1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳирс ва тамагирликнинг давоси

17:00 / 31.03.2019 3347 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу даво сабр, илм ва амалдан иборатдир.

Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлади:

1. Маишатда тежамкор бўлиш ва сарф-харажатда мулойим бўлиш.

Ким қаноатли бўлишни истаса, имкони борича ўзидан харажат эшигини беркитишга ҳаракат қилади. Нафсини фақат зарур нарсалар билан кифоялантиришга уринади. Муяссар бўлган таомга қаноат қилади. Хўракни иложи борича озайтиради. Кийимда ҳам содда бўлишга ҳаракат қилади. Мазкур нарсаларни ўзига одат қилиб олади. Оила аъзоларини ҳам шунга ўргатади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Солиҳлик йўли, солиҳлик ҳайъати ва иқтисод нубувватнинг йигирма беш жузидан бир жуздир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Гўзаллик ҳайъати, шошмаслик ва иқтисод нубувватнинг йигирма тўрт жузидан бир жуздир», дейилган.

Солиҳлик ҳайъати – гўзал кўриниш, аҳли солиҳларнинг кўриниши. Иқтисод – гап-сўз, хатти-ҳаракат ва барча ишларда тежамкор бўлиш. Албатта, бу каби фазилатлар ҳусни хулқдандир.

Термизий ва Муслим қилган ривоятда:

«Ким мусулмон бўлиб, ризқи учма-уч бўлса ва Аллоҳ унга қаноат берса, батаҳқиқ, нажот топибди», дейилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Исломга ҳидоят қилиниб, маишати учма-уч бўлиб, қаноат қилган одамга яхшилик бўлсин», дейилган.

2. Ўзига етарли нарса муяссар бўлганда, келажаги учун изтиробга тушмаслик.

Ризқи албатта келишига қаттиқ ишонади. Шайтоннинг унга фақирлик ваъда қилишига ишонмайди.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳларини ҳам, сақланиб турадиган жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобда бордир» (6-оят).

Ер юзида ўрмалаган нарса – одамзод, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлар. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Жаннатга яқинлаштирадиган нимаики амал бўлса, албатта, сизларни унга амр қилдим. Дўзахга яқинлаштирадиган нимаики амал бўлса, албатта, сизларни ундан қайтардим. Бирортангиз ўз ризқини зинҳор кеч қолди, демасин. Жаброил алайҳиссалом сиздан бирор киши ризқи мукаммал бўлмасдан бу дунёдан чиқмаслигини кўнглимга солди. Эй одамлар Аллоҳдан қўрқинг. Талабни чиройли қилинг. Агар бирингиз ризқи кечикди деб ўйласа, бас, уни Аллоҳга маъсият қилиш ила талаб қилмасин. Чунки Аллоҳнинг фазлига маъсият ила етишилмас».

3. Қаноатнинг фойдасини, ҳирс ва тамагирликнинг зарарини тушуниб етиш.

Қаноат шубҳали ва ортиқча нарсаларга сабр қилишдан иборат бўлиб, охиратда савобга ҳам сабаб бўлади. Ўз иззатини ҳавойи нафсидан устун қўя олмаган одамнинг ақли расо бўлмайди.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Аллоҳ таоло тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сифат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади.

4. Ўтган қавмлардан дунёга ҳирс қўйган ва тамагир бўлганларнинг ҳоли нима бўлганига назар солиш.

Шу билан бирга, ўтган пайғамбарлар, аҳли солиҳлар ва азиз-авлиёларнинг ҳолидан ўрнак олиш лозим.

5. Мол жамлашнинг хатарини тўлиқ тушуниб етиш.

Молнинг офатларини унутмаслик, ўртаҳолликнинг фазлини билиш керак. Бунда мол-дунёда ўзидан пастга назар солиш ва динда ўзидан юқоридан ўрнак олиш катта фойда беради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачон бирингизнинг назари молда ва халқда ўзидан афзал қилинган шахсга тушса, ўзидан пастга ҳам назар солсин», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ўзингиздан пастга назар солинг. Ўзингиздан баландга назар солманг. Бу Аллоҳнинг сизга берган неъматига ношукр бўлишингизга олиб келиши мумкин», дедилар».

Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У дунёга келганида миттигина вужудни ҳамширалар чақалоқлар тортиб кўриладиган тарозига солишган эди. Бундан 44 йил олдин 1 кг 300 гр бўлиб туғилган Бахтиёр бугун 70 давоми...

8744 09:00 / 02.05.2023
Абдуллоҳ ибн Марзуққа кўп молдунё берилган эди. Бир куни маст бўлиб, ўйинкулгига берилиб, пешин, аср ва шом намозларини қазо қилиб юборди. Ҳар намоз вақтида жорияси давоми...

1643 16:00 / 10.12.2022
. . . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

1118 16:08 / 25 ноябрь
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳайсамга .Хизматчинг борми, дедилар. .Йўқ,, деди у. .Бўлмаса, бизга асир давоми...

1865 17:00 / 07.09.2022