1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Набий алайҳиссалом масжидларининг мўъжизакор саккиз устуни

14:10 / 16.04.2019 6342 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад алайҳиссалом Мадина шаҳрига кўчиб келганларидан сўнг, у ерда масжид барпо этишни ирода қилдилар. Дастлаб масжид қурилганда саноқли устунлар бўлган. Масжиднинг дастлабки устунлари ўзига хос тарихга эга. Устунларнинг жойлашув усули Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан бери давом этиб келмоқда. Масжидга келган ҳар бир киши бу устунларга кўп ҳам эътибор беравермайди. Юқорида айтиб ўтилганидек, муқаддас масжиддаги ҳар бир устунда ўзига хослик бор. Қуйида масжиддаги баъзи устунларнинг тарихи ҳақида тўхталиб ўтамиз.

1. Ҳаннана устуни

Мазкур устун Расулуллоҳ меҳробларининг ўнг томонида жойлашган бўлиб, энг бахтли устун десак, муболаға бўлмайди. Чунки унинг ёнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиганлар. Бу ерда илгари хурмо дарахти ўсган бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маъруза қилганларида шу дарахтга суяниб турардилар. Маъруза қилиш учун минбар ясалганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан маъруза қила бошладилар. Шунда ҳалиги хурмо дарахти йиғлади. Буни масжиддаги барча инсонлар эшитди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарахт олдига келиб унга қўлларини қўйдилар ва шундай дедилар: «Бу дарахтнинг ёнида Аллоҳ эсланар эди, энди минбар қурилгач, унинг ёнида Аллоҳ эсланмаяпти. Шунинг учун у йиғлаяпти. Агар келиб қўлимни қўймаганимда то қиёматгача йиғлаган бўлар эди». Бу «Ҳаннана» устуни дейилади. Арабчадан таржима қилганда ҳаннана – «йиғлоқи бўталоқ» деган маънони англатади.

2. Оиша устуни

Бу устунни «Муҳожирлар устуни» деб ҳам аташади. Сабаби муҳожирлар (кўчиб келганлар) ушбу устун тагида йиғилиб дам олишни яхши кўрардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаннана» устуни қўйилгунга қадар шу устун тагида ибодат қилганлар. Шунингдек, бу устунни «Қуръа устуни» деб ҳам аташади. Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бу масжидда шундай жой борки, одамлар унинг қанчалик хайрли жой эканини билганларида у ерда намоз ўқиш учун талашиб, ҳатто қуръа ташлаган бўлардилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг, Оиша розияллоҳу анҳодан бу жой масжиднинг қайси жойи эканини сўрашди. Аввалида онамиз айтишни истамадилар. Кейинчалик Абдуллоҳ ибн Зубайр қаттиқ талаб қилгач айтишга мажбур бўлдилар. Мазкур устун ҳақидаги ҳадисни Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилганлари учун ҳам устун Оиша онамиз номлари билан аталган.

3. Абу Лубоба ёки Тавба устуни

Мусулмонлар хиёнаткор Бани Қурайза яҳудийларини 25 кун қамал қилдилар. Яҳудийлар иш шу зайлда давом этса, очликдан қирилиб кетишларини билиб, мусулмонлар билан сулҳ қилишга келишдилар. Яҳудийлар билан сулҳ тузгани борган Абу Лубоба яҳудийларга бехосдан мусулмонларнинг асл мақсадини айтиб қўйди. Абу Лубоба бу ишидан минг афсус чекиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўринишдан уялиб, ўзини масжид устунига боғлатиб қўйди ва тавбам қабул бўлмагунча шу ерда боғланиб туравераман, деб қасам ичди. Бу гапларни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Абу Лубоба олдимга келиб кечирим сўраганда кечирар эдим, ўз билганича иш тутдими, энди Аллоҳдан ҳукм тушмагунча ўша ерда тураверсин», дедилар. Яҳудийларни қамал қилиш ниҳоясига етгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Аллоҳ Абу Лубобанинг тавбасини қабул қилганини ваҳий билан маълум қилиб, «Тавба» сурасининг 102-оятини нозил қилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан Абу Лубобани масжид устунидан озод қилдилар. Шу воқеадан сўнг мазкур устун Тавба ёки Абу Лубоба устуни номини олган.

4. Сарир устуни

Бу ухлаш учун жой маъноси англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу устун тагида эътикоф ўтирганлари ва унинг тагида ухлаганлари ривоятларда келган. Шу сабаб устун юқоридаги номни олган.

5. Маҳрис ёки Али (розияллоҳу анҳу) устуни

Ўша даврда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни душманлардан ҳимоя қилиш мақсадида саҳобалар навбатма-навбат шу устун тагида қўриқчилик қилар эди. Бу ишни кўпинча ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бажарардилар. Шу сабаб ҳам мазкур устуннинг номи Маҳрис (ҳимоя жойи) ёки Али розияллоҳу анҳу устуни, деб номланади. Аллоҳ таоло «Моида» сурасининг 67-оятини нозил қилгач. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз издошларига бошқа қўриқчилик қилмасликни буюрдилар. Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилишни ваъда қилди, дедилар.

6. Вуфуд устуни

«Вуфуд» элчилар маъносини англатади. Одатда турли қабилалардан хабар олиб келганлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу устун ёнида учрашар ва уларга исломдан таълим берар эдилар.

7. Таҳажжуд устуни

Масжидни ҳамма тарк этгач, айнан шу устун ёнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини адо этганлар.

8. Жаброил алайҳиссалом устуни

Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганларида шу устун ёнига тушганлар. Ҳозирги кунда бу устунни кўришнинг имкони йўқ. Сабаби бу устун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлари ёнида жойлашган.

Мазкур саккиз устун худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидлари ва Мадина шаҳри сингари ўзига хос тарихга эга. Бир ўйлаб кўринг, бир неча юз йиллар илгари, айнан шу устунлар атрофида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотнинг сафдошлари юрган.

Насиб қилиб Мадина шаҳрига борсангиз, албатта бу устунларга эътибор беринг ва уларнинг атрофида содир бўлган воқеаларни ёдга олинг.

Манба:Baraka.uz

Мавзуга оид мақолалар
Савдогарларнинг одобларидан бири бақирчақир қилмаслик ва одобларга риоя қилишга интилишдир.Мусулмон киши бозорга кириб келар экан, сокинликни ўзига лозим давоми...

1661 17:10 / 25.08.2019
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш кимни хурсанд қилса, Мусҳафга қараб Қуръон давоми...

2085 11:25 / 23.09.2020
Иброҳим ибн Адҳам бир ғамгин кишини кўриб, .Биродар, мен сиздан учта савол сўрайман, жавоб берасиз,, деди. У рози бўлди. Иброҳим ибн Адҳам сўради ndash Бу дунёда давоми...

1371 08:00 / 10.12.2020
Инсонинг руҳи ва танаси тирик яшар экан турли хурсандчиликлар ва қийинчиликлар бўлиб туриши табиий ҳол. Устозлар таъбири билан айтганда қалб хурсанд бўлса давоми...

2374 17:23 / 10.03.2021