1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (32-дарс). Тариқат йўлига кириш ва юриш (давоми)

21:00 / 10.05.2019 2682 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Узлатнинг фойдаси ва зарари ҳақида бу каби далил-ҳужжатларни кўплаб келтириш мумкин. Уламоларимиз ушбу масалага оид барча маълумотларни ўрганиб чиқиб, узлатнинг фойда-зарарларини ажратганлар.

Узлатнинг фойдалари:

1. Ибодатга фориғ бўлиб, Аллоҳ таолонинг муножоти ила унсу улфат топиш.

2. Кўпчиликка аралашганда йўлиқадиган ғийбат, риё, ёмон хулқларнинг юқиши каби маъсиятлардан халос бўлиш.

3. Фитна ва хусуматлардан халос бўлиш.

4. Одамларнинг ёмонликларидан халос бўлиш.

5. Одамлар тамасининг сендан, сенинг тамангнинг улардан кесилиши.

6. Аҳмоқ ва бефаросатлардан қутулиш.

Узлатнинг зарарлари:

1. Таълим олиш ва таълим беришдан бебаҳра қолиш.

2. Наф бериш ва наф олишдан бебаҳра қолиш.

3. Одоб бериш ва одоб олишдан бебаҳра қолиш.

4. Унсу улфатдан бебаҳра қолиш.

5. Савоб олишдан бебаҳра қолиш.

6. Тавозеъдан бебаҳра қолиш.

Ушбу фойда ва зарарларни ҳамда муриднинг ҳолини эътиборга олиб, узлатнинг ҳукми ҳам ҳар хил бўлиши табиий. Узлат қилиш керак ёки керак эмас, деган умумий ҳукм чиқариш нотўғри бўлади.

Кимгадир маълум бир вақт ва шароитда узлат зарур бўлади.

Бошқа ҳолда эса зарур бўлмаслиги мумкин. Буни шайх билан маслаҳат қилиб белгиланади.

Мужоҳаданинг иккинчи рукни жимликдир.

Тилни жиловлай билиш ва ундан фақат одобли сўзлар чиқишига эришиш Исломдаги энг муҳим ишлардан бири ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Уларнинг кўплаб махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, садақага, маъруфга ва одамлар орасида ислоҳга буюрган кишигина бундан мустасно. Ким буни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга буюк ажр берурмиз» (Нисо сураси, 114-оят).

Ушбу ояти каримада биз «махфий суҳбат» деб таржима қилган «нажво» сўзи, умуман, махфий бир ишни англатади. Бу нарса махфий ибодат ҳам, яширин кенгашиш ҳам, пинҳона суҳбат ҳам, муножот ёки сир ҳам бўлиши мумкин.

Биз бу ўринда «нажво» сўзининг «махфий суҳбат» маъносини оламиз. Зеро, бу оятда ҳукм умумийлаштирилиб, баъзи бир истисно қилинган ҳолатлардан бошқа ҳолларда махфий суҳбатлардан яхшилик чиқмаслиги баён қилинмоқда.

«Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор».

Аслида ёмонлик бўлмаса, махфийликка ҳожат ҳам йўқ. Яхши иш доимо очиқчасига қилинади. Баъзи бир ҳолатларда садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр этиш соҳасида махфий суҳбатлар бўлса, унда яхшилик бўлади. Шу каби ишларни Аллоҳнинг розилиги учун қилганлар улуғ ажрларга эришадилар.

«Ким буни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга буюк ажр берурмиз».

Шунинг учун фақат яхши гапни гапириш, қолган вақтда жим туриш керак бўлади. Бу маънодаги бошқа оятлар ҳам кўп, аммо биз ўзимиз ўрганган бир оят билан кифояланиб, бу борадаги ҳадиси шарифлардан намуналар келтиришга ўтамиз.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин», деганлар.

Ибн Мурдавайҳи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам боласининг ҳамма гапи унинг зараригадир, фойдасига эмас. Магар Аллоҳнинг зикри бўлса, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш бўлса, фойдасигадир», деганлар.

Амри маъруф ва наҳий мункар ҳамда таълим бериш каби ҳолатларда, яъни гапириш фарз ёки вожиб бўлган ҳолларда жим туриш ҳаром бўлади. Бошқа пайтларда бефойда гапларни гапиришдан кўра жим туриш афзал кўрилади.

Кези келганда жим туришга одатланиш кишининг ўз нафсини жиловлай билишининг муҳим кўринишларидан биридир. Балки ўша муҳим ишнинг бошланишидир. Тилини тия билган инсонгина гуноҳга бошлайдиган бошқа аъзоларини ҳам жиловлай олади.

Мужоҳаданинг учинчи рукни очликдир.

Худди узлат ва тилни тийиш каби, очлик ҳам нафс тарбиясида ниҳоятда муҳим вазифани адо этади. Бу фикрнинг далили сифатида имом Тобароний ҳасан санад билан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифни келтиришимиз мумкин:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўзингизга маҳзунликни лозим тутинглар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, маҳзунлик қандоқ бўлур?» дейишди.

«Нафсингизни очлик ила ибодатга ўргатинг ва уни чанқатинг», дедилар».

Бундан очлик баъзи ҳолларда инсоннинг нафсини даволашда таъсирли бўлишини билиб оламиз.

Қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам рўзанинг ва у орқали ҳосил бўладиган очликнинг фойдалари баён этилган.

(давоми бор)

Бу йўлга киришнинг бошланғич нуқтаси кишида ҳимматнинг қўзғалиши билан бўлади. Тасаввуф йўлига киришга ҳиммат қилган одам ўзига муршид ахтара бошлайди. Агар муршиди комил топилса, у ҳимматли кишини ҳолига яраша йўлдан олиб боришга киришади.

Албатта, муриднинг ҳам тоатга тайёргарлиги бўлиши керак. У шайх берган тарбия ва вазифаларни қабул ва татбиқ қилиш қобилиятига соҳиб бўлмоғи лозим.

Муршиди комил ўзининг янги шогирдига илм ва зикрдан таълим бера бошлайди. Унинг ҳолига яраша илм ва зикр беришни йўлга қўяди. Янги мурид илм ва зикр суҳбатларида иштирок эта бошлайди. Аста-секин унинг савияси ва қобилияти маълум бўлади.

Дастлабки босқичда янги мурид асосий эътиборни тавба ва унинг шартларига қаратади. У истиғфорни кўп айтади ва одамларнинг ўзидаги ҳақларини қайтариб беришни йўлга қўяди.

Унинг ихлоси ортиб борган сари, иймон завқини ҳис қилиши ҳам ортиб бораверади. Шу тарзда муридда аҳли салоҳлик аломатлари пайдо бўлади. Ана шу аломатлар пайдо бўлганда биринчи босқич тугайди.

Иккинчи босқичда мурид ўз нафсига қарши жиҳод қилишга ўргатилади. Бунда унга фарзларни тўлиқ адо этиш, одоблар, нафл ибодатлар, ҳикматли жимлик, мўътадил очлик, тарбиявий узлат ва хайрли бедорлик ўргатилади.

Тасаввуф илмида «мужоҳада» номи ила машҳур бўлган ушбу босқичнинг амалларини бирма-бир кўриб чиқайлик:

1. Аллоҳ таолога ва Унинг ваҳдониятига ҳамда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг Расули эканликларига иймон келтириш ёки уни янгилаш. Куфрдан иймонга ўтилаётган, иймонни инкор қилиб ёхуд масхара қилиб турилган шароитда уни баралла эълон қилишнинг аҳамияти каттадир. Шунинг учун ҳам аҳли тасаввуф мужоҳаданинг аввалига зикрни эмас, иймон шартини қўйганлар.

2. Фарзларни вақтида адо этиш. Бунда намоз, рўза, закот ва ҳаж ибодатларини фарз бўлган вақтда яхшилаб адо этиш йўлга қўйилади. Шунингдек, никоҳ, савдо-сотиқ, ота-онага ҳамда қариндошларга яхшилик қилиш каби амалларни ҳам ўз ўрнида адо этиш йўлга қўйилади.

