1446 йил 12 жумадул аввал | 2024 йил 14 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тақсит савдоси

13:00 / 06.10.2020 4272 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тақсит» сўзи луғатда бўлиб-бўлиб тўлаш маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда савдо молини нақд қилиб, баҳосини насия қилишга айтилади. Бунда савдо молининг баҳоси нақд тўлашга нисбатан қимматроқ ёки баробар ёхуд пастроқ бўлишининг эътибори йўқ.

Ислом Фиқҳи Академиясининг еттинчи мажлисида ушбу савдо тўғрисидаги уламолар муноқашаларини тинглангач, унинг жоизлиги тўғрисида қарор қабул қилинди. Албатта, ушбу савдо турининг ҳам тўғри бўлиши учун маълум шартлар амалга оширилиши керак.

Тақсит савдосининг шартлари:

1. Сотилаётган савдо молининг мубоҳ нарса бўлиши.

2. Савдо моли сотувчи ёки вакилининг мулкида бўлиши.

3. Бўлиб бериладиган маблағ бўлакларининг қиймати маълум бўлиши.

4. Муддатнинг аниқ тайинланган бўлиши.

5. Икки тараф насия ва муддат орасида иттифоққа келишмай, ажралиб кетмаслиги.

Тақсит савдосининг низоми

1-модда. Тақсит савдоси насия савдо турларидан бўлиб, бунда сотувчи ва олувчи келишилган пулни тайинланган вақтларда бўлиб-бўлиб тўлашга келишишади.

2-модда. Тақсит савдосининг битимида қуйидаги шартлар икки нусхада тўлиқ баён қилиниб, ҳар бир нусха сотувчи ва олувчининг қўлида бўлмоғи лозим:

1. Савдо молининг тўлиқ сифати.

2. Баҳонинг миқдори ва (агар берилса) олдиндан бериладиган маблағнинг миқдори.

3. Бўлиб тўлашга қўйилган муддатнинг аниқлиги.

4. Бўлиб тўланадиган маблағларнинг аниқлиги.

5. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг адади.

6. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг вақти.

7. Баҳонинг тўлиқ тўлаш шартлари.

8. Шу билан бирга, сотувчи ва олувчининг ўзидан содир бўлиши мумкин бўлган баёнотлар, ўзаро келишув асосида қандай баёнот ёки шартлар бўлса, уни келтириш...

3-модда. Савдо моли битим тузилган вақтда харидорга тўла-тўкис берилиши лозим;

Бериш – савдо молига боғлиқ бўлган нарсаларни ва ундан фойдаланишда доимий сифат бўлиб эътибор қилинадиган ҳар бир нарсани ўз ичига олади. Бу эса нарсанинг табиати, урф ва икки томоннинг мақсад тақозосига мувофиқ бўлади. Шу билан бирга, савдо молини олувчи ундан ҳар қандай тўсиқсиз, тўлиқ тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлиши шарт ҳисобланади. Бу нарса шаръий истилоҳда «таслим» дейилади.

4-модда. Тақсит савдосида сотувчи харидордан баҳонинг ҳамма қисмини тўлиқ адо этгунича гаров ёки зарарнинг ва тўлиқ тўлашнинг кафолатини сўраши жоиздир.

5-модда. 

А. Сотувчида тақситга сотиладиган товар қийматининг 20%дан кам бўлмаган маблағини олдиндан олиш ҳуқуқи бор;

Б. Харидор гаровни ёки зарар ҳамда тўлиқ тўлаш кафолатини келтирса, келишувга қараб, юқоридаги нисбат озайиши мумкин.

6-модда. Харидор бўлиб-бўлиб бериладиган пулни қайси ман-зилда адо қилишини ҳам аниқ белгилаб олишлари лозим.

7-модда. Битимда харидор зиммасидаги келишилган баҳонинг кўп қисми берилган бўлса ва харидор ўз зиммасидаги бўлаклардан бир қисмини беролмай қолса, икки тараф учун ҳам ушбу савдо шартномасини бузиш талаби жоиз бўлмайди.

