1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Моида сураси, 6-оят

10:54 / 22.02.2013 7043 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу оятлар синчиклаб ўқиб-ўрганилса, Исломнинг поклик дини, поклик бўлганда ҳам, мукаммал поклик дини экани яққол намоён бўлади. Аввалги беш оятда пок нарсаларнинг ҳалол қилингани, мусулмонларга пок таомлар, покиза аёллар ҳалол этилгани ҳақида сўз борган бўлса, бу оятда бадан поклиги ҳамда, энг муҳими, қалб поклиги ҳақида сўз кетмоқда. Чунки намоз қалбни покловчи амалдир. Ҳамма нарса покликка таянади, покликка қаратилгандир. Хоссатан, намоз ўқиш учун нафақат бадан, балки кийим-бош ва жой ҳам пок бўлиши зарур.

Ҳукмнинг баёни «Эй иймон келтирганлар!» нидоси билан бошланаётгани бу ҳукмларнинг ҳам аҳамият жиҳатидан олдингиларидан қолишмаслигини кўрсатади.

«Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар».

Таҳоратнинг фарзлиги ва бу фарз амалнинг ичида тўртта фарз борлиги ушбу оятдан олинган. Шу билан бирга, баъзи тоифалар ушбу оятни тушунишда ва ундан ҳукм чиқаришда мусулмонлар жумҳурига зид боришган. Бунга ояти каримани нотўғри талқин қилиш сабаб бўлган. Оятнинг арабча матни «Бошларингизга масҳ тортинглар ва оёқларингиз ҳам!» деганга ўхшаш маънода келган. Бу тарзда тузилган жумлани шиъа мазҳабидаги кишилар «ва оёқларингизга ҳам масҳ тортинглар» деган маънода тушунганлар ҳамда шу маънодан келиб чиқиб, таҳорат қилганда, юз ювилади, қўл чиғаноғи билан ювилади, бошга ҳамда оёққа масҳ тортилади, деб ҳукм чиқарганлар ва шундай қиладилар ҳам. Қуръони Карим маънолари бошқа тилларга таржима қилинганда ҳам кўпинча шу хатога йўл қўйилган. Аслида ундай эмас. Таҳоратнинг тартибига мувофиқ бўлиши учун оёқни ювиш кераклиги охирида зикр қилинган. Араб тилидан, Қуръон тиловатидан хабардор ҳеч бир шахс бу маънодан бошқа маънони тушунмайди. Қолаверса, Қуръони Каримни биринчи қабул қилиб олган зот – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга оёқни ювиш маъносини берганлар ва ўзлари доимо таҳоратда оёқларини ювганлар. Қуръони Каримнинг нозил бўлишига ҳамаср бўлган саодатманд авлод – саҳобаи киромлар авлоди бу оятни, оёқни ювишни англатади, деб тушунганлар ва таҳорат қилганларида ҳаммалари оёқларини ювганлар. Улардан бирорталари ҳам оёққа масҳ тортмаганлар.

Намоз учун таҳорат фарз экани баён этилганидан сўнг, яъни кичик таҳоратсизликдан покланиш баён қилинганидан сўнг, катта таҳоратсизликдан – жунубликдан покланиш баён қилинади.

«Агар жунуб бўлсангиз, покланинглар».

Яъни «Ғусл қилинглар».

Жунублик эҳтилом бўлиш ёки жинсий алоқа туфайли юзага келади. Ушбу масала аввалги оятларда ҳам келган ва ўз жойида баён қилинган эди.

Баъзи ҳолларда инсон таҳоратга ёки ғуслга имкон топа олмай қолади. Шунда нима қилиши керак? Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зотдир, бундай ноқулай ҳолатдан чиқишнинг йўлини ҳам Ўзи кўрсатади.

«Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз, ёхуд сиздан бирингиз ҳожатдан келса, ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ ила таяммум қилинг».

Худди шу маънолар Нисо сурасида ҳам келган ва ўша жойда батафсил баён қилинган. Бу ўринда жунубликда ҳам таяммум қилинишига далил сифатида бир ҳадиси шариф келтириш ўринли бўлса керак.

Имом Бухорий қилган ривоятда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Ғазотларнинг бирида, совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Ғусл қилсам, ҳалок бўламан, деб қўрқиб, таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга имом бўлиб, бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Набий алайҳиссаломга зикр қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Амр, жунуб бўлиб туриб, шерикларингга намозга ўтдингми?! – деб сўрадилар. У кишига нимага ғусл қилмаганимнинг хабарини бердим ва: – Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир», деганини эшитган эдим, – дедим.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар. Бу у кишининг иқрорлари эди».

Нисо сурасида келган таяммум ҳақидаги оятнинг тафсирида айтганимиздек, намоз ғоят муҳим ибодат, уни тарк этишнинг ҳеч узри йўқ, таҳорат қилишга имкон бўлмаса, таяммум қилиб бўлса ҳам, ўқиш зарур. Шунинг учун шариатга таяммум киритилган. Таяммум қилишнинг қоидаси эса оятнинг давомида баён этилмоқда.

