1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бу қандай ҳам улуғ шараф!

03:00 / 26.05.2019 2526 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар Бомдод намозида ва Аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари Ўзи билиб турса ҳам улардан: 

«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?», деб сўрайди. Улар: 

«Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Ҳузурларига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейишади», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиси шарифда зикри келаётган фаришталар бандаларни муҳофаза қилиш учун ер юзига навбат билан тушиб турадилар. Кундузи муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор, кечаси муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Улар Бомдод ва Аср намозлари вақтида алмашадилар.

Бомдод намози вақтида тунги фаришталар кўтарилиб, кундузги фаришталар муҳофаза учун тушадилар. Ана шу вақтда икки тоифа фаришталар жамланиб, бир-бирлари билан кўришадилар.

Аср намозида эса бандаларни кундузи муҳофаза қилган фаришталар кўтарилиб, кечаси муҳофаза қиладиган фаришталар тушадилар. Бу пайтда ҳам икки тоифа фаришталар бир-бирлари билан учрашадилар.

Бандаларнинг ичида юрган фаришталар кўтарилганларида Аллоҳ таоло Ўзи билиб турса ҳам фаришталардан:

«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўраши намозхон инсоннинг шаънини олий мақомга – Аллоҳнинг ҳузурига, Аллоҳга муқарраб фаришталар даражасига кўтаришдир. Бу эса намознинг ўта улкан ва фазилатли ибодат эканлигидандир.

Қаранг, намоз ўқиган одам ҳар куни икки марта Аллоҳ билан фаришталар ўртасидаги суҳбатда зикр қилинар экан. Бу қандай улуғ шараф! Кишилар бирорта амалдор у ҳақда таниш-билишидан: «Фалончи тинч юрибдими?» деб сўраб қўйса, қанча вақт мақтаниб юрадилар. Намозхонни эса Аллоҳ таоло ҳар куни фаришталардан икки марта: «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрар экан. Фаришталар эса «Намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик», деб жавоб берар эканлар. Намоз ўқимаганлар эса бу бахтдан бебаҳрадирлар.

Шунинг учун ҳам намозни канда қилмайлик, ҳар куни Аллоҳ таоло томонидан икки маҳал ҳол-аҳволи сўраладиган бандалар қаторида бўлишга интилайлик.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳишом ибн Холид арРобъий айтади .Бир куни масжидга кирдим. Ёнимдаги ҳамёнимда минг дирҳам пулим бор эди. Шундан бошқа пулим йўқ эди. Ҳамёнимни масжиднинг бир давоми...

3430 02:00 / 28.01.2019
Мисрнинг кўзга кўринган қориларидан бири Шайх Мансур Баддор раҳимаҳуллоҳ 1884 йилда Қалюбийя вилоятидаги Банҳонинг маркази бўлган Мижвал қишлоғида туғилди. давоми...

2511 06:00 / 03.03.2021
Улуғ тобеъийнлардан имом Сила ибн Ашям роҳимаҳуллоҳ уйланганларида яқинлари .Ҳаммомга кириб чўмилиб чиқинг, сўнг атирлар турадиган хонага кириб хушбўй ҳидлардан давоми...

5222 10:00 / 24.11.2018
Бу масала олдинги масаланинг тескарисидир сингил биродари борлиги учун меросдан маҳрум бўлади.Биринчи мисол Бир аёл вафот этди. Ортидан эри, онаси, отаси, қизи, давоми...

2406 08:30 / 28.10.2019
Аудиолар

232077 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150586 09:35 / 11.08.2021