1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нега менинг имтиҳоним бунчалик оғир?

12:10 / 09.04.2019 4518 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Дард сўйлатади” дейишади ёши улуғлар. Изтироб чекаётган одам тилига келганини қайтармайди. Ҳамма нарсага, ҳаммага исён қилгиси келади. Оғриқ зўридан инграган одамнинг нолаларидек, изтироб чекаётган одамнинг нима деётганини билиб бўлмайди. “Нега фақат мен?!” деб сўрайди ўз-ўзидан. “Шунча одам бор, шунча ёмонлик қиладиган бор-да, нега улар эмас, мен?!” Ўзини изтироб чекишга лойиқ, деб билмайди инсон.

Баъзан “Кошки” дея бошланадиган пушаймонликлар инсоннинг ич-этини ейди. Гоҳида “Яна менми?!” дея бошланадиган ҳаётдан олинган аччиқ сабоқлар тилга олинади.

Баъзида эса, “Кошки бошимга бу иш тушмаса эди. Бошқа ташвишим, ғаму қайғум бўлса-да, бу мусибатни кўрмасам эди” деб исён қилади инсон.

“Кошки бошимга бу иш тушмаса эди!” деганлар имтиҳонни тушунишмабди, демак. Қайси ўқитувчи имтиҳонда сабоқ беради? Таълим муассасаларидаги имтиҳон варақаларини танлаш имкониятимиз йўқ экан, ҳаёт имтиҳонида синовларни танлаш эркини талаб қилишимиз қанчалик тўғри?

Кошки...

Бир шогирдимнинг чақалоғи фалажлик билан туғилди. Она сифатида фарзандини қаттиқ яхши кўришини, аммо фарзанди билан синалаётгани оғирлик қилаётганини айтганди. “Ҳар бир машаққатнинг изтироби бор. Лекин фарзанди билан синалиш менга жуда оғирлик қиляпти” дея дард дафтарини очган онаизорга таскин беришнинг имкони йўқ эди. Аммо шогирдим дардини шундай изоҳладики, мен унга тасалли бермаган бўлсам-да, айтганларидан чиройли хулосага келдим.

Онаси доимо қизига қайнонасидан чеккан азобларини гапириб беради. Онасидан эшитганлари сабабли бувисини ёмон кўриб улғаяди. Опаси турмушга чиққанида ҳам уйда шу муаммолар муҳокама қилинган. Опаси ҳам уйга келгач қайнонасини ёмонлашдан тиинмасмиш.

Шогирдим қайнона диққат марказда бўлган оилавий муаммолардан шунчалик безиб кетганки, “Ё Роббим, менга қайнонадан қайғу берма, бошқа нима билан синасанг синайвер” дея такрорлайдиган бўлибди. Онасига ва дугоналари даврасида асло қайнона билан яшамаслигини, мумкин бўлса онаси вафот этган бирор одам билан турмуш қуришини айтиб юрган.

Аллоҳ истаганини берибди. Совчиликка келган йигитнинг онаси вафот этганини эшитиб ич-ичидан суюнибди. Чиройли тўй бўлиб турмуш қуришибди. Беш йил орасида иккита соғлом фарзандли бўлишибди. Қайнона қайғуси (!) онаси ва опасидан эшитган эртак бўлиб қолибди. Учинчи фарзанди ногирон туғилганида хонадонига ғам кўланкаси соя солибди. Бир неча ой ногирон болани қабул қилолмабди. Бир  умр ногирон бола парвариш қилишга мажбурликдан эзилаётган экан. Фарзанди чекаётган дард учун ўртансинми, ё ўртанаётган юрагига куйсинми? Вақт ўтиб кўникибди ва тақдирига бўйин эгибди.

Буларни гапираётиб шогирдим кўзларида оққан ёш билан “Кошки менда қайнона муаммоси бўлса-да, фарзандим соғлом бўлса эди” деди.

Самимият билан дард тўла кўнглини менга очган шогирдидан ҳаёт сабоғини  олган ўқитувчи бўлдим, мен. “Кошки бу дард билан имтиҳон қилинмасам эди” деганларга бу ҳаёт сабоғини мен ҳам айтиб бераман.

“Мен нега қудуққа ташландим?!” деб ўкинган Юсуф алайҳиссалом Мисрга подшоҳ бўладиган йўл қудуқдан ўтишини билмасди. Қудуқда Роббисига таслим бўлган Юсуф саройга киришга муваффақ бўлди. Саройда илоҳий ахлоққа таслим бўлган Юсуф алайҳиссалом зиндонга тушди. Зиндон – Мисрга подшоҳ бўлиш учун сўнгги манзил эди. 

“Нега бу мусибат билан имтиҳон қилидим?!” дея исён қилмаган Юсуф алайҳиссалом ҳаммага сабоқ бўлсин.

Оловга ташланган Иброҳим алайҳиссалом кўзларини юмиб олган, гулханнинг гулзорга айланганини билмасди. Фақат тақдирига таслим бўлган эди. “Кошки бу дард менга келмаса эди” демаган Иброҳим алайҳиссалом барчамизга энг оғир мусибатларда ҳам таслим бўлиш ахлоқини ўргатади.

Отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг пичоғи остига ётган Исмоил алайҳиссалом тиғ кесмаслигини билмасди. Ул зот Аллоҳ азза ва жалла ҳамда отасига таслим бўлганди. “Нега бошимга бу кунлар тушяпти?!” дея исён этмаган Исмоил алайҳиссалом йўлимизни ёритади.

Маккадан қочиш учун ҳижрат қилишга мажбур бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳини ҳижратдан ўтишини билмасалар-да, илоҳий буйруқни адо этадилар. Манзилини тарк этиш амрига таслим бўлган эдилар, холос.

Таслимият ҳижратни, ҳижрат фатҳ эшигини очади.

Аллоҳга таслим бўлган, Маккани қўлга киритади.

Аллоҳга таслим бўлганни олов ёндиролмайди.

Таслим бўлишни билган қудуқдан саройга, зиндондан тахтга чиқади.

“Кошки бу мусибатлар бошимга тушмаса эди” деганлар, таслим бўлинг!

Мусибатларга эмас, мусибат билан сизни синаётган Аллоҳга таслим бўлинг!

“Стресс ва иймон” китобидан 

Таржимон
Умида Адизова
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларидан бирида қаҳатчилик бўлди. Умар розияллоҳу анҳу одамлар билан чиқиб, истисқо намозини ўқидилар. Кийимларини тескари давоми...

1465 08:00 / 12.11.2020
Шаръий узрлар.Авратга қарашни мубоҳ қилувчи узрлар ўнтадир.1. Биронтасининг зиёнига гувоҳлик қилмоқ ниятида. Масалан, зино қилувчиларни шахсини билиб олиш учун, давоми...

3290 17:10 / 13.05.2019
Маслама ибн Абдулмалик Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига келди. Унинг эгнида Миср чойшабидан кийим бор эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз сўрадиndash Буни неча пулга давоми...

4057 10:07 / 30.10.2018
Саъид ибн Салм йўлда кетаётган эди, олдига бир қария келиб, ҳамроҳ бўлди ва аҳволидан шикоят қила бошлади. Иккови ёнмаён кетаётганда қария ҳассасининг учи билан давоми...

1935 08:00 / 07.07.2019
Аудиолар

210834 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130097 14:35 / 11.08.2021