ давоми...

11953 13:45 / 06.02.2019
Ибн Абу Увайс отасидан, у Валид ибн Муҳаммад ибн Убода ибн Сомитдан, у амакисининг ўғли Убода ибн Валиддан ривоят қилади .Убода ибн Сомит Муовия розияллоҳу анҳу давоми...

2071 08:00 / 18.12.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Аллоҳ таолонинг .Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг, ва .Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган давоми...

2787 09:20 / 07.08.2019