Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (33-дарс). Тариқат йўлига кириш ва юриш (давоми)

14:00 / 18.05.2019 4236 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса» деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.

Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон шахс уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Агар никоҳга моддий жиҳатданми, маънавий жиҳатданми, қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак.

Шу йўл билан улар шаҳват қўзишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, худди бичилган кишига ўхшаб, бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади. Демак, очлик кишини турли шаҳвоний гуноҳлардан сақлайдиган даводир.

Исломдаги таом одоби бўйича, умумий қоидага кўра, инсон фарз ва вожиб амалларни бажаришга қодир бўлиши учун кучи етадиган даражада еб-ичмоғи таъкидланган.

Мана шу даражада таом ейиш фарздир.

Тўйгунча таом ейиш мубоҳдир.

Керагидан ортиғини ейиш ҳаромдир.

Доимо тўйиб юриш ҳам жисмга, ҳам руҳга ўта зарарлидир.

Шунинг учун рўза тутиб, кўп тўймай, меъёрида оч юриш жисм учун ҳам, руҳ учун ҳам ниҳоятда фойдалидир.

Шу боис, аҳли тасаввуф очликни мужоҳаданинг учинчи рукни қилиб олгандир.

Мужоҳаданинг тўртинчи рукни бедорликдир.

Туннинг маълум қисмини бедорлик-ла, ибодат қилиб ўтказиш нафс тарбияси ва тақводаги муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Муззаммил сурасида қуйидагиларни айтади:

«Эй ўраниб ётувчи! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ. Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл). Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил. Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз. Албатта, тунги ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур. Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор. Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ» (1–8-оятлар).

Албатта, бу ояти карималар ниҳоятда улкан маъно касб этади. Бу Аллоҳнинг йўлида кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди. «Ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди», деган Аллоҳнинг нидоси эди. Шунинг учун ҳам Хадийжа онамиз Расулул-лоҳ алайҳиссаломга: «Бир оз ухлаб олсангиз-чи», десалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Хадийжа, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.

Аллоҳ таоло туннинг қанчасини бедор ўтказиш кераклиги ҳақида:

«Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл)», демоқда.

Яъни кечанинг ярмида бедор бўлиб, ибодат қил ва ярмида ухла ёки ярмидан озроғида ибодат қилиб, кўпроғида ухла.

«Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил».

Яъни кечанинг ярмидан кўпроғини ибодат билан ўтказгин-да, озроғида ухлагин.

Кечалари қоим бўлиш, яъни ибодат билан бедор бўлиш ҳақида ҳам ривоятлар жуда кўп.

Имом Муслим Саъид ибн Ҳишом розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан, шундай дейилади:

«Эй мўминларнинг онаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг», дедим.

У киши: «Йаа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан?» дедилар.

Мен (Саъид ибн Ҳишом): «Ўқиганман», дедим.

У киши: «Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетди. Аллоҳ таоло суранинг охирини нозил қилмай, ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди», дедилар».

Кечалари қоим бўлиш фарзликдан ихтиёрий амалга айланди. Кечалари бедор бўлиш, ҳатто оёқлари шишиб кетгунча туриш, Қуръонни тартил билан тинмай тиловат қилиш катта аҳамиятга эга бўлган оламшумул ишга тайёргарлик эди. Бу оғир ишнинг қабули келгуси оятда нозил бўлган.

«Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз».

Яъни Қуръонни ташлаймиз. Қуръон ўзи енгилликка барпо қилинган, лекин ҳақиқат мезонида у оғирдир.

«Албатта, тунги ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур».

Яъни кечаси тинчлик ҳукм сургани учун, тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмагани учун ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашади, жимлик ҳукм сургани учун қироат ҳам тўғрироқ чиқади.

«Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор».

Яъни кундуз куни қиладиган ишларинг кўп, қўшимча ибодатга вақт бўлмайди.

«Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ».

Яъни ўз ишингга Аллоҳ таолони доимо зикр қилиш ила ёрдам сўра. У Зотга тамомила ажраб чиқиб, фақат Унинг Ўзига суян, ўз ишларингдан бирортасида Аллоҳ таолодан ўзгага суянма.

(давоми бор)

«Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни раво кўрса, уни ўз айбини ўзи кўрадиган қилиб қўяди. Айбни кўргандан кейин уни тўғрилаш осон бўлади. Ўз айбини ўзи аниқлашнинг тўрт давоми...

4376 05:00 / 28.02.2017
Закот ибодатини адо этишда олий мақомларни истовчи банда риоя қилиши лозим бўлган нозик жиҳатлар ва асосан қалбга боғлиқ бўлган бир неча одоблар мавжуд.Биринчи давоми...

4332 13:45 / 07.03.2020
Тариқатдаги кишининг кундалик вазифалари аниқ бўлади. Бунда у аввало кундалик фарз ва вожиб амалларга алоҳида эътибор беради. Ўзининг бурчи бўлган бу амалларни давоми...

4303 12:04 / 27.11.2018
176. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу дедилар Агар қалбларимиз пок бўлганда, Роббимизнинг Каломига тўймаган бўлардикrdquo.177. Ишингни Аллоҳга топшир ва табассум қил давоми...

5441 17:50 / 06.05.2017
Аудиолар

135064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55343 14:35 / 11.08.2021