1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мусо алайҳиссалом (давоми)

18:10 / 15.05.2019 3983 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳомон – фиръавннинг вазири. У ҳар доим фиръавн қиладиган ёмонликларга бош-қош бўлиб келган.

Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг аскарлари Бану Исроилдан нима учун қўрқишарди? Аниқки, улар мулкига завол етиши хавфидан беҳаловат эдилар. Аллоҳ таоло улар қўрққан нарсани айнан Бану Исроил орқали кўрсатишни ваъда қилмоқда.

Мусо алайҳиссалом ниҳоятда хатарли бир вақтда дунёга келганлари учун оналари нима қилишни билмай қолди. Фиръавннинг айғоқчилари янги туғилган гўдакнинг ўғиллигини сезиб қолишса, уни онасидан тортиб олиб, ўлдиришлари мумкин. Нима қилиш керак? Бирор чораси борми? Инсоннинг қўлида ҳеч қандай чора йўқ. Шунда Аллоҳ таолонинг Ўзи йўл кўрсатди.

«Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, маҳзун бўлма, Биз, уни сенга албатта қайтарамиз ва уни расуллардан қиламиз», деб ваҳий қилдик» (7-оят).

«Барибир ўлиб кетади, деб болани ташлаб қўйма, уни эмизавер, ноумид бўлма. Агар фиръавннинг одамлари уни ўлдиришидан қўрқсанг, болани сандиққа солиб, дарёга ташла».

«...қўрқма, маҳзун бўлма...»

«Боламга нима бўлар экан, деб қўрқма. Жигаргўшамдан айрилиб қоляпман, деб хафа бўлма».

«Биз уни сенга албатта қайтарамиз ва уни расуллардан қиламиз», деб ваҳий қилдик».

Яъни «Биз болангни тезда ўзингга қайтарамиз ва уни ўзинг эмизасан. Келажакда эса уни пайғамбарлардан қиламиз».

Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг онасига билдирган иш амалга ошди: ичига гўдак Мусо солинган сандиқ дарёда оқиб бориб, фиръавннинг қасридаги боққа кирди. Ҳеч нарсага қодир бўлмаган, ҳатто ўзига керак бўлган овқатни ҳам тановул қила олмайдиган гўдак Мусо душманнинг қоқ ўртасига келиб тушди. Аллоҳ таоло фиръавннинг хотинининг қалбига гўдакнинг муҳаббатини жойлади. Унинг гапи билан гўдакни ўлдирмай, боқиб олишга қарор қилинди.Мусо алайҳиссалом ўз қавмига мойил бўлиб ўсиб-улғайдилар. Бир куни Бану исроиллик бир одам ерлик қибтий билан жанжаллашиб қолди. Бану исроиллик Мусо алайҳиссаломдан ёрдам сўради. Мусо алайҳиссалом қибтийни бир уриб, ўлдириб қўйдилар.

Бошқа бир куни худди шунга ўхшаш ҳолат яна такрорланди. Мусо алайҳиссалом бўлган воқеалардан таъсирланиб, бунинг оқибати нима бўлар экан, деб ҳадиксираб юрганларида у кишига хабар келди. Бу ҳақда Қасас сурасида шундай дейилган.

«...ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошиб келиб: «Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Чиқиб кет! Мен сенга насиҳат қилувчиларданман», деди» (20-оят).

Сўнг Мусо алайҳиссалом Мадян юртига бош олиб кетдилар. У ерда икки қизга қўйларини суғоришда ёрдам бердилар. Ўша икки қизнинг оталари бўлмиш Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга саккиз ёки ўн йил ишлаб бериш шарти билан қизларидан бирини никоҳлаб беришни таклиф қилдилар ва бу гап амалга ошди ҳам.

