1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қушларнинг ҳолатига ибрат назари билан қарамайсизми?

15:30 / 08.06.2019 2230 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«... Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 3 оят).

Ушбу оятда, агар бандалар Аллоҳга таваккул қилсалар, У Зот уларнинг ишлари мукаммал бўлиши учун кафил бўлиши, таваккул қилганлар учун Аллоҳ кифоя экани, У Зот хоҳлаган ишини бажара олиши ва ҳар бир нарсани ўта аниқ қилиб белгилаб қўйгани айтилмоқда.

Таваккулнинг асл маъноси «Ўзини Аллоҳга топшириш»дир.

Аллома Муновий: «Таваккул банданинг ожиз эканини изҳор қилиб, таваккул қилинадиган Зотга ишонишидир», деган. Тасаввуф аҳлининг наздида таваккул одамлар қўлидаги нарсага суянмасдан, фақат Аллоҳ даргоҳидаги нарсага ишонишдир.

Мулла Али Қори Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилишни қуйидагича тушунтиради: «Таваккул борлиқда Аллоҳдан бошқа амалга оширувчи зот йўқ экани, яратиш ва ризқ бериш, ато қилиш ва ман этиш, зарар ва фойда, камбағаллик ва бойлик, касаллик ва саломатлик, ўлим ва ҳаёт ҳамда бошқа барча нарсалар Аллоҳ таолодан эканига ҳеч шубҳасиз аниқ ишонишдир» («Мирқотул мафотийҳ»).

Таваккул қалб ишидир. Унда қалб бутунлай Аллоҳга топширилади. Ишларнинг оқибати У Зотга ҳавола қилинади. Айниқса, ризқ топишда таваккулнинг аҳамияти беқиёсдир. Ризқ талабидаги таваккул ризқни фақат Аллоҳ беришига аниқ ишонган ҳолда ўша ризқ келадиган сабабларни ҳаракатга келтиришдир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда эди, худди қорни оч ҳолда кетиб, тўйган ҳолда қайтиб келадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз!», дедилар». (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да ривоят қилган. Абу Исо Термизий: «Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳдир», деган).

Ушбу ҳадисда ризқ топишдаги таваккулнинг асл моҳияти очиқ-ойдин ифодаланмоқда. Яъни: агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига иймон келтириб, У Зот ризқ бериши, хоҳлаган махлуқотига бериб, хоҳлаганидан ман қилишига ишонган ҳолда чиройли суратда ва ҳалол йўл билан ризқ талабида бўлганларингизда, худди эрталаб қорни оч ҳолда чиқиб, кечаси тўқ бўлиб қайтадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз.

Бу ерда бандалар ризқ топишда доим ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя олмасликлари айтилиб, таваккулнинг фойдасини тушунтириш учун қушни мисол қилиб келтирилмоқда.

Ҳақиқатан, қушларнинг ҳолатига ибрат назари билан қарасак, бунинг асл ҳақиқатини англаб етамиз. Эрта тонгда ризқ талабида йўлга чиққан қушларнинг қорни оч бўлади. Шу билан бирга уларнинг олдиндан тайёрлаб қўйган ризқ манбалари ҳам, кўз остига олиб қўйган ўлжалари ҳам, захиралари ҳам бўлмайди. Лекин уларда ҳаракат ва ризқ топишга ишонч бўлади. Демак, бандалар ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя билсалар, ўзлари ўйламаган ва хаёлларига келмаган томондан ризқланар эканлар.

Одатда, инсон эртанги ва ундан кейинги кунларда истеъмол қиладиган нарсаларини олдиндан тайёрлаб қўяди. Бу ҳолатни яна чумоли ва сичқонларда ҳам кўриш мумкин. Лекин инсон Аллоҳга ҳақиқий таваккул қила олганида, эрталаб турганида ейишга ҳеч нарсаси бўлмаган тақдирда ҳам, Аллоҳ уни муносиб тарзда ризқлантирган бўлар эди.

Ушбу ҳадиснинг яна бир диққатга молик жиҳати бор. Бу ҳам бўлса, таваккул ва ҳаракат масаласидир. Аслида касб инсонни ризқлантирмайди, Аллоҳ ризқлантиради. Аммо таваккул ва ҳаракат бирлашсагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Зеро, ҳадисда бизлар учун мисол қилиб келтирилаётган қуш ҳам ҳаракат ва интилиш билан қорин тўйғазади.

