Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (25-дарс)

14:10 / 22.03.2019 6489 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

164. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳунайн кунида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимлашда баъзи одамларни бошқалардан устун қўйдилар. У зот Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя бердилар, Уяйнага ҳам шунча бердилар. Арабларнинг ашрофларидан баъзиларига ҳам бердилар ва ўша кунги тақсимлашда уларни устун қўйдилар. Шунда бир киши: «Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда адолат қилинмади, бунда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди. Шунда  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб, сабр қилган эди», дедилар».

Аҳмад, Бухорий, Муслим, Абу Яъло, Ибн Ҳиббон  ривоят қилишган.

 

* * *

165. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толҳанинг Умму Сулаймдан бўлган ўғли ўлди. У аҳлига: «Абу Толҳага ўғли ҳақида мен унга гапирмагунимча гапирманглар», деди. У келганда кечки таомни тақдим қилди. У еб-ичди. Сўнг аёл унга авваллари ясанганидан кўра яхшироқ ясаниб кўринди. Шунда унга яқинлик қилди. Унинг тўйгани ва ундан ҳузурланганини кўриб: «Эй Абу Толҳа, бир қавм бошқасидан вақтинчаликка бир нарсани олиб турса, уларда у Аллоҳ хоҳлаганича қолса-да, кейин эгалари қайтариб олса, вақтинчалик олиб турганлар хафа бўлиши керакми?» деди Умму Сулайм. «Йўқ», деди Абу Толҳа. «Ўғлинг дунёни тарк этди», деди. Унинг аччиғи чиқди ва «Мени ифлослантириб бўлиб, кейин ўғлимнинг хабарини берасанми?» деди.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, хабарни етказди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўтган кечангизда Аллоҳ иккингизга барака берган бўлсин», дедилар. Кейин аёл ҳомиладор бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. У (аёл) ҳам у зот билан бирга эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан Мадинага келсалар, кечаси кирмас эдилар. Сўнг улар Мадинага яқинлашишди. Аёлни тўлғоқ тутди. Абу Толҳа унга қараб, ушланиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар. Абу Толҳа: «Роббим, Ўзинг биласан, Расулинг чиқсалар, бирга чиққим келади, кирсалар, бирга киргим келади. Ўзинг кўриб турган нарса билан ушланиб қолдим», дерди. Умму Сулайм: «Эй Абу Толҳа, сезаётган нарсани сезмай қолдим, юравер», деди. Шунда юриб кетдик. Икковлари етиб келишганда яна тўлғоқ тутди ва ўғил туғди. Шунда онам менга: «Эй Анас! Эрталаб уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бормагунингча биров эмизмайди», деди. Эрталаб уни кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бордим. У зот мийсам ушлаб турган эканлар. Мени кўришлари билан: «Эҳтимол, Умму Сулайм туққандир?» дедилар. «Ҳа»,  дедим. У зот мийсамни қўйдилар. Мен болани у зотнинг қучоқларига қўйдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинанинг ажва навли хурмосидан келтиришни сўрадилар. Уни оғизларига солиб, майдалаб чайнадилар. Сўнгра боланинг оғзига солдилар. Бола тамшана бошлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ансорийларнинг хурмони яхши кўришига назар солинглар!» дедилар. Сўнгра унинг юзини силадилар ва Абдуллоҳ деб исм қўйдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Мийсам – ҳайвонга тамға босадиган темир асбоб.

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу масалага мушриклар қандай қараганларини уларнинг Валид ибн Муғийра билан қилган маслаҳатларидан билиб олинади. У Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва давоми...

4293 18:01 / 21.12.2017
266. Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим .Келишига шубҳа давоми...

3435 19:00 / 26.08.2023
280. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Одамларга биладиган нарсаларини гапиринглар. Ёки Аллоҳ ва Унинг Расулининг ёлғончига чиқарилишини давоми...

3567 19:00 / 22.09.2023
695. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта Аллоҳ менинг умматимдан кўнглидан ўтказганини, агар уни давоми...

4749 00:42 / 02.04.2022
Аудиолар

210860 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар