1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сотувдаги янги маҳсулотлар

«Бахтиёр оила» китоби сотувга чиқарилди

12:01 / 20.02.2019 2864 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Бахтиёр оила» деб номланган китоблари.

Ушбу китоб Ислом динининг оилавий муносабатларга оид аҳкомларининг кенг ва батафсил шарҳи бўлиб, мусулмон киши оилавий ҳаётга оид билиши лозим бўлган барча масалаларни ўз ичига олади. Китобда инсонга икки дунё саодати йўлини кўрсатиб берган Ислом динининг бахтли, саодатли оила қуриш, эр-хотиннинг ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятлари, ота-онага, қайнота-қайнонага муносабат, келин ва куёв танлаш, ақийқа, фарзанд тарбияси, силаи раҳм, талоқ, идда ва шу каби кўплаб долзарб мавзулардаги таълимотлари орқали бугунги кунда қатор муаммолар муҳокама қилинади, оятлар, ҳадислар ҳамда салаф солиҳларнинг ҳаёти мисолида мусулмоннинг бахтли оилавий ҳаёт дастури кўрсатиб берилади.


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
МУҚАДДИМА

Одамни тупроқдан яратган ва сокинлик топиши учун ундан ўз жуфтини яратган ҳамда уларнинг никоҳ орқали оила қуриб яшашларини ирода қилган Қодир ва Ҳакийм Аллоҳга У Зотнинг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!
«Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир», деган Расули Акрам Муҳаммад Мустафога битмас-туганмас саловоту саломлар бўлсин!
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзи ирода қилган пайтда тупроқдан одам зотини яратди ва унга Ўз ҳузуридаги руҳдан жон пуфлаб, уни Ўзининг ердаги ўринбосари қилди. Сўнгра одамнинг жуфтини яратди ва уларнинг иккисидан эркак ва аёлларни тарқатди.
Аллоҳ таоло инсон зотини жуфт қилиб, эркак ва аёлдан иборат қилиб яратганда уларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусиятларни берди ва уларнинг никоҳ орқали ҳалол-пок яшаб, ўзларидан зурриётлар қолдиришларини ҳамда айни шу йўл билан дунёнинг обод бўлишини ва одам сулоласини Қиёмат қоим бўлгунча ҳалол-пок йўл билан давом этиб боришини ирода қилди.
Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсон қандай яшаса саодатли бўлишини яхши биладиган Аллоҳ таоло эркак ва аёлларнинг никоҳ орқали оила қуриб яшашларини ирода қилди. Шунинг учун ҳам Ўзининг барча Анбиёларига, авлиёларига ва солиҳ бандаларига никоҳли ҳаётни раво кўрди. Ўзининг барча самовий динларида никоҳни жорий қилди. Ўша динлари орқали инсониятга, ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги каби, никоҳ ва оила борасидаги саодатга элтувчи кўрсатмаларини тақдим қилиб борди.
Шу тарзда, Аллоҳ таоло инсониятни аста-секин тарбиялаб келди ва ниҳоят инсоният камолга етганда Ўзининг охирги ва мукаммал дини, Қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини – Ислом орқали оилавий ҳаётнинг мукаммал таълимотларини жорий қилди. Ушбу таълимотларга ихлос билан амал қилганлар оилавий бахт нашийдасини суриб келдилар ва келмоқдалар.
Маълумки, оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, охир-оқибат у чуқур таназзулга юз тутади.
Шунинг учун ҳам қадимдан ҳар бир жамият оила масаласига катта эътибор бериб, оилаларнинг мустаҳкам ва бахтиёр бўлиши учун имконида бор бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб келган. Зотан, соф инсоний табиат худди шундай бўлишини тақозо қилади.