8-модда. Харидор зиммасидаги бериши керак бўлган бўлакни камида икки маротаба ўз вақтидан кечиктирсагина, қолган пулни нақд қилиб бериш ҳақида тузилган келишув амалга ошади.

Тақсит савдосининг баъзи келишувларида, «Агар харидор келишилган маблағнинг бир бўлагини ваъдалашган вақтда адо қилмаса, қолган бўлаклари нақдга айланиб қолади ва бу ҳолатда сотувчи учун шу ҳолда харидордан қолган бўлакларнинг ҳаммасини нақд тўлашни талаб килиши жоиз бўлади», дейдиганлар ҳам бордир. Ушбу шарт жоизми? Бу масала айрим ҳанафий китобларида зикр қилинган.

«Хулосатул фатаво»да» шундай дейилади:

«Агар (сотувчи олувчига): «Бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади» деса, дуруст бўлади ва мол нақдга айланади».

Бу масала «Фатавои Баззозия»да ўзгартирилган, маъно у билан тўғри бўлмайдиган ҳолда зикр қилинган. Рамлий «Жомиъул фусу-лайн»га ёзган ҳошиясида ана ўшандан огоҳлантириб, қуйидагиларни айтади:

«Баззозия»да келган матннинг маъноси шундай:

Ижарага берувчининг «Қачон бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади» дейиши дуруст. Шундай булган тақдирда ижарага берувчининг «тўловнинг қолган қисмлари нақдга айланади», дейиши муддатни йўққа чиқаради. Чунки ижарага берувчи ўзининг бу талаби билан шартни бузган бўлади»

«Хулоса»нинг иборасида ҳам: «Қачон бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади», деса дуруст бўлади ва «мол нақдга айланади», дейиш билан муддатни йўққа чиқариш шартни бузганлиги сабабли ҳосил бўлади», дейилади. 

Демак, ушбу фиқҳий матнлар бу каби шартни қўйишнинг жоизлигини кўрсатади. Харидор тақсит савдосидаги шартлардан айримларини бузганда сотувчида ҳам насия муддатини нақдга айлантириш ҳуқуқи ҳосил бўлади. Лекин бундай ҳолатда сотувчи нақдга айланган муддатдаги фойдаларни олмаслиги шартдир. Яъни сотувчи «Муддатни кутаман» деса, фойда олишга ҳақли бўлади, лекин харидорнинг айрим шартларни бузиши сабабли насия муддатини нақдга айлантирса, ўша муддатдаги фойдаларни чиқариб ташлаши лозимдир.

Товарни гаров қилиш.

Аксар фуқаҳолар товарни гаров қилишнинг қуйидаги кўринишига ижозат беришган. Харидор дастлаб товарни сотиб олади. Сўнгра уни ўз мулкига ўтказгач, сотувчининг ўзига гаров сифатида қайтаради. Лекин бунда гаров қилинган товар харидорнинг ўзида қолади. У ўша товарни ўз фойдасига ишлатади.

Ҳаскафий ушбу масалани «Дуррул мухтор»да зикр қилган: «Агар харидор сотувчидан сотиб олган нарсасини қабз қилганидан сўнг, «Ушлаб тур» деса, шу пайтда товарни ўз пулининг баробарида гаровга қўйган бўлади (Яъни товарнинг мулкияти харидорда собит бўлади. Агар товар ҳалокатга учраса, у харидорнинг ҳисобидан бўлади. Шунда шартнома бузилмайди. Бу шарҳни Ибн Обидин ушбу матннинг остида келтирган). Агар харидор товарни қабз қилмасдан олдин шу гапни айтса, у гаров бўлолмайди. Бундай пайтда бу баҳоси келгунча ушлаб турилган товар бўлади. Яъни товарнинг зоминлиги гаровнинг зоминлигидан ўзгачадир. Бир хил нарса икки турли кафолат билан кафолатланмайди. Бир-бирига зид икки нарсанинг бир жойда жамланиши тўғри эмас. Агар харидор мулкни ўзида собит қилишдан олдин сотувчига, «Товарни ушлаб тур, пулини олиб келаман», деса ва шу пайтда товар ҳалокатга учраса, савдо шартномаси бузилади».  Бундай гаров турида товар мулкиятини учинчи шахсга ўтказиб юбориш жоиз бўлмайди. Сотувчида агар харидор баҳони тўлай олмаса, товарни сотиб, ўз ҳаққини олиш имконияти бўлади.

