1447 йил 26 шаъбон | 2026 йил 14 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўза тутиш ҳаром бўлган кунлар

10:00 / 08.05.2019 13107 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўза тутиш ҳаром бўлган кунлар қуйидагилардир:

1. Ийдул-фитр куни, Ийдул-азҳо куни ва ундан кейинги уч кун. Бу кунларда рўза тутиш ҳаромдир, чунки бу кунлар хурсандчилик кунларидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки куннинг – Азҳо ва Фитр кунининг рўзасидан қайтардилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Нубайша Ҳузамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ташриқ кунлари еб-ичиш ва Аллоҳнинг зикри кунларидир», дедилар».

Аҳмад ва Муслим ривоят қилишган.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари бизнинг – аҳли Исломнинг байрамимиздир. Бу кунлар еб-ичиш кунларидир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

2. Шак куни, яъни Рамазон киришидан олдинги кунда рўза тутиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутмасин. Лекин бир кишининг одатдаги рўзаси бўлса, ўшани тутсин», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилишган.

3. Рўза тутса ҳалок бўлишини билатуриб рўза тутган одамнинг рўзаси. Чунки Аллоҳ таоло:

«...(Ўзингизни) ўз қўлингиз билан ҳалокатга ташламанг...», деган (Бақара сураси, 195-оят).

4. Аёлларнинг ҳайз ва нифос кўрган кунлари. Бу кунларда рўза тутиш мумкин эмас.

Рўза тутиш макруҳ бўлган кунлар

Қуйидаги кунларда рўза тутиш макруҳдир:

1. Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши (агар эр яқинликка ожизлик қиладиган даражада бемор бўлса, ёки рўзадор бўлса ёхуд ҳаж ё умрага эҳром боғлаган бўлса, макруҳ эмас).

2. Ашуро кунининг ёлғиз ўзида рўза тутиш.

3. Жума кунини хослаб рўза тутиш.

4. Шанба кунини улуғлаб рўза тутиш.

5. Якшанба кунини улуғлаб рўза тутиш.

6. Наврўз куни рўза тутиш.

7. Меҳржон куни рўза тутиш.

8. Узлуксиз ҳар куни рўза тутиш.

9. Гапирмасдан рўза тутиш.

10. Улаб (саҳарлик қилмай) рўза тутиш.

11. Мусофирнинг қийналиб рўза тутиши.

Ихтиёрий рўза

Ҳанафий мазҳабида ихтиёрий рўза учга: суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.

Суннат рўза – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий тутиб юрган ихтиёрий рўзалардир.

Мандуб ёки мустаҳаб рўзалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий тутмаган ихтиёрий рўзалар бўлиб, улар қуйидагилардир:

1. Бир кун тутиб, бир кун очиб юриш.

2. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш.

3. Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш.

4. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш.

5. Арафа куни рўза тутиш.

6. Арафадан олдинги саккиз кунда рўза тутиш.

7. Шаъбон ойида рўза тутиш.

Нафл рўзалар – мазкурлардан бошқа рўзалар бўлиб, уларни тутиш ҳам динимизда тарғиб қилинган.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан.Нима бўлди сизга, нега кечаси ухламайсиз, деб сўрашди.Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар .Кечаси ухласам, давоми...

2592 07:10 / 25.06.2019
.Жума, сўзи .жам бўлиш, тўпланиш, деган маънони англатади. Аллоҳ таоло мўминларга жума намозини фарз этган, буюрган.Эй иймон келтирганлар Жума кунидаги намозга давоми...

7131 11:05 / 02.11.2018
Шайхи тариқат, Мавлоно Мунир Аҳмад ҳазратлари айтадиларТушуниб олингки, шариат ва суннатга мувофиқ никоҳда барака бўлади. Бир киши бор эди. У менга ўзи шундай давоми...

2298 15:00 / 25.06.2019
Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар Уламолар Бароат Тавба сурасининг бошида .Бисмиллаҳир роҳманир роҳим,нинг тушиб қолиши ҳақида ихтилоф қилишди. Баъзилар давоми...

7925 11:00 / 22.12.2020