Аммо минг афсуслар бўлсинким, кейинги пайтларда Ғарбдаги баъзи бир жамиятларда «ҳуррият», «шахс эркинлиги» деган сохта шиорларни рўкач қилиб олган айрим бузғунчилар «Оиланинг кераги йўқ, никоҳ шарт эмас, у инсоннинг эркини чеклаб қўяди» деган даъвони кўтариб чиқишди.
Яна минг афсуслар бўлсинким, бу сафсатага ишонадиганлар ҳам чиқдилар ва кўпайиб бормоқдалар. Охир оқибат ҳозирга келиб, кўплаб муаммолар келиб чиқди: инсоннинг соф табиатига зид бўлган ушбу дунёқарашга қул бўлган юртларда оиланинг қадри қолмади, оила аъзоларининг ўзаро эҳтиромлари, меҳр мурувватларига футур етди. Эркак ва аёллар ўз оиласида тинч-тотув яшашнинг ўрнига ҳаром-хариш кайфу сафога берилдилар. Насл-насаб ҳақида қайғуриш улар учун ёт нарсага айланди. Фарзанд орттириш, бола тарбия қилиш уларга ёқмай қолди...
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, бу масалаларда ҳам Аллоҳ таоло Ўз бандаларига енгилликни истаган ва уларга оила қуриб, ҳалол-пок яшашни амр қилган. Сиртдан қараганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осон бўлиб кўринади: Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. Номаҳрамга қарама, у билан ёлғиз қолма, уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлингнинг розилигини ол, маҳр бер, гувоҳ келтир ва ҳоказо – ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса: «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ бўлса нима қипти?!» дейишади. Бу йўл, албатта, содда ва осон кўринади, ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижаларни кўздан кечирганимизда, бу нарса яққол кўзга ташланади.
Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар албатта инқирозга учраганлигининг гувоҳи бўламиз. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқди. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ эркин бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади» каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжга чиқди. Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб, татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Тараққий этган Ғарб давлатларининг туб аҳолиси айнан жинсий инқилоб оқибатида даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлар туфайли бу дунёни тарк этмоқда, насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда, турли ақлий ва руҳий касалликлар урчимоқда.
Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеъликнинг йўқолиши – ОИТС касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда «XX аср вабоси» деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг асосий сабаби баччабозлик ва зино экани ҳеч кимга сир эмас. У билан касалланган одам тез муддатда азобланиб ўлиши ҳам барчага аён. Ҳамма даҳшатда. Бутун дунё тиббиёт олимлари ушбу дардга чалинмасликнинг йўлини ахтармоқдалар. Бу йўлда ҳисобсиз маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда, қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмокда. Лекин шаҳватга эргашиб, залолатга кетганлар биргина энг осон, энг ишончли Йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтирмаяптилар. Ақалли, ушбу касалнинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганларнинг ўзлари шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Улар аслида, шаҳватга банда бўлганликлари учун унга эргашганлар. Зоҳирий осон кўринган ишга ўзларини уриб, энди машаққатдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам Аллоҳ таоло кўрсатган йўлдан юрган бандаларнинг бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгиллиқда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