Абу Бакр ал-Варроқ айтади: «Аллоҳ бандалари ризқини таъминлаб қўйган. Энди бандалари ҳам Аллоҳга таваккулни таъмин этишлари лозим».

Шайх Абу Ҳомид шундай деган: «Кишилар таваккулни бадан билан касбни ва қалб билан тадбир қилишни тарк қилиб, худди отиб юборилган эски латтага ўхшаб ерга ётиб олиш, деб ўйлашлари мумкин. Бу жоҳилларнинг фикридир! Бу шариатга хилофдир. Шариатда таваккул қилувчилар мақталади. Энди Шариат қайтарган нарсадан қайтмай туриб, қандай қилиб юксак мақомга эришиш мумкин? Балки ҳақиқат шуки, банданинг қалби билан қилган таваккулининг таъсири унинг мақсадга эришишдаги ҳаракати, интилиши ва амалларида кўринади».

Имом Абулқосим Қушайрий айтади: «Билгинки, таваккулнинг ўрни қалбдир. Бас, банда ризқ Аллоҳдан эканини билганидан сўнг қалби билан таваккул қилгач, бадани билан ҳаракат қилиши бир-бирига қарши эмас. Агар бирон нарса қийинлашса, бас, Аллоҳнинг тақдири биландир. Агар бирон нарса енгиллашса, У Зотнинг енгиллатиши биландир».

Муовия ибн Қурра айтади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир қавм олдидан ўта туриб, «Сизлар кимсизлар?» деб сўради. Улар: «Таваккул қилгувчилармиз», дейишди. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Сизлар таъаккул қилувчисизлар (яъни, тайёр нарсани еб ётувчи текинхўрсизлар). Зеро, Аллоҳга таваккул қилган киши, аввал ерга уруғ сепади, сўнгра Раббига таваккул қилади», деди». (Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да ривоят қилган).

Ибн Абу Дунё айтади: «Менга баъзи ҳакимларнинг шундай деганлари етиб келди. Таваккул уч даражага бўлинади. Биринчиси шикоятни тарк этиш. Иккинчиси розилик. Учинчиси муҳаббатдир. Шикоятни тарк этиш сабр даражаси. Розилик Аллоҳ тақсим қилган ризқ билан қалбнинг сокин бўлишидир. Бу аввалгисидан кўра юқорироқ даражага эга. Муҳаббат эса Аллоҳ ўзига нисбатан қилган тадбири туфайли У Зотни яхши кўришдир. Биринчи даража зоҳидларники ва иккинчиси содиқларникидир. Учинчиси пайғамбарларнинг даражасидир».

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мўмин банда ризқ талабида, тирикчилик йўлида бор имкониятларни ишга солиб, Ёлғиз Аллоҳга таваккул қилган ҳолда жидду-жаҳд қилиши лозим. Аммо шуни билсинки, у фақат ҳаракат қилгани ва интилгани учунгина ризқланаётгани йўқ. Зеро, ризқ Аллоҳ таоло тарафидан келишини унутмасин!

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Кибрли бўлманг. Камтарин ва мулойим бўлинг Ер юзида кибру ҳаво ила юрма Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассанrdquo давоми...

4326 16:30 / 27.03.2019
Авзоийдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазиз ҳар куни ўз молмулкидан мусулмонлар таоми учун бир дирҳам ажратар, сўнгра ўзлари ҳам улар билан бирга ер эдилар. давоми...

2507 08:01 / 31.01.2020
Ғассон айтади .Басралик дўстларимиз шундай дейишди .Бир киши Юнус ибн Убайднинг олдига келиб, ҳоли танглиги, турмуши ғамташвишли эканидан шикоят қилди. Юнус .Шу давоми...

1295 07:10 / 20.08.2019
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом таълимотлари барча соҳада мукаммал ва гўзал тарзда тақдим этилгандир. Бу нарса кексаларни эъзозлаш бобида ҳам яққол давоми...

2365 14:30 / 30.12.2018
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021