3. Нафл намоз ўқиш, нафл рўза тутиш, садақа қилиш, эътикоф ўтириш, нафл ҳаж қилиш, дуолар, зикрлар ва қироати Қуръон қилиш каби ишлар йўлга қўйилади.

4. Аҳли тасаввуф ичида «мужоҳада рукнлари» деб аталмиш «узлат», «жимлик», «бедорлик» ва «очлик» йўлга қўйилади.

Биз ўрганаётган мужоҳаданинг тўрт рукнидан биринчиси узлатдир. Узлат деганда кўпчиликдан ажраб, ёлғиз қолиш тушунилади. Аслида мусулмон киши кўпчиликдан ажрамасдан юриши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қиладиган мўмин одамларга аралашмайдиган ва уларнинг озорларига сабр қилмайдиган мўминдан яхшидир», деганлар.

Яна у зот имом Термизий ривоят қилган ҳадисда:

«Аллоҳнинг қўли жамоат биландир. Ким ажраса, оловга ажрайди», деганлар.

Бу маънодаги ҳадиси шарифлар анчагина.

Аммо шу билан бирга, мўмин одам қўшилмаслиги лозим бўлган жамоалар ҳам бор. Мўмин киши куфру исён ҳамда фисқу фасод жамоаларидан узоқда бўлиши лозим. Мана шу «узлат» дейилади.

Аллоҳ таоло узлатни ихтиёр қилган Иброҳим алайҳиссаломнинг нидоларини шундай баён қилади:

«Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам» (Марям сураси, 48-оят).

Ушбу оятда зикр қилинган четланиш айни узлатдир.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида ҳам узлат ҳақида сўз юритиб:

«Ҳақиқатан, сизларга Иброҳим ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор. Улар: «Биз сиздан ва сиз ибодат қилаётган нарсадан безормиз, сизга куфр келтирдик, энди токи ягона Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча, орамизда доимий адоват ва кучли нафрат пайдо бўлди», дедилар», дейди (4-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таолога иймон келтирмаганлардан узлатда бўлиш ҳақида сўз бормоқда.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида:

«Оятларимизни (истеҳзо қилишга) шўнғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шўнғигунларича, улардан юз ўгир. Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг золим қавмлар билан ўтирма!» деган (68-оят).

Иймон масаласида зид бўлган қавм билан бирга ўтириш, унс-улфат топиш осон иш эмас. Айниқса ўша кофирлар мажлисда Аллоҳ таолонинг оятларини масхара қилаётган бўлсалар. Уларнинг бу истеҳзоларини тинглаб ўтириш мўмин-мусулмонга ҳеч тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад сол-лаллоҳу алайҳи васалламга «золим қавмлар» – мушрикларнинг ўшандай мажлисларида ўтиришларини ман қилмоқда.

«Оятларимизни (истеҳзо қилишга) шўнғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шўнғигунларича, улардан юз ўгир».

Демак, ундай қавм қурган мажлисга яқинлашиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Агар гап нима ҳақида бораётганидан бехабар ёки ушбу амри илоҳийни унутиб қўйиб, улар билан ўтириб қолинган бўлса,

«Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг золим қавмлар билан ўтирма!» деган кўрсатмага биноан, у мажлисдан дарҳол туриб кетиш лозим.

(давоми бор)

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган давоми...

4306 13:45 / 01.02.2020
1. Фосиқлик ҳаром. Ундан наҳйи қилинган, яъни у Ислом динида буткул тақиқланган. Фосиқ шахс гуноҳкор бўлади, фисқига қараб жазога тортилади ва таъзир берилади. 2. давоми...

3491 17:30 / 14.08.2021
1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир. 2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади. 3. Ҳасад ўз эгасининг мартабасини пасайтиради. 4. Ҳасадчини одамлар ёмон давоми...

3098 17:00 / 29.01.2022
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. давоми...

1113 19:00 / 14 апрель