Албатта, Аллоҳ таолонинг иродасига, соф инсоний табиатга қарши борган ишларнинг оқибати яхши бўлмайди. Ҳалоллик ва поклик рамзи бўлган, инсон сулоласининг тарқалиб боришини таҳминлайдиган никоҳ ва оила каби илоҳий тизимларга қарши чиқиш кўп ўтмай, ўзининг «самара»сини бера бошлади. Никоҳни инсон жинсий ҳурриятини чеклайдиган зулм деб қараган, оилани эркинликнинг қамоғи деб биладиган жамиятларда аҳоли сони кескин камайиб кетди. Бу жамиятлар нафақахўрлар юртига айланиб бормоқда. Уларнинг кўпчилигида ҳозирги кунда нафақа ёшини ошириш борасида ҳукуматлар билан фуқаролар ўртасида жангу жадал авж олмоқда. Куч-қувват, чапдастлик, ёшлик, гўзаллик намойиши деб эътироф этилган спорт мусобақаларида ҳам оиланинг душманлари бўлган мазкур жамиятларда, ўз наслидан тарқалган ёшлар етишмаганлиги сабабли қора танли йигит-қизларни ёллаб олиб, ўз ватанлари номидан спорт мусобақаларида қатнаштирмоқдалар.
Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳадсиз шукрлар бўлсинким, мусулмон халқлар бу каби ташвишлардан холидирлар. Чунки улар ўз динлари – Ислом туфайли оилавий бахтни сақлаб қолганлар. Уларда никоҳнинг ҳурмати, эътибори ҳали-ҳануз мавжуд, оила аъзоларининг ўзаро эҳтиромлари нисбатан яхши. Мусулмон оилаларнинг мустаҳкамлиги бошқа халқларнинг ҳавасини келтирмоқда.
2009-йили Россиядаги баъзи сиёсатчиларнинг хотин қизлари оила бўйича ўзлари ўтказган илмий тадқиқотларнинг натижаларини эълон қилдилар. Мазкур натижалардан намуна келтиришга ижозат бергайсиз.
Россияда оила бузилиши 54,3% ни ташкил этади.
Таймир автоном вилоятида – 94%.
Чукотка автоном вилоятида – 83%.
Коряк автоном вилоятида – 80%.
Тадқиқот муаллифлари таққослаб кўриш учун мусулмонлари йўқ даражадаги юқоридаги уч минтақага муқобил равишда Россиянинг асосан мусулмонлар яшайдиган уч минтақасидаги оила бузилиши ҳақидаги ҳисоботни келтирадилар.
Чеченистонда – 4,3%.
Ингушистонда – 10%.
Доғистонда – 17%.
Шу билан бирга, мусулмонлар яшайдиган ушбу уч минтақа узоқ умр кўриш ва кўпболалик бўйича ҳам пешқадам ҳисобланадилар.
Тадқиқот муаллифлари юқоридаги рақамларни келтириш билан кифояланиб қолмай, ўз қавмларини никоҳ ва оила борасида мусулмонлардан ўрнак олишга чақирадилар. Албатта, Россиядек катта давлатда уларнинг ичида яшаб турган бошқа диндаги кишилардан намуна олишга чақириш учун катта жасорат керак. Чунки бошқалар бу чақириқни ёқтирмасликлари ҳам мумкин. Худди шунинг учун бўлса керак, юқорида эслаб ўтилган тадқиқот ва ундан келиб чиққан – мусулмонлардан ўрнак олиш ҳақидаги чақириқ тўғрисида мухбирлар рус православ черкови руҳонийининг фикрини билмоқчи бўлиб, уни саволга тутдилар. У киши: «Жуда тўғри гап. Мен ўзимдан яна шуни қўшимча қиламанки, биз оиладаги руҳий-маънавий тарбия борасида ҳам мусулмонлардан ўрнак олишимиз керак», деган жавобни берди.
Рус мутахассисларининг таъкидлашларича, Россиядаги оилаларнинг 66 фоизи фақат битта бола қолдиради. Охирги ўн йил давомида Россия аҳолиси ҳар йили тахминан 900 мингтага камайиб бормоқда. Давлат ва жамият бор имконини ишга солиб, бу ҳалокатдан қутулиш чораларини кўрмоқда. Россия федерацияси мажлиси раисининг ўринбосари А.Торшиннинг таъкидлашича, бу давлатда фақат мусулмонлардагина одам сони ортиб бормоқда.
2010-йилнинг иккинчи ярмида АҚШлик мутахассислар ўзларининг давлатлари оила бузилиши бўйича дунё бўйича энг юқори ўринда туришини эълон қилдилар.
Британияда ҳар 6та янги қурилган оила ҳиссасига 5та бузилган оила тўғри келади.