Товарнинг ҳужжатини гаров сифатида ушлаб туриш.

Ушбу гаров турида сотувчи товарнинг ўзини бўлмаса-да, унинг эгадорлик ҳужжатларини гаровда ушлаб турса бўлади. Бу ҳолда ҳужжатларни гаровда ушлаш билан гаров комил бўлади. Сўнгра гаров қилинадиган товар харидорнинг ўзида орият бўлиб қолади.

Агар ушбу савдони тақсит савдоси десак, мулкни харидорга мутлақ ўтказиб бермаслик билан тақсит савдосининг шартларидан бўлган мулк қилиб бериш йўққа чиқади. Шу билан бирга, харидор товарнинг аксар қисмини тўлаб бўлганидан сўнг сотувчи шартномани бузиб, товарни қайтиб олиши ҳам тўғри эмас. Ушбу ҳолатда харидор охирги қолган бўлакларни тўлай олмаса, қўлидаги мулкни сотиб, қолган бўлакларни тўлаши таклифи тўғрироқ бўлади. Бунда сотувчи харидорнинг қўл остидаги мулкни сотишига монеълик қилмаслиги шарт.

Бу кўринишда, агар тарафлар олдиндан келишиб олмаган бўлса, «Тушир, тезлат» қоидаси жоиздир. Мазкур қоида насия сабабли қўйилган устамани тушириб, қарзни тезлаб тўлашни жорий қилади. Агар сотувчи харидор тўлай олмаётган бўлакларни «Тушир, тезлат» қоидасига кўра оладиган бўлса, ўша бўлаклардаги фойда миқдорини чиқариб ташлаши керак. Биздаги жараёнларга кўра, мулкнинг ҳужжатларини харидорга расмий равишда ўтказиб бера олмаса ҳам, сотувчи ушбу мулкнинг харидорга ўтганлиги тўғрисида гувоҳлар олдида васиқа ёзиб бериши, лозим бўлиб қолганда харидорнинг ушбу мулкни сотишига тўсқинлик қилмаслиги лозимдир. Лекин харидор гаров ва кафолат сифатида олган машинасини қўйган бўлса, энди у токи ҳақини ўтаб бўлмагунича, гаров ёки кафолат сифатида қўйган нарсасини сотиб юбора олмайди.

Тақсит савдосида сотувчи харидордан йигирма фоиздан кам бўлмаган маблағни олдиндан олиши жоизлигини юқорида айтиб ўтдик. Шунга кўра сотувчи харидорга мулкни учинчи шахсдан олиб берар экан, дастлаб ўшани ўзига мулк қилиши, сўнгра харидорга сотиши, харидор имконият қилиб берган маблағ эса олдиндан олинган маблағ деб ҳисобланиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Тақсит савдоси учун қуйидаги шаклда битим тузиш мумкин. Ушбу битим томонлар келишувига кўра, албатта тақсит савдосига мувофиқ тарзда ўзгартирилиши ҳам жоиздир.

“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўлимни эслаш ҳақида салафи солиҳларимиз ҳам жуда кўп ҳикматли гапларни айтганлар.Умар ибн Абдулазиз уламолардан баъзисига.Менга ваъз қилинг,, деди..Сен ўладиган давоми...

4868 21:09 / 02.12.2018
Миҳбардан ривоят қилинади .Биз бир маййит учун тобут ҳозирлаётган эдик, олдимиздан Рабиъ ибн Барра ўтиб қолиб, .Бу ғариб ким, деб сўради. .У ғариб эмас, қариб қариб давоми...

2581 08:00 / 06.03.2020
бешинчи мақола17. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аҳли дўзахдан икки тоифасини кўрмадим Бир қавмики, қўлларида давоми...

1380 15:00 / 29.10.2020
Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд.Маъноси Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир. давоми...

9953 04:16 / 19.07.2021
Аудиолар

134351 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54673 14:35 / 11.08.2021