1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Шуайб алайҳиссалом

16:00 / 06.06.2019 2816 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шуайб алайҳиссаломнинг насаблари Иброҳим алайҳиссаломнинг Мадян исмли ўғилларига бориб туташади. Демак, Шуайб алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг сулолаларидандир.

Шуайб алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари Лут алайҳиссаломдан кейин бўлган. Буни Ҳуд сурасидаги қуйидаги оятда келган у зотнинг ўз қавмларига айтган гапларидан билиб олиш мумкин:

«Эй қавмим, менга мухолифлик қилиш сизларни ё Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига, ёки Солиҳ қавмига етган мусибатга ўхшаш мусибат етишига олиб бормасин. Лут қавми сизлардан узоқ эмас» (89-оят).

Яъни «Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳларнинг қавмига етган мусибатлар сизга ҳам етмаслигини хоҳласангиз, менга хилоф қилишни йиғиштиринг.

Чунки ўша қавмлар пайғамбарларига хилоф қилишлари оқибатида мусибатлар, азоб-уқубатларга дучор бўлишган эди. Сизлар ҳам менга қарши чиқмоқдасиз, агар шу тахлит давом этаверсангиз, ўша қавмларга етган мусибатлар сизларга ҳам етиши турган гап».

Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни Мадян номли жойга пайғамбар қилиб юборган. Бу ҳақиқат Аъроф сурасида таъкидланади:

«...ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик)» (85-оят).

Мадян аслида Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғилларидан бирининг исми бўлиб, кейинчалик ундан тарқаган қабила ва улар яшайдиган юрт унинг номи билан аталадиган бўлиб кетган. Мадянликлар ҳам асли араблар бўлиб, уларнинг ерлари Қизил денгизнинг шимолидаги Ақаба қўлтиғидан Тури Сийнога қадар чўзилган.

Шунингдек, Шуайб алайҳиссалом яшаган жой, яъни Мадян ўлкаси «Айка», у кишининг қавмлари «асҳобул Айка» деб ҳам аталади («айка» – араб тилида «қуюқ дарахтзор, дарахтлари бир-бирига киришиб кетган ўрмон» деган маънони билдиради). Бу ҳам Қуръони Каримнинг таъбири бўлиб, Аллоҳ таоло бу ҳақда Шуаро сурасида қуйидагиларни айтади:

«Қуюқ дарахтзор соҳиблари расулларни ёлғончига чиқардилар. Ўшанда уларга Шуайб деди: «Қўрқмайсизларми?!» (176–177-оятлар)

Мадян ўлкаси Ҳижоз билан Фаластин ўртасида, Ақаба кўрфазининг шарқий тарафида жойлашган.

Шуайб алайҳиссалом ва у зотнинг қавмлари қиссаси

Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни Мадянга пайғамбар қилиб юборгач, у зот қавмларига панд-насиҳатлар қилишни бошладилар. Ҳамма даврларда бўлганидек, бу қавм ҳам у зотга қарши чиқди, залолат ва исёнда давом этди. Орада кураш бошланди.

Аъроф сурасида ушбу жараённинг баёни келган.

«...ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат келди. Ўлчов ва тарозини тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларини камайтириб қолманг ва ер юзида у ислоҳ қилинганидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир.

Аллоҳга иймон келтирганларни қўрқитиб, Унинг йўлидан тўсиб, унинг қинғир бўлишини истаб, ҳар кўчада ўтириб олманг. Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг ва бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг.

Агар мен ила юборилган нарсага сиздан бир тоифа иймон келтирган ва бошқа тоифа иймон келтирмаган бўлса, Аллоҳ орамизда ҳукм қилгунига қадар сабр қилинг. У ҳукм қилувчиларнинг энг яхшисидир» (85–87-оятлар).

Аммо жинояткор қавм бу оқилона таклифни қабул қилмади. Сабр қилиб Аллоҳнинг ҳукм чиқаришини кутмади.

«Унинг қавмидан мутакаббирлик қилган зодагонлар: «Қасамки, эй Шуайб, сени ва сен билан бирга иймон келтирганларни қишлоғимиздан чиқариб юборамиз ёки ўз миллатимизга қайтасизлар», дедилар. У айтди: «Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?!

Агар Аллоҳ бизга ундан нажот берганидан сўнг миллатингизга қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз. Биз учун унга қайтиш мумкин эмас, Роббимиз – Аллоҳ хоҳласагина мустасно. Роббимиз ҳамма нарсани Ўз илми ила қамраб олгандир. Аллоҳгагина таваккул қилдик. Роббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасини ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан» (88–89-оятлар).

Шу йўл билан ишни ўзининг ҳақиқий эгаси ҳукмига ҳавола қилиб, иймон ва куфр ўртасида ҳукм чиқарувчи Ҳокими мутлаққа мурожаат этдилар. Шунда зодагонлар мўминларга таҳдид қилишга ўтишди:

«Унинг қавмидан бўлган, куфр келтирган зодагонлар: «Агар Шуайбга эргашсангиз, у ҳолда зиён кўрувчидирсиз», дедилар» (90-оят).

Ихтилоф шу ҳолга етганидан сўнг Шуайб алайҳиссалом

«...улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг рисолатларини етказдим ва сизга насиҳат қилдим. Энди қандай қилиб кофир қавмга ачинай», деди» (93-оят).

Шу ерда қисса тугаб, Аллоҳнинг динини инкор қилган, пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларга одатда қандай муносабатда бўлиш баён қилинади:

«Қайси бир шаҳар-қишлоққа расул юборсак, шояд, тазарру қилсалар деб, унинг аҳлини йўқчилик ва қийинчиликлар ила тутганмиз» (94-оят).