Орадан йиллар ўтди. Вақти-соати келганда, Мусо алайҳиссалом ўз аҳллари билан Мисрга қайтишга қарор қилдилар. Сийно минтақасига етиб келганларида Аллоҳ ваҳий қилиб, у зотни фиръавн ва унинг қавмига пайғамбар қилиб юборди. Шу билан бирга, Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга акалари Ҳорунни ёрдамчи қилиб берди, у зотни мўъжизалар билан қўллаб-қувватлади.

Мусо алайҳиссалом фиръавнни Аллоҳга даъват қилар, у эса ўз сиёсатида, исёнда давом этиб, ўзининг худо эканини даъво қилар, у зотни ёлғончига чиқарар эди. Мусо алайҳиссаломнинг қўлларининг оқ бўлиб чиқиши, ҳассаларининг илонга айланиб, ҳаракатга келиши каби мўъжизаларни фиръавн сеҳр деб даъво қилди. Сеҳргарларни тўплаб, улар билан Мусо алайҳиссалом орасида беллашув ўтказишни, ким ғолиб келишини аниқлашини эълон қилди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Нозиъот сурасида хабар берган:

«Сенга Мусонинг хабари келдими?» (15-оят)

Яъни «Сенга Мусонинг хабари келган, буни биласан».

«Эсла, Робби унга муқаддас Туво водийсида нидо қилди» (16-оят).

Тур тоғида – Туво деб аталган муқаддас водийда Мусо алайҳиссалом бошқаларга насиб этмаган марҳаматларга, жумладан, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло билан роз айтишиш – бевосита сўзлашиш шарафига муяссар бўлганлар. Оятда мана шу улкан ҳодиса зикр қилиняпти. Ўшанда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга деди:

«Фиръавннинг ҳузурига бор, у туғёнга кетди» (17-оят).

Аллоҳни унутиб, туғёнга кетган, ҳаддидан ошиб, кишиларга зулмни кўпайтирган, ҳаттоки худолик даъвосини ҳам қилган золимга, туғёнга кетган подшоҳга Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Мусо алайҳиссаломни юбориб, юмшоқ гапиришни тайинлаяпти.

«Айт: «Сенда покланишга (рағбат) борми?» (18-оят)

Яъни «Эй фиръавн, сенда кофирликдан, худолик даъвосини қилишдан ва бошқа гуноҳларингдан покланишга рағбат борми?» дегин.

Бунда динга даъват қилувчилар учун катта ибрат бор. Агар даъват қилинаётган шахс фиръавн бўлса ҳам, унга юмшоқ гапириб, тушунтириб, даъват қилиш керак.

«...ва сени Роббингга ҳидоят қилсам, шоядки, қўрқсанг» (19-оят).

Яъни «Мен сени Роббингни рози қиладиган нарсага ҳидоят қилайми? Шояд, ўша ҳидоятга амал қилиб, Аллоҳдан қўрқадиган, Унга тақво қиладиган бандалардан бўлсанг».

Ушбу оятда олдин ҳидоят, кейин қўрқиш зикр қилиниши ҳам ўзига яраша ҳикматга эга, чунки банда ҳидоят топмагунча, Аллоҳдан қўрқмайди.

Кейинги оятларда эса Мусо алайҳиссалом билан фиръавн орасида бўлиб ўтган можаролар зикр қилинади.

«...ва унга катта оят-аломатни кўрсатди» (20-оят).

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини қўллаб-қувватлаш, кишиларга уларнинг ҳақиқий пайғамбар эканини тан олдириш учун мўъжизалар беради. Мусо алайҳиссаломга ҳам Аллоҳ таоло кўплаб мўъжизалар берган. Мўъжизани Қуръони карим баъзида «оят-аломат» дейди. Бу оятдаги улкан аломатдан мурод Мусо алайҳиссаломга берилган катта мўъжиза – қўлларидаги ҳассанинг илонга айланишидир. Демак, шу мўъжизани у зот золим фиръавнга кўрсатдилар. Шунда

«У ёлғончига чиқарди ва осий бўлди» (21-оят).