Соф табиатли одамни даҳшатга соладиган бунга ўхшаш маълумот ва ҳисоботларни истаганча келтириш мумкин. Лекин биз ҳозирги замонда бизга яқин шароитдаги ҳолатларда Франция, Америка, Британия ва Россияга тегишли хабарлардан денгиздан бир томчисини келтирдик, холос. Тасаввур ҳосил қилиш ва хулоса чиқариш учун шунинг ўзи ҳам кифоя қилади.
Демак, ҳозирги замон технологияси, моддий тараққиёти, динсизлик маданиятининг юксалиши оилани мустаҳкамлаш ўрнига унинг парчаланишига, йўқ бўлиб кетишига, бу борада турли муаммоларнинг келиб чиқишига олиб келар экан.
Бутун дунё, инсоният оила муаммосини ҳал қилиш борасида улкан ташвиш қаршисида турибди. Уни ҳал қилиш учун турли чораларни кўрмоқда ва истамоқда, нима қилишини билмай, бош қотирмоқда. Исломдан, ундаги оила тизимидан бироз бўлса ҳам хабардор бўлган баъзи кишилар ўз қавмларини бу борада мусулмонлардан ўрнак олишга чақирмоқдалар.
Аммо шу ўринда «Ҳамма мусулмонлар ҳам ушбу ҳолатдан хабардорми, улар ўзларининг оила ҳақида бошқалар ҳавас қилаётган ҳолатларининг бош сабабчиси динлари – Ислом эканини биладиларми?» деган ҳақли савол туғилади. Шу билан бирга, «Мусулмонларнинг ўзларида оила масаласи қандай, уларда бу борада муаммолар йўқми? Бўлса, қандай?» каби бир қанча саволлар ҳам пайдо бўлади.
Охирги пайтда оила ҳақида юқорида зикр қилинган ва қилинмаган масалалар бўйича алоҳида китоб таълиф қилиш нияти хаёлда тез-тез такрорланиб турарди. Шу билан бирга, бу борада аввал ёзилган нарсалар ҳам ёдга тушар эди. Оила ва унга боғлиқ муаммолар ўта муҳим бўлганлигидан, бу ҳақда алоҳида ва давомли фаолият зарурлиги сабабли, ўтган йигирма йилдан зиёд даврда деярли ҳар ҳафтада бир неча марта қилинадиган маърузалар, вақти-вақти билан бўлиб турадиган радио-эшиттиришларидан ташқари, бир қанча ёзувлар ҳам амалга оширилганлиги ҳаммага маълум эди.
Дастлаб «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасида бир неча мақолалар нашр қилган эдим. Кейинроқ ўша мақолаларга бошқа керакли маълумотларни қўшиб, «Оила – фароғат қасри» деган рисола чоп қилдик. «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласига оид «Никоҳ, талоқ ва идда китоби» чоп этилди. Аллоҳга шукрлар бўлсин, имкон топган кишиларимизга мазкур битиклардан фойда олиш насиб этди. Айниқса, «Никоҳ, талоқ ва идда китоби» чоп этилгандан сўнг кўплаб кишиларимиздан ташаккурлар ва фикр-мулоҳазалар тақдим қилинди.
Никоҳ тўйлари ва унга боғлиқ муносабатлар билан қилинадиган маърузаларимизда ўзимизга етган янги маълумотлар тақдим қилинганиданми, кўпчилик мактубларда «Фалон маърузанинг ёзилган нусхаси борми, бўлмаса, ёзиш нияти борми?» каби саволлар такрорланиб турибди. «Оила – фароғат қасри» китобини қаердан топсак бўлади?» деган саволлар ҳам борган сари кўпайиб бормоқда.
Ушбу ва бошқа бир қанча мулоҳазаларни эътиборга олиб, оила ва унга боғлиқ долзарб масалаларни баён этувчи алоҳида китоб ёзишни маъқул кўрдик. Аллоҳ субҳаанаҳу ва таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда бу ишни бошладик.
Яхши ният билан китобни «Бахтиёр оила» деб номладик. Бу ишни бизга Аллоҳ таолонинг Ўзи осон ва фойдали қилсин!
Сиз муҳтарам ўқувчилардан ушбу битиклардан бирор фойдали ва яхши нарса топсангиз, Аллоҳ таолонинг фазлидан деб, барча хато ва нуқсонларни камина ходимингиздан деб билишингизни сўраймиз.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2018 йилдаги 5650 -сонли тавсияси ила чоп этилган