Албатта, Аллоҳ таоло пайғамбар йўллаб, яна унинг қавмига ҳеч қандай сабабсиз мусибат юбормайди. Бандаларни бекордан-бекорга зарар ва мусибатга гирифтор қилавермайди. Аввало, бандаларнинг ўзлари шунга лойиқ бўлишади. Зикр этилган қиссалардаги каби, улар Аллоҳ юборган пайғамбарга қарши чиқишади, У Зотга куфр келтиришади, одамларни иймон йўлидан тўсишади, исён қилишади. Шундан сўнггина Аллоҳ таоло уларга бало-офатларини юборади.

Оятдан англаш лозим бўлган мантиқлардан бири шуки, Аллоҳ таоло пайғамбар юбормасдан туриб, азоб туширмайди. Яъни Аллоҳ таоло кишиларни аввал Ўз элчиси орқали тўғри йўлга даъват этади, ваъз-насиҳатлар қилади, шундан кейин ҳам бош тортганларни азобга дучор этади.

Иккинчидан, бандаларга қашшоқлик ва мусибатларни юборишдан мақсад, уларни тавба-тазарру қилишга чорлашдир. Инсон фароғатда яшаса, ҳеч бир кам-кўсти бўлмаса, жуда кўп нарсаларни, ҳатто Холиқини ҳам эсидан чиқариб қўяди. Бошига мусибат етиб, ўзининг ожиз бир қуллигини англаб қолса, ўзига келиши муқаррар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло куфр ва исён аҳлига турли мусибатлар юборади. Унинг бундан мақсади Ўзига бирор фойда кўзлаш ёки одамларни азоблаб, завқ олиш эмас. У Зот бундан беҳожат ва покдир. Парвардигорнинг иродаси – инсонларнинг манфаати, вақтида тавба-тазарру қилиб, ўзларини ўнглаб олишга имконият бериш.

«Сўнгра ёмонликнинг ўрнини яхшиликка алмаштирганмиз. Ниҳоят кўпайишиб: «Ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», деганларида, уларни сезмаган ҳолларида тўсатдан тутганмиз» (95-оят).

Вақти келиб Аллоҳ таоло мазкур ёмон ҳолатларни яхшиларига алмаштириб қўяди. Очлик ўрнига тўқлик, мусибат ўрнига шодлик келади. Бу яхши ҳолларда одамларнинг мол-мулклари, орзу-ҳаваслари, нозу неъматлари зиёда бўлади. Аммо бу зиёдалик ҳам улар учун синов эканини англаб етишмайди. Шукр қилармикан деб, Аллоҳ таоло уларни яхши ҳолатларга солганини билишмайди.

«Ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», деганларида...»

Улар «Қийинчиликдан кейин осончилик келиши одатий ҳолат. Ота-боболаримиз замонида ҳам шундай бўлган, бизнинг давримизда ҳам шундай бўлмоқда, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Вақти келганда қийинчиликни тортдик, энди хурсандчилик қилиб олайлик», дейишади. Ушбу тушунча тўрига илиниб, ўзларини дунё матоҳига уришади. Фаровон турмушда бардавомлик уларни хотиржам қилиб қўяди, ҳар қандай гуноҳни тап тортмай қилаверишади.

Ғафлат нигоҳларни қоплаб, хиралаштириб қўяди. Ана шунда Аллоҳ таоло уларни азоб-уқубатларга гирифтор қилади.

«Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, уларни касб қилган нарсалари туфайли тутдик» (96-оят).

Инсоният ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиги очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракот эшиги ланг очиб қўйилади, чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди, чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир.

«Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик».

Бу ҳақиқатга каттаю кичик – барча кишилар ҳар бир соҳада гувоҳ бўлишлари мумкин. Инсонлар ҳақиқий иймон ва тақво соҳиби бўлган пайтларида уларга баракотлар осмонлар ва ердан очиб қўйилганига тарих шоҳид. Шу ўринда «баракот» деганда фақат озиқ-овқат, кийим-кечак ва моддий фаровонликкина кўзда тутилмаслигини ҳам эслатиб ўтишимиз лозим.

Бироқ бундай қилишмади:

«Лекин улар ёлғонга чиқардилар, уларни касб қилган нарсалари туфайли тутдик».

Шуайб алайҳиссалом ўз қавмлари ҳалокатга учраганидан кейин бир муддат яшаб, сўнг бу дунёни тарк қилдилар. Тарихчилар: «Шуайб алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари, қавмлари билан бўлган ҳодисалар ва у зотнинг вафотлари Юсуф алайҳиссаломнинг пайғамбарликларидан кейин, Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин бўлган», дейдилар.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир. Бу инсоннинг шарафи ва давоми...

1271 15:25 / 08.06.2023
Рамазон ойларида юз берган муҳим воқеаларРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаҲижратдан аввалги 15 йил, рамазон ойи мил. 608 йил августсентябрndash давоми...

4771 05:00 / 06.01.2017
Хайбар шаҳри Мадинаи мунавварадан шимолиғарбда саксон милча узоқликдаги жой бўлиб, у ерни яҳудийлар босиб олишган эди. Ислом келгач, мусулмонларга хиёнат қилган давоми...

1828 09:00 / 16.08.2021
1979 йилда Каъбатуллоҳнинг олтин эшигидаги ёзув ва безакларни ватандошимиз Абдураҳим Амин Бухорий 19171993 йй. .сулс, хатида ёзиб берган. У 1917 йил Қўқон хонлиги давоми...

1335 15:07 / 23 август
Аудиолар

137618 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57684 14:35 / 11.08.2021