Яъни фиръавн Аллоҳнинг пайғамбари бўлмиш Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарди, Аллоҳ таолонинг амрига исён қилди.

«Сўнг ортига ўгирилиб, тезлаб кетди» (22-оят).

Яъни фиръавн Мусо алайҳиссалом томонларидан кўрсатилган мўъжизаларни кўрганидан сўнг ортига ўгирилиб, тезлаб юриб кетди.

«Кейин (одамларни) тўплади ва нидо қилди» (23-оят).

Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг олдларидан бурилиб кетганидан кейин бориб, ўз ҳукми остида яшаётган одамларни бир жойга тўплади ва

«Мен сизларнинг энг олий роббингизман», деди» (24-оят).

Яъни робблик даъвосини қилди. Қилганда ҳам, энг олий робб­лик даъвосини қилди, чунки Мусо алайҳиссалом фиръавнни ҳам, бошқаларни ҳам Роббул оламинга ибодат қилишга даъват қилган эдилар. Фиръавн ўзининг бу иши ила «Мусо даъват қилаётган Робб эмас, энг олий робб менман», демоқчи бўлди.

«Аллоҳ уни аввалги ва охирги(гуноҳ)лари учун бездирувчи иқобга олди» (25-оят).

У бўлса ақлини йўқотиб: «Мен сизларнинг энг олий роббингизман», деб юрибди.

Ваъдалашилган кунда бўлиб ўтган беллашувда Мусо алайҳиссалом сеҳргарлар устидан ғолиб келдилар. Ўзлари қилиб юрган нарса ботил экани аён бўлиб, Аллоҳга иймон келтирган сеҳргарларни фиръавн осишга буюрди, уларни қатл қилди. Сўнг Бану Исроилга нисбатан озорлар яна ҳам шиддатли тус олди. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фиръавнни ва унинг қавмини қаҳатчилик – очарчилик йиллари билан сиқувга олди. Шунда ҳам улар ўз ишларидан қайтишмагач, Аллоҳ таоло уларга бошқа уқубатларни ҳам нозил қилди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Аъроф сурасида шундай хабар берган:

«Устларига тўфон, чигирткалар, каналар, бақалар ва қонни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар» (133-оят).

Яъни Аллоҳ таоло фиръавн ва унинг аҳли ваъз-насиҳатга қулоқ тутсин, инсофу иймонга келсин, қилаётган жиноятларидан қайтсин деб, уларга муфассал тарзда, алоҳида-алоҳида қилиб оят-белгиларни юборди. Баъзи уламоларнинг фикрича, Исро сурасида «Батаҳқиқ, Мусога тўққизта очиқ-ойдин оят-мўъжиза бердик» дейилишига қараганда, тўққиз йилда тўққизта оят-мўъжиза юборилган, чунончи: асо, қўл, қаҳатчилик, мева ва жонларни нуқсонга учратиш, тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қон.

(давоми бор)

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ атТАРЖУМОН каталонча Ансельмо Турмеда 1355 ndash 1423 ndash малоркалик насроний руҳоний. Кейинчалик Исломни қабул қилади ва Тунисга кўчиб ўтади. Араб ва лотин давоми...

3046 10:30 / 23.08.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнингҳаётларини ўрганишВафодорлик Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зотга эргашган давоми...

4914 05:00 / 07.03.2017
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Атога ўғиллари Шис алайҳиссаломни ато қилди. Шис алайҳиссалом ҳам набий бўлганлар. У зотга Аллоҳ таоло кўплаб ўғиллар ва қизлар давоми...

10968 15:29 / 12.01.2019
ҳижратдан аввалги 47 йил милодий 577 йилПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга кирганларида, оналари у зотни Ясрибга Мадинага олиб бордилар. Онабола давоми...

5056 19:35 / 19.09.2019
Аудиолар

137637 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57704 14:35 / 11.08.2021