1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 04 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Ғийбат энг оғир гуноҳлардандир

13:40 / 10.06.2019 21026 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, раҳмлидир». (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатлардан, ахлоқий касалликлардан, ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда. Улардан биринчиси: «Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».

Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «Кўп гумонлардан четда бўлинглар…» дейиляпти.

Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар. Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак. Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деганлар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», деган эканлар.

Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Агар амир одамлардан айб излайверса, уларни бузади», деганлар. Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини излашга тушади. Буни эса «жосуслик» дейдилар. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг «Жосуслик қилманглар» деб, бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда. Одатда, бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини, ўзига билдирмай, яширинча излашга «жосуслик» дейилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг каромати, ҳурмати, иззати ва обрўсини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир. Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларнинг ҳеч бир ҳолда поймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорларию яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Ҳатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Ҳукм очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бадгумонлик жосусликка йўл очишини айтиб ўтган эдик. Энди жосуслик ғийбатга йўл очишини айтмоқчимиз. Шунинг учун ҳам ояти каримада «жосуслик қилманг» деган амрдан кейин «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин», деб уқтирилади.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кишилар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима? – деб сўрашибди. Расули Акрам алайҳиссолату вассалом:

– Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг, – дебдилар. Шунда:

– Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз? – дейишибди. Набий алайҳиссалом:

– Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан, – деб жавоб қилган эканлар.

Ғийбатнинг ҳаромлигини, ғийбат гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон экани ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда: «Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?»

Қуръони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахснинг ўлгандан кейин гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, одамнинг гўштини ейиш мумкин эмас, ўлган одамнинг гўштини ейиш эса хаёлга ҳам келтириб бўлмайдиган иш. Шунинг учун юқоридаги «Сизлардан бирорталаринг яхши кўрурми?» деган саволга ҳеч ким «Ҳа», деб жавоб бера олмайди.

Шу боисдан оятнинг ўзи «Ҳа, ёмон кўрасизлар» деб таъкидламоқда. «Ўликнинг гўштини тановул қилишни кўнглингиз қандай кўтармаса, бировни ғийбат қилишни ҳам шундай кўтармасин», демоқда

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўзининг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Ғийбатчилар охиратда ҳам жазосиз қолмайдилар. Расули Акрам алайҳиссолату вассалом: «Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен:

– Эй Жаброил, улар ким? – деб сўрадим. У:

– Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар, – деб жавоб берди, – дея кўрганларини ҳикоя қилиб берганлар.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло мўминларнинг барчасини, хусусан, юқорида зикр қилинган гуноҳларни қилганларни Аллоҳдан қўрқишга даъват қилиб, «Аллоҳдан қўрқинглар!» дейди.

Шу билан бирга, аввал билмай, гуноҳ содир этилган бўлса, тавба қилиб, гуноҳини ювиш мумкинлигини эслатиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ноумид бўлмасликка чақиради. Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир.

Ҳар қандай гуноҳдан қай тарзда тавба қилинса, мазкур гуноҳлардан тавба қилишда ҳам ўшандай ҳолат, яъни ўтган ишга қаттиқ афсус қилиб, дилидан надомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиш ва аҳдига вафо қилиш билан вужудга келади. Аммо ғийбатчининг тавбаси бу билан тугамайди. Уламолар унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун яна бир муҳим шартни қўйишган. У ҳам бўлса, қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак. Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари матлубдир.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Кимки бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича, жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», деганлар.

Кўриб турганимиз оятларда мўминларга нидо қилиниб, улар турли ёмонликлардан сақланишга, юксак инсоний фазилатларга эргашишга даъват этилган бўлсалар, келаси оятда Аллоҳ таоло бутун инсониятга хитоб қилиб, ҳамманинг асли бир эканини эслатади, барчани мўминликка чорлайди.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Таълим, бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. .Таълим бериш,, .дарс бериш, ва .ўргатиш, сўзларининг маънолари бирбирига яқин давоми...

8518 09:00 / 26.05.2022
Fассолнинг ишончли, омонатдор, ғусл ҳукмларини яхши биладиган шахс бўлиши мустаҳабдир. Fассол ва у билан бирга маййитни ювишда иштирок этадиганлар кўзларини давоми...

7126 16:48 / 20.07.2022
Кўпчилик эркаклар уй юмушларини ўзидан паст бўлган бир нарса деб билишади. Баъзи эркаклар эса агарда аёлига ёрдам берса бу уларнинг мавқеига ва обрўсига путур давоми...

2736 16:00 / 29 февраль
Мусулмон инсон йўлга қазои ҳожат қилинишига ва бавл қилинишига мутлақо йўл қўймайди.Чунки бундай қилиш ўта беодоблик бўлгани учун динимиз йўлларга бавл қилиш ва давоми...

5898 11:57 / 05.03.2019
Аудиолар

133450 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53793 14:35 / 11.08.2021