«Бас, ундан юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг».

Тупроқни юзга ва қўлларга суртишдан мақсад нима? Нима учун шундай қилинади? Аллоҳ таоло бу ишни буюриш билан нимани ирода этган? Наҳотки одамларни қийнашни истаган бўлса? Жавоб Аллоҳ таолонинг Ўзидан келади:

«Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас. Аммо сизларни поклашни… ирода қиладир».

Аллоҳ ҳеч қачон бандаларига қийинчиликни истамайди. Исломда ҳамма нарса енгилликка бино қилинган. Сув йўқ бўлса ёки уни истеъмол қилишнинг имкони бўлмаса, таяммумга буюрилиши ҳам енгилликдир. Аллоҳ таоло хоҳлаганида, қандай қилиб бўлса ҳам, сув топасан ва сув билангина таҳорат қиласан, дейишга ҳаққи бор эди. Аммо бу нарса бандаларига оғир бўларди. Таяммумга амр этишдан мурод, Аллоҳ мусулмонларни поклашни истайди. Чунки намоз Аллоҳ таоло билан бўладиган мулоқотдир. У мўмин банданинг меърожидир. Намозда банда Роббул оламиннинг қаршисида туриб, Унга муножот қилади. Ундан ҳожатларини сўрайди. Унга дардини тўкиб солади. Бу муҳим ва қолдириб бўлмас мулоқотга покланиб бориш лозим экан, агар сув топилмаса, таяммум қилиб бўлса-да, покланиш зарур. Бунга ўша мулоқотни тайин қилган Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзи рухсат беряпти. Намоз Аллоҳ таолонинг Ўзи билан мулоқотга чиқишлари учун бандаларига яратиб берган имконият бўлиб, бу ҳол У Зотнинг намозга қанчалик аҳамият беришини кўрсатади. Аммо баъзи нобакор бандаларнинг бу олиймақом мулоқотдан қочиб юришларини қандай баҳоласа бўлади?

Оятнинг давомида:

«...ва сизларга Ўз неъматини батамом қилиб беришни ирода қиладир», – дейишидан, таяммум қилиб бўлса ҳам, намоз ўқишга рухсат бериши Аллоҳнинг бандаларга неъмати эканини тушунамиз. Банда бу неъматнинг қадрига етиши ва унга шукр қилиши лозим.

«Шоядки, шукр қилсангизлар».

Юқорида олтита оят ўтди. Бу оятларда озиқ-овқат, ов қилиш, ҳалол-ҳаром, никоҳ, одамлар орасидаги муомала, таҳорат, намоз каби масалалар келди. Ушбу масалаларнинг барчаси бир хил эътибор ила аралаш ҳолда келмоқда. Улар мўмин-мусулмонларга қарата:

«Эй иймон келтирганлар!» деган хитоб орқали баён қилинмоқда. Бу эса Ислом дини инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларини қамраб олганлигини кўрсатиб, «Дин ҳар бир одамнинг қалбидаги ишончидир» деган сафсатанинг бекор эканига ёрқин далилдир. Биз бундан Ислом дини ҳам ақийда, ҳам ҳаёт тарзи, ҳам муомала, ҳам иқтисод, ҳам сиёсат эканини, бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг бандаларига берган амри-фармони эканини тушуниб оламиз. Биз бундан ҳаётимиздаги ҳар бир ишимиз намоз ва таҳорат каби ибодат эканини, уларга худди намоз ва таҳоратга эътибор берганимиздек муносабатда бўлишимиз лозимлигини англаб етамиз. Дилида мусулмон бўлиб, амалда кофирнинг ишини қилиш аҳмоқлик эмасми? Масжидда мусулмон-у, бозорда ёки ошхонада номусулмон бўлиш гумроҳлик эмасми? Аллоҳ Ўз бандаларидан ҳамма ишда Унга таслим бўлишни истайди. Шунга бўйин эгган одамгина ҳақиқий мусулмон бўла олиши мумкин. Ана шундагина банда Аллоҳ таолога берган аҳдномасига вафо қилган бўлади.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ўзинг билмаган нарсага эргашма Албатта, қулоқ, кўз ва дил ndash ана ўшаларнинг барчаси сўралажак нарсалардир, Исро давоми...

789 19:00 / 26 март
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Айт .Айтингларчи, агар сувларингиз ерга сингиб кетса, сизларга ким оқин сувни келтирур, 30оят.Аллоҳ таоло давоми...

2600 16:04 / 13.12.2018
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони давоми...

4575 11:48 / 04.01.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Бақара Ичган қасамларингиз сабабли яхшилик қилиш, тақво қилиш ва одамлар орасини ислоҳ этишингизга давоми...

2382 11:06 / 30.01.2020