 

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Номи: «Бахтиёр оила»
Нашриёт: «HILOL NASHR» Нашриёти
Сана: 2018 йил (2012, 2013, 2014, 2015, 2016, 2017, 2018)
Ҳажми: 528 бет
ISBN: 978-9943-5474-5-2
Ўлчами: 60×90 1/16
Муқоваси: Қаттиқ


Ушбу китобдан қуйидаги мавзуга оид маълумотлар олишингиз мумкин:

Инсоннинг жуфт қилиб яратилиши
Никоҳга тарғиб
Ишбошиларнинг бурчи
Никоҳнинг шаръий ҳукми
Умр йўлдошини танлаш
Никоҳи ҳаром қилинган аёллар
Муносиб келин
Муносиб куёв
Совчилик
Тиббий кўрикдан ўтиш
Фатво ва илмий баҳслар бўйича Европа мажлиси қарори
Совчиликдан кейин
Унаштириш
Ҳар ким ўз истаги билан никоҳланади
Никоҳга мажбурлаш йўқ
Никоҳда ишбошиларнинг розилиги
Муаммонинг ечими
Никоҳланиш
Маҳр ва унинг ҳукмлари
Маҳр ҳақида мулоҳаза
Никоҳ хутбаси
Келиннинг сепи ва уй анжомлари
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш
Никоҳ тўйи
Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зиммасида?
Никоҳ эълони ва унда кўнгилхушлик қилиш
Келин-куёв ҳаққига дуо қилиш
Куёвнинг келин ҳузурига дастлабки кириши
Жинсий яқинлик одоблари
Fусл. Fуслнинг фарзлари
Fуслнинг суннатлари
Fуслни вожиб қилувчи нарсалар
Суннат ғусллар
Ҳомиладор ва эмизиклиларга жинсий яқинлик жоиз
Эр-хотинлик ҳуқуқлари ҳақида
Оила доирасидаги ҳуқуқлар
Эр-хотин орасидаги муштарак ҳуқуқлар
Хотиннинг бурчлари
Эрнинг аёли олдидаги бурчлари
Эрнинг хотини олдидаги муомалавий бурчлари
Икки мақола
Рисоладаги эр
Рисоладаги хотин
Оилавий ҳаёт сокинликдир
Эркак ва аёл ақлидаги фарқ нимада?
Қудачилик алоқалари ҳақида
Фарзанд
Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари
Айбли ҳолдаги ҳомилани тушириб юбориш ҳақида
Фарзандга исм қўйиш
Боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш
Боланинг танглайини кўтариш
Болага ақийқа қилиш
Туғилган фарзанд қиз бўлса
Ақийқа маросими
Ўғил болани хатна қилдириш
Хатна маросими
Хатнада кўнгилхушлик қилиш
Болани қарамоғига олиш
Болага валийлик қилиш
Болалар нафақаси
Болага меҳрибонлик
Болалар орасида адолат қилиш
Фарзанд тарбияси
Балоғатга етган болаларнинг никоҳи
Ота-онанинг ҳақлари
Ота-онага итоатнинг чегараси
Ота-онага оққ бўлиш ҳақида
Ота-онага вафотларидан кейин яхшилик қилиш
Ота-онани йўқлаб таом улашиб, эҳсон қилиш
Қариндошларга силаи раҳм қилиш
Оилада келишмовчилик чиқса
Бош кўтариш содир бўлганда
Оила бузилишининг олдини олиш
Оила бузилишининг баъзи сабаблари
Сунъий урчитиш ҳақидаги қарор
Талоқ ҳақида маълумотлар
Аҳсан талоқ
Сунний талоқ
Бидъий талоқ
Боин талоқ
Кинояли талоқ
Талоқни тафвийз қилиш ҳақида
Таълийқ ҳақида
Қўшимча маълумотлар
Ражъат ҳақида
Хулуъ ҳақида
Жинсий ожизлик ҳақида
Идда ҳақида
Насиҳат. Талоқдан сақланиш

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
«Hilol-nashr» нашриёти
Мавзуга оид мақолалар
quotСоф табиат диниquot китобиСаййид Мубашшир Тарозийнинг .Соф табиат дини, номли китоблари нашрдан чиқди.Бундан юз йилча муқаддам ёзилган ушбу ихчам рисола давоми...

5107 05:00 / 02.02.2015
quotБозор ва унга боғлиқ масалаларquot китоби қайта нашр этилдиШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб .Бозор ва унга боғлиқ масалалар, давоми...

3475 05:00 / 02.02.2015
.Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир,Муаллиф Доктор Муҳаммад Саид Рамазон БутийНоми .Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи давоми...

2457 11:54 / 19.12.2018
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламларига мансуб .Мўминнинг нажоти муфассал закот китоби,.Сўз боши Ислом динининг беш рукнидан учинчиси бўлмиш давоми...

1663 11:23 / 12.11.2018
Аудиолар

133235 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53578 14:35 / 11.08.2021