1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Байтул Маъмурни биласизми?

15:10 / 25.05.2019 3778 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шараф бўлди. Ушбу абадий илоҳий мўъжиза Қуръони карим у зоти бобаракотнинг зикрларини бутун оламга таратди, миллионлаб инсонлару жинларни у зотга уммат қилди. Сон-саноқсиз мўмин-мусулмонлар томонидан доимий равишда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар айтиб турилишига сабаб бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон туфайли инсониятнинг энг намунали вакилига ҳамда башарият учун қилган ҳизматларини дўст ҳам душман ҳам тан олди. Шунингдек, Қуръони карим сабабидан у зотнинг умматлари бутун дунёга танилдилар. Қуръонга амал қилиб, дунёнинг пешқадам умматига айландилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло баракотли ва улуғ зот. У зот бу дунё аҳлига Фурқонни — Қуръонни нозил қилди. Қуръоннинг нозил бўлиш босқичлари ҳақида ушбу илоҳий китобнинг ўзида ва суннатда матнлар келган. Мазкур матнларда «нузул» масдаридан олинган турли сўзлар ишлатилган. Араб тилида «нузул» сўзи бир жойга «тушиш» ва «жойлашиш» деган маъноларни англатади.

Баъзи уламолар «нузул» сўзининг ушбу маъноларини моддий нарсаларга ишлатилади, Қуръони карим моддий бўлмагани учун унга нисбатан бу сўзнинг ишлатилиши мажозий бўлиши керак дейишган. «Нузул» сўзининг мажозий маъносини эса «билдириш» деб таъвил қилишган. Бироқ бошқа уламолар, Қуръони каримнинг ўзи бу маънони жуда кўп ўринда турли кўринишларда ишлатган, уни таъвил қилишга ҳожат йўқ, дейдилар.

«Улуми Қуръон» олимлари Қуръони каримнинг нозил бўлиши ҳақида луғат жиҳатидан бир оз ихтилоф қилган бўлсалар ҳам унинг амалий нозил бўлиши уч қисмга бўлинишига иттифоқ қилганлар.

1. Қуръони каримнинг Лавҳул Маҳфузга нозил бўлиши.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Йўқ!!! У Қуръони Мажиддир. Лавҳул Маҳфуздадир». (Буруж сураси, 21-22-оятлар).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз Расулига «Қуръони Мажид»нинг «Лавҳул-Маҳфузда» эканини айтмоқда. Лавҳул-Маҳфуз, яъни «Муҳофаза қилинган лавҳ», исломий эътиқод бўйича Аллоҳнинг ҳузуридаги лавҳ бўлиб, барча нарсалар унда битилган бўлади.

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа ҳеч бир зот билмайдиган тарзда ва вақтда Лавҳул Маҳфузда мавжуд бўлган ва ояти каримада зикр қилинганидек, яхлит ҳолда бўлган.

2. Қуръони каримнинг Байтул Иззатга нозил бўлиши.

Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: « Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик...» (Духон сураси, 3-оят).

Аллоҳ таоло бошқа оятида шундай марҳамат қилади: «Рамазон ойи — унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқонда иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган» (Бақара сураси, 185-оят).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят).

Ушбу оятларда зикр этилаётган воқелик, яъни Қуръоннинг нозил қилиниши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонидаги Байтул Иззат («Иззат уйи») га бўлган. Бу нузул ҳам бир йўла бўлган. Байтул Иззатнинг яна бир номи Байтул Маъмур бўлиб, «Обод уй» демакдир.

Суддий айтадилар: «Бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига: «Байтул Маъмур нима биласизларми?» дедилар. Улар: Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишди. Шунда узот : «У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушади. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Бир кириб, чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар», дедилар».

Хулоса қилиш мумкинки, Байтул Маъмур еттинчи осмондаги, муаззам Каъбанинг тепасидаги бир уйдир, масжиддир. Уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилади. Уларнинг кўплигидан бир тавоф қилгани яна қайтиб кира олмайди. Ерда Каъбутуллоҳ қандай улуғланса, осмонда Байтул Маъмур ҳам шундай улуғланади.

3. Ваҳийнинг Байтул Иззатдан ваҳий амини Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига тушиши.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қуръон зикрдан ажратилиб, дунё осмонидаги Байтул Иззатга қўйилди. Сўнгра Жаброил уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб тушиб, тартил қилиб берадиган бўлди». (Ҳоким ривоят қилган).

«Қуръонни тартил билан ўқиш» деб унинг ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларнинг алоҳида-алоҳида, дона-дона қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди». (Байҳақий «Шуъабул-ийман»да ривоят қилган).

Демак, Аллоҳ таоло Қуръони каримни дастлаб Лавҳул Маҳфузга жойлаган. Сўнгра у Лавҳул Маҳфуздан Байтул Иззат, яъни Байтул Маъмурга нозил қилинган. Кейин Жаброил алайҳиссалом орқали йигирма уч йил давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,.Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Ким тонг оттирган чоғи давоми...

3095 11:00 / 11.04.2020
Ривоят қилинишича Юсуф а. с. қамоқдаги дўстларидан нажот топадиганига .Хўжанг ҳузурида мени эсга ол,, деганларида олдиларига Жаброил а.с. келиб, Юсуф а.с.ни итоб давоми...

3833 14:55 / 28.04.2017
Тоғам билан жумани Маккада ўқиб қайтаётган эдик.Йўлда бир ташландиқ масжид бўларди. Ўтганқайтганда кўзимиз тушиб турарди. Шоҳ йўл бўйида жойлашгани учун давоми...

3624 18:30 / 05.02.2020
СаволКинна солиш ҳақида бу нарса мумкинми ёки аксинчаЖавоб Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймКинна солиш бошни уқалаш маъносида бўлса, тиббий ҳаракат ҳисобланиши давоми...

15073 11:01 / 